Туркия суди Нетаняҳуни ҳибсга олишга халқаро ордер берди
Аввалроқ, Эрдўған Нетаняҳуга қарата қатъий огоҳлантириш бериб, у тез орада бутун дунё мусулмонларидан «тегишли сабоқ олишини» таъкидлаган эди.

Истанбулнинг 11-Олий жиноят суди Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуга нисбатан Интерполнинг қизил билдиришномасини чиқариш тўғрисида қарор қабул қилди. «Hürriyet» «Daily News» ва «Türkiye Gazetesi» нашрларининг хабар беришича, бу қарор Тел-Авив томонидан Ғазога инсонпарварлик ёрдами олиб кетаётган флотилиянинг тўхтатилиши ва эгаллаб олиниши билан боғлиқ.
Қарор марказида Ғазога ёрдам етказишга уринган «Global Sumud Flotilla» (GSF) гуманитар карвони турибди.
Талаб қилинаётган жазолар
Жорий йилнинг апрел ойида Истанбул прокуратураси кемаларнинг қуролли йўл билан эгаллаб олиниши муносабати билан Нетаняҳу ва яна 34 нафар Исроил расмийсига нисбатан айблов хулосасини эълон қилган эди. Прокуратура айбланувчиларнинг ҳар бирини умрбод қамоқ жазосига, шунингдек, қўшимча равишда 1102 йилдан 4596 йилгача озодликдан маҳрум қилишни талаб қилмоқда.
Прокуратура хулосасига кўра, Исроилнинг хатти-ҳаракатлари «халқаро ҳуқуқнинг асосий нормаларини очиқ ва қўпол равишда бузиш» ҳисобланади. Жараён кемаларни мажбуран тўхтатиш, тинч аҳолини куч ва зўравонлик ишлатиб ҳибсга олиш, жисмоний тазйиқ ўтказиш ва инсон қадр-қимматини камситувчи муомала билан бирга кечганлиги таъкидланган.
Ушбу жиноий иш фигурантлари қаторида фақатгина Нетаняҳу эмас, балки Исроилнинг бир қатор юқори лавозимли ҳарбий ва сиёсий раҳбарлари ҳам бор:
— Исраэл Кац (Исроил мудофаа вазири)
— Йоав Галант (Собиқ мудофаа вазири)
— Итамар Бен-Гвир (Миллий хавфсизлик вазири)
— Эял Замир (Бош штаб раҳбари) ва бошқалар.
Уларга нисбатан «геноцид», «инсониятга қарши жиноятлар», «озодликдан маҳрум қилиш», «қасддан баданга шикаст етказиш», «қийноққа солиш», «талончилик», «мулкни нобуд қилиш ёки шикастлаш» ҳамда «транспорт воситасини олиб қочиш» каби жиноятлар инкриминация қилинмоқда.
Ўз навбатида, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған май ойида Нетаняҳуга қарата қатъий огоҳлантириш бериб, у тез орада бутун дунё мусулмонларидан «тегишли сабоқ олишини» таъкидлаган эди.





