Украина уруши замонавий жанг қоидаларини ўзгартирмоқда

Бугун 08:252 дақиқа

Украинадаги можаро арзон ва оммавий қуроллар қиммат тизимлардан самаралироқ бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Бу Ғарб ҳарбий стратегиясини ўзгартирмоқда.

Украина уруши замонавий жанг қоидаларини ўзгартирмоқда

Украинанинг Россия босқинига қарши кураши арзон қуролларнинг ҳақиқий қиймати фақат уларнинг паст нархида эмаслигини кўрсатди. «Business Insider» нашрининг ёзишича, ҳамёнбоп ва оммавий ишлаб чиқариладиган қуроллардан фойдаланиш ҳарбийларга йўқотишларни осон қабул қилиш, душман мудофаасини ёриб ўтиш ва тактик устунликка эришиш имконини беради. Истеъфодаги авиация маршали Грег Бегвеллнинг таъкидлашича, арзон қуролларнинг асосий кучи уларнинг миқдорида бўлиб, бу душман тизимларини ишдан чиқаришга хизмат қилади.

«Сиз душман тизимини фалаж қилиш учун етарлича қурол ташлашингиз, сўнгра ҳосил бўлган бўшлиқдан фойдаланишингиз керак», — дейди Бегвелл. 

Арзон квадрокоптерлар ва бошқа воситалар алоҳида олинганда у қадар самарали бўлмаслиги мумкин, бироқ уларнинг сони йўқотишлар ўрнини қоплаш ва пировард натижага эришиш имконини беради. Бу ёндашув қимматбаҳо ва юқори технологик қуролларга таянадиган анъанавий ҳарбий стратегияларга жиддий шубҳа остига қўймоқда.

Украина Миллий мудофаа саноати ассоциацияси бош директори Сергей Гончаровнинг фикрича, битта юқори технологик «Archer» тизими Украина оммавий ишлаб чиқара оладиган 200 та арзон «Богдана» гаубицаси билан рақобатлаша олмайди.

Ғарб стратегияси ўзгармоқда

Дания Мудофаа вазири Троелс Лунд Поулсен Украина урушидан олинган энг катта сабоқ — Ғарбга юқори интенсивлиликдаги урушлар учун анча кўп миқдордаги арзон қуроллар кераклигини таъкидлади. Илгари Ғарб армиялари фақат «озгина ва созгина» тамойилига таянган бўлса, эндиликда сон ва сифат ўртасидаги мувозанатни қайта кўриб чиқишмоқда.

Арзон қуроллар нафақат бюджетни тежайди, балки узоқ давом этадиган можароларда армиянинг мослашувчанлиги ва барқарорлигини таъминлайди. Бу тажриба НАТО мамлакатлари ҳарбий доктриналарига янгича ёндашув олиб кирмоқда. Эндиликда ҳарбий буюртмаларда оммавийлик ва тезкор алмаштириш имкониятига эга бўлган тизимларга эътибор кучаймоқда.

Миқёс ва мослашувчанлик

Арзон қуролларнинг оммавий қўлланилиши душманнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини чалғитиш ва ресурсларини тугатиш учун энг самарали йўлдир. Қимматбаҳо ракеталарни арзон дронларни уриб туширишга сарфлаш иқтисодий жиҳатдан зарарли бўлиб, бу стратегик тузоқ вазифасини ўтайди. Украина айнан шу усул орқали техник жиҳатдан устун бўлган душманга қарши мувозанатни сақлаб турибди.

Теглар

Мавзуга оид