
Яна битта «Humo», қармоққа илинган автомобиллардаги рекламалар ва метастерон қабул қилган Муллажонов — 14 ноябр дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Лазизбек Муллажонов уч йилга дисквалификация қилинди
Ўзбекистонлик боксчи, 2024 йилги Олимпиада чемпиони Лазизбек Муллажонов допинг қоидаларини бузгани учун уч йил муддатга мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Бу ҳақда World Boxing федерациясига қарашли мустақил антидопинг дастурини юритувчи Халқаро тест агентлиги (ITA) расман маълум қилди.
ITA хабарига кўра, 2025 йил июн ойида спортчидан мусобақадан ташқари олинган допинг намунасида тақиқланган анаболик стероид — метастерон метаболит моддаси аниқланган. Муллажонов бу моддани қабул қилганини тан олгани учун, унинг жазо муддати стандарт тўрт йил эмас, балки уч йил этиб белгиланди.
Жаҳон антидопинг агентлиги (WADA) томонидан тақиқланган ва носпецифик моддалар қаторига киритилган метастерон мушак массаси ва кучини оширадиган синтетик анаболик стероид ҳисобланади.
Тўқаев давлат ташрифи билан Ўзбекистонга етиб келди
14 ноябр куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабабр берди.
Олий мартабали меҳмонни аэропортда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди.
Давлат раҳбарлари «Тошкент-Ҳумо» халқаро аэропортида суҳбат ўтказдилар.
Суҳбатда Ўзбекистон – Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистоннинг АҚШга экспорти 2017–2024 йиллар давомида деярли 10 баробарга ўсди
2017–2024 йилларда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо айланмаси 4,1 баробарга — 215 млн доллардан 881,7 млн долларга етди. Экспорт ҳажми 9,9 баробарга ўсиб, 32,1 млн доллардан 317,4 млн долларгача кўтарилган. Импорт ҳажми эса 3,1 баробарга ошиб, 182,9 млн доллардан 564,3 млн долларга етди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари Хуршид Асадовнинг келтиришича, Ўзбекистоннинг умумий товар айланмасида АҚШ улуши 0,8 фоиздан 1,3 фоизгача ўсди. Экспортда 0,3 фоиздан 1,2 фоизгача, импортда эса 1,3 фоиздан 1,4 фоизгача кўтарилгани қайд этилган.
Маълумотларга кўра, сўнгги саккиз йилда АҚШдан тўғридан-тўғри инвестициялар ва кредитлар оқими сезиларли даражада ошган. 2017 йилда бу кўрсаткич 8,6 млн долларни ташкил этган бўлса, 2024 йилда 63 баробарга ўсган ва 545,9 млн долларга етган. Умумий ҳисобда 2017–2024 йилларда АҚШдан Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган тўғридан-тўғри инвестициялар ва кредитлар 2,6 млрд доллардан ошди.
Тошкентда автомобиллардаги рекламалар ҳам олиб ташланмоқда
Тошкент шаҳрида автомобилларга паспортисиз ўрнатилган рекламаларни аниқлаш ва олиб ташлаш бўйича рейдлар давом этмоқда. Ҳокимлик маълумотича, сўнгги текширувларда 470 та реклама ўрнатилган автоулов кўрикдан ўтказилган ва уларнинг 390 тасида реклама паспорти йўқлиги аниқланган. «Реклама тўғрисида»ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 104-сон қарори талаблари бузилган ҳолатлар бўйича чоралар кўрилган. Ҳайдовчиларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилган, 389 та огоҳлантириш хати топширилган ва бир автомобиль жарима майдонига жойлаштирилган.
Ушбу тадбирлар ҳокимлик, ЙҲХБ ва Рақобат қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилмоқда. Мақсад — рекламани қонуний тартибга солиш ва шаҳар қиёфасини яхлит сақлаш. Реклама жойлаштириш учун my.gov.uz орқали паспорт олиниши кераклиги эслатилган. Ҳокимлик аввал ҳам ноқонуний рекламалар, ягона дизайн-кодга зид ёзувлар ва ҳужжатсиз пешлавҳаларни олиб ташлашни бошлаган эди. Яқинда эса тадбиркорлар дўкон ва дорихона пешлавҳаларини ҳам реклама деб баҳолаш амалиётидан норозилик билдиришган. Хокимлик фикрига кўра, реклама қонунийлиги шаҳар қиёфаси ва тадбиркор обрўси учун муҳим ҳисобланади.
Тошкентда яна бир муҳим иншоот «Ҳумо» номини олди
Президент матбуот хизматига кўра, аввал «Тошкент-Шарқий» номи билан белгиланган аэропорт энди расман «Тошкент Ҳумо» халқаро аэропорти деб номланди. Бошланишида ҳарбий ва махсус юк ташишга мўлжалланган аэродром 2017 йилда фуқаролик авиациясига мослаштирилиб, олий мартабали меҳмонларни қабул қилиш учун замонавий аэропорт мажмуасига айлантириш бўйича қарор қабул қилинган эди. Сўнгги йилларда учиш-қўниш йўлаги реконструкция қилинди, перрон ва ангарлар янгиланди, VIP/CIP терминаллари барпо этилди, хавфсизлик ва навигация тизимлари халқаро стандартларга яқин даражада такомиллаштирилди.
Аэропортнинг «Ҳумо» деб номланиши унинг мақоми бизнес-авиациядан кенг кўламли халқаро рейсларгача кенгайганини англатади. Бу Тошкентдаги асосий аэропорт юкламасини камайтириб, чартер, президент ва халқаро делегациялар парвозлари учун алоҳида иншоот яратади. Ҳозир пойтахтда икки муҳим авиация объекти мавжуд бўлиб, янги «Тошкент Ҳумо» аэропорти стратегик манёвр, хавфсизлик ва йирик тадбирларни қабул қилиш имкониятларини кенгайтиради. Шунингдек, пойтахтда «Ҳумо арена» спорт мажмуаси ҳамда «Humo» тўлов тизими ҳам мавжуд бўлиб, шаҳарда ушбу бренднинг янада мустаҳкамланиши кузатилмоқда.





