
Европага виза, Жавоҳир Синдаровга 3 хонали хонадон ва таомига чанг тушаётган яшнободликлар — 27 ноябр дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистон олтин даромадларини эҳтиёткорлик билан бошқариши керак — ХВЖ
Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонга олтин нархи кескин ошиб бораётган шароитда бюджет даромадлари ва валюта курсини эҳтиёткорлик билан бошқаришни тавсия қилди. Миссия якуний хулосаларига кўра, олтин қимматининг ўсиши мамлакат учун бир вақтнинг ўзида ҳам имконият, ҳам молиявий хавф бўлиши мумкин. 2025 йилнинг тўққиз ойида ЯИМ 7,6 фоизга ўсди, инфляция эса маъмурий энергия тарифлари таъсирининг пасайиши ва пул-кредит сиёсатининг қатъийлиги ҳисобига секинлашди. Халқаро резервлар 12 ойлик импортни қоплайдиган даражада, олтин экспорти ва пул ўтказмалари эса ташқи ҳисобларни яхшилаган.
Шу билан бирга, ХВЖ чакана кредитлаш тез суръатда ошиб бораётганини, бюджетда режадан юқори даромадлар ва имтиёзли кредит дастурлари инфляция хавфларини кучайтираётганини қайд этди. Жамғарма харажатларни олтиндан келаётган вақтинчалик даромадлар ҳисобига кескин оширмаслик, буфер молиявий захираларни тўплаш, ички талаб босимини чеклаш ва валюта курсининг ортиқча мустаҳкамланишига йўл қўймасликни тавсия қилади. Ташкилотга кўра, юқори олтин нархи ва иқтисодий ўсиш яқин йилларда ислоҳотларни тезлаштириш учун яхши шароит яратмоқда.
Ўзбекистондан Европага ишга бориш учун виза олиш осонлашиши мумкин
Тошкентда Ўзбекистон ТИВ раҳбарияти ва Халқаро миграция сиёсатини ривожлантириш маркази ўртасида ўтган учрашувда Европага ишга кетадиган ўзбекистонликлар учун виза талабларини соддалаштириш масалалари муҳокама қилинди. Суҳбат давомида миграция жараёнларини тизимлаш, Европа меҳнат бозорида талаб юқори бўлган соҳалар учун мутахассислар тайёрлаш дастурларини кенгайтириш ва марказнинг таълим платформаларида ўзбекистонлик кадрлар иштирокини оширишга келишилди. Ташкилот ҳукуматлараро ҳужжатларни тезлаштирилган тартибда келишишга кўмак беришини маълум қилди.
Учрашувда Швециядан қайтган фуқароларни реабилитация қилиш ва жамиятга қайта интеграциялаш механизмларини такомиллаштириш, BOMCA-11 дастури доирасидаги амалий натижалар ҳам муҳокама этилди. Шунингдек, марказнинг Ўзбекистонда тўлақонли ваколатхонаси очилаётгани маълум қилинди. Халқаро миграция сиёсатини ривожлантириш маркази 21 давлатни бирлаштирадиган ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, 1993 йилда Австрия ва Швейцария томонидан ташкил этилган.
Жавоҳир Синдаровга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи» унвони берилди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Синдаров Жавоҳир Санжарбековичга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони берилди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
«Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан мамлакатимизда шахмат спорт турини янада ривожлантиришга, халқимиз ўртасида ушбу спорт турини оммалаштиришга қўшаётган улкан ҳиссаси, эл-юртимиз олдидаги фарзандлик бурчига содиқ қолиб, азму шижоати, юксак ирода ва маҳоратини, ватанпарварлик фазилатларини яққол намоён этгани, жаҳон миқёсида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, юқори натижага эришгани, Янги Ўзбекистоннинг обрў-эътиборини дунёга тараннум қилиш, ёшларимизни она юртга муҳаббат, миллий ғурур ва ифтихор туйғулари руҳида тарбиялаш борасидаги алоҳида хизматлари учун шахмат бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Синдаров Жавоҳир Санжарбековичга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони берилди», — дейилади хабарда.
Шунингдек, Жаҳон кубоги соҳиби бўлган шахматчига Президент совғаси - 3 хонали хонадон, унинг мураббийларига эса пул мукофотлари берилиши айтилди.
«Буйруқ бор, кесинглар» — Булунғурда мингга яқин дарахт аҳолига кестирилгани айтилмоқда
Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги Оқтепа канали реконструкцияси жараёнида мингга яқин дарахт кесилгани маълум қилинди. «Замон» дастурига кўра, Келдон, Небўса, Ўроқли, Гулзор ва Мингчинор маҳаллалари ҳудудидан ўтувчи канал бўйида терак, тол, тут, ёнғоқ каби турлар мораторийга зид равишда йиқитилган. Экология қўмитаси маслаҳатчиси Расул Кушербоев кесиш сув танқислиги авж олган бир пайтда амалга оширилганини кескин танқид қилди ва дарахтларнинг кўкариши учун зарур бўлган шароитлар йўқолиб бораётганини қайд этди.
Энг кўп муҳокамага сабаб бўлган ҳолат — айрим дарахтларни аҳолининг ўзига кестирилгани ва канал назоратчиси томонидан «президент қарори бор» дея кўрсатма берилгани ҳақидаги даъволар бўлди. Хабарга кўра, кесилган дарахт таналари фуқароларга қолдирилган, бироқ уларнинг ярим қийматини ирригация тизими бошқармасига тўлаш талаб қилинган. Бу ҳолат кесишнинг қонунийлиги ва давлат органларининг амалий назоратига оид жиддий саволларни пайдо қилган.
«Еяётган таомимизгача чанг тушаяпти» — Яшнободдаги маҳаллалар тoш майдалаш завoдларидан азият чекмоқда
Тошкентнинг Яшнобод туманидаги Боғзор ва Олмос маҳаллалари аҳолиси йиллар давомида фаолият юритиб келаётган тош майдалаш заводлари ҳавога тарқатаётган катта миқдордаги чанг ва зарарли заррачалардан азият чекмоқда. Мурожаатларга кўра, заводлар Чирчиқ дарёсидан қум-шағал қазиб олиб, уни майдалаш жараёнида чанг ва тош кукунлари 200–300 метр узоқликдаги уйлар ичигача кириб боради. Бу эса йўтал, аллергия, астма, нафас йўллари ва юрак-қон томир касалликлари оммалашишига сабаб бўлмоқда. Заводлар экологик меъёрларга мос замонавий фильтрлаш ёки сув сепиш тизимлари билан жиҳозланмагани, шу туфайли аҳоли ҳар куни кучли экологик хавф остида қолётгани таъкидланади.
Аҳолига кўра, заводлар фаолияти нафақат саломатликка, балки Чирчиқ дарёсининг ўзанига ҳам тикланмас зарар етказмоқда. Мурожаатда заводлар аҳоли яшаш ҳудудидан хавфсиз масофага кўчирилиши ёки қонунбузилишлар тасдиқланса, фаолияти тўхтатилиши сўралган. Шу билан бирга, фильтрлаш ва чангсизлантириш технологияларини жорий этиш, ҳаво сифати мониторларини ўрнатиш, аҳоли, айниқса болалар учун профилактик тиббий кўриклар ташкил этиш талаб қилинмоқда. Аҳоли муаммо юзасидан бир неча йилдан бери идораларга мурожаат қилган бўлса-да, масала ҳал этилмагани қайд этилган.





