
Йўл қоидаларини бузганларга жарима ўрнига энди оғзаки огоҳлантириш ҳам берилади
Сенат томонидан кўриб чиқилган янги Қонун ҳайдовчилар ва пиёдаларга тегишли маъмурий жазо тизимини инсонпарварроқ қилишга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисида «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги Қонун муҳокама қилиниб, маъқулланди.
Сенаторларнинг таъкидлашича сўнгги йилларда ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш маданиятини ошириш, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда йўл ҳаракатини тўлиқ рақамлаштириш борасида қатор ҳуқуқий асослар яратилди. Бу чоралар туфайли 2025 йилнинг 8 ойи давомида йўл-транспорт ҳодисалари сони 2,4 фоизга, тан жароҳати билан боғлиқ ҳолатлар 1,5 фоизга, ўлим ҳолатлари эса 5,6 фоизга камайган.
Шу билан бирга, таъкидланишича, маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва фуқароларда қонунга итоаткорлик ҳиссини кучайтиришда мавжуд тизим кутилган натижа бермаяпти. Шу боис, айрим хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, илк марта кам аҳамиятли ҳуқуқбузарлик содир этган фуқароларга жарима эмас, балки «оғзаки огоҳлантириш» чорасини қўллаш амалиёти жорий этилади. Бу фуқароларга ўз хатти-ҳаракатининг оқибатларини тушунтириш ва қайта содир этилишини олдини олишга хизмат қилади.
Қонунга киритилган асосий ўзгартиришлар қуйидагича:
1. Кодекс янги 171-модда билан тўлдирилиб, фото ва видео қайд этиш воситалари орқали аниқланадиган қоидабузарликлар турлари белгилаб берилади.
2. 241-моддага ўзгартиш киритилиб, маъмурий жазо сифатида «маъмурий огоҳлантиришю чораси жорий этилади.
3. Йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус автоматлаштирилган техника воситалари орқали қайд этилган ҳолларда жазо чораси ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмай қўлланилиши аниқ белгилаб қўйилади.
Қонуннинг қабул қилиниши аҳоли учун автомобиллардан фойдаланишда қулайликлар яратиш, маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.





