Уруш оқибати: Европада авиаинқироз яқин

2024 йили 747 миллион сайёҳни қабул қилган Европа ёзги мавсум арафасида жиддий хавфга дуч келди. Авиаёқилғи танқислиги ортидан миллионлаб парвозлар бекор қилиниши ва саёҳат режалари барбод бўлиши мумкин.

Уруш оқибати: Европада авиаинқироз яқин © Reuters

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганига етти ҳафта тўлди. Бу вақт ичида қатор ҳаво ҳудудлари ёпилди, авиация соҳаси эса мисли кўрилмаган бўҳронга юз тутди. Натижада, минтақа орқали учадиган авиакомпаниялар юзлаб рейсларни бекор қилишга ва парвоз йўналишларини ўзгартиришга мажбур бўлди.

Вазият эндигина бироз барқарорлашаётгандек кўринган бир пайтда, янги ва янада жиддийроқ муаммо — авиаёқилғи тақчиллиги юзага келди. Бу эса ёзги мавсум арафасида Европа бўйлаб парвозларнинг бутунлай тўхтаб қолишига олиб келиши мумкин.

16 апрел куни Халқаро энергетика агентлиги раҳбари Фотиҳ Бирол «Associated Press» ахборот агентлигига берган интервюсида Европада «тахминан олти ҳафталик реактив ёқилғи қолганини» маълум қилди. У ўтган ҳафта Эрон ва АҚШ ўртасида икки ҳафталик сулҳ эълон қилинганига қарамай, уруш туфайли нефт етказиб бериш тўхтаб қолса, «яқин орада» авиарейслар бекор қилиниши мумкинлигидан огоҳлантирди.

1

Инқирознинг асосий сабаби Ҳўрмуз бўғози билан боғлиқ. Мазкур бўғоз дунёдаги нефт ва суюлтирилган газнинг бешдан бир қисми ўтадиган ўта муҳим сув йўли ҳисобланади. Айни пайтда АҚШ ва Эрон ўртасидаги зиддият сабабли бу йўл ёпиб қўйилган.

Таъминотдаги узилишлар дунё бозорида энергия нархини кескин ошириб юборди. Урушдан олдин 66 доллар бўлган «Brent» нефтининг нархи 100 доллардан ошиб кетди.

Вазият шу даражага етдики, ҳукуматлар ўзларининг стратегик захираларини очишга мажбур бўлишмоқда. Буюк Британия эса бўғозни қайта очиш мақсадида 40 дан ортиқ давлат иштирокида янги коалиция тузиш бўйича музокараларни бошлади (бу коалицияда АҚШ иштирок этмаяпти).

Европа авиацияси Яқин Шарқ ёқилғисига ўта боғланиб қолган. Минтақа авиаёқилғи импортининг 75 фоизи айнан Яқин Шарқ ҳиссасига тўғри келади. Шу сабабли таъминотдаги ҳар қандай узилиш Европа авиакомпаниялари учун ҳалокатли зарба бўлади.

Маълумки, ёз фасли Европа учун энг гавжум сайёҳлик мавсуми саналади. Биргина 2024 йилда қитъага 747 миллион сайёҳ ташриф буюрган. Энди миллионлаб инсонларнинг саёҳат режалари барбод бўлиш хавфи остида қолмоқда.

2

Авиаёқилғи нима?

Авиаёқилғигаз турбинали двигателга эга самолётлар учун мўлжалланган, керосин асосидаги тозаланган ва рангсиз нефт маҳсулотидир. У асосан Jet A ва Jet A-1 маркалари кўринишида учрайди. Совуқ иқлимли ҳудудларда эса самолётлар учун Jet B туридан фойдаланилади.

Ушбу ёқилғи асосан Хитой, Яқин Шарқ ва АҚШдаги нефтни қайта ишлаш заводларида ишлаб чиқарилади. Ушбу ихтисослаштирилган нефтни қайта ишлаш заводлари «Shell», «ExxonMobil» ва «Saudi Aramco» каби дунёдаги энг йирик нефт компаниялари томонидан бошқарилади.

Одатда авиаёқилғи йирик аэропортлар яқинидаги омборларда ёки махсус ёқилғи базаларида сақланади. У ердан самолётларга ё ер ости гидрант тизимлари, ёки махсус ёқилғи ташувчи машиналар орқали етказиб берилади.

«Energy Intelligence» таҳлилий порталининг маълумотларига кўра, 2025 йилда дунё бўйлаб авиаёқилғи истеъмоли кунига 7,788 миллион баррелни ташкил этган. 2026 йилда эса бу кўрсаткич 2,6 фоизга ошиб, 7,988 миллион баррелга етиши кутилган. 

Европа хавотир билдирмоқда

Европанинг авиация бирлашмалари, хусусан, Халқаро аэропортлар кенгашининг Европа бўлими ёқилғи тақчиллиги минтақа иқтисодиётига жиддий зарар етказишидан огоҳлантириб, Европа Комиссиясига махсус мактуб йўллади.

Айни пайтда Европанинг ёқилғи омборларида захиралар камайиб бормоқда, АҚШ ва бошқа давлатлардан келаётган муқобил таъминот эса Яқин Шарқдан йўқотилган ҳажм ўрнини тўлиқ боса олмаяпти.

Жорий йилнинг 18 мартида Европада авиаёқилғи нархи рекорд даражадаги 1 800 долларга (бир тонна учун) кўтарилди, апрел ойида эса нархлар бироз пасайди.

Бир нечта аэропортлар агар Ҳўрмуз бўғози ёпиқ қолса, яқин уч ҳафта ичида ёқилғи танқислигига дуч келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.

Бундан ташқари, агар бўғоздаги ҳаракат тўхтаб қолса, баъзи нефт маҳсулотлари бозордан бутунлай ғойиб бўлиши мумкин.

Халқаро энергетика агентлиги раҳбари Фотиҳ Бирол яқин орада Европадаги шаҳарлараро рейслар авиаёқилғи йўқлиги сабабли бекор қилиниши ҳақидаги хабарлар пайдо бўлишини таъкидлади.

3

Шунингдек, Германиянинг «Lufthansa» авиакомпанияси ёқилғи нархининг кескин ошиши ва иш ташлашлар оқибатида кўрилаётган зарарни камайтириш мақсадида ўзининг «CityLine» ҳудудий бўлинмасини ёпишини эълон қилди.

Теглар

Мавзуга оид

Уруш оқибати: Европада авиаинқироз яқин | Vaqt.uz