
Зойир Мирзаев Ҳолливудда: Флоридада Тошкент вилояти ваколатхонаси очилди
Янги ваколатхона вилоятнинг иқтисодий, маданий ва туристик салоҳиятини АҚШда кенг тарғиб этиш, шунингдек, америкалик бизнес ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишда муҳим платформа вазифасини бажариши айтилмоқда.

АҚШнинг Флорида штати Ҳолливуд шаҳрида Тошкент вилоятининг ваколатхонаси расман иш фаолиятини бошлади. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлигининг ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, ваколатхона ҳоким Зоир Мирзаев бошчилигидаги делегациянинг АҚШга хизмат сафари доирасида очилган. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад Тошкент вилоятининг халқаро иқтисодий алоқаларини ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва икки томонлама савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг янги имкониятларини яратишдир.
«Янги ваколатхона — вилоятнинг иқтисодий, маданий ва туристик салоҳиятини АҚШда кенг тарғиб этиш, шунингдек, америкалик бизнес ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишда муҳим платформа вазифасини бажаради», — дейилади ҳокимлик хабарида.
Таъкидланишича, Тошкент вилояти ва Ҳолливуд шаҳри ўртасида бир қанча йўналишларда қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу борада мазкур ваколатхона орқали вилоятдаги тадбиркорлар ва экспортёрлар учун АҚШ бозорига чиқишда амалий кўмак кўрсатиш, ишбилармон доиралар ўртасида ҳамкорлик кўприкларини яратиш кўзда тутилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар сўнгги ойларда янада фаоллашган. Президент Шавкат Мирзиёев фармони билан Америка–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ташкил этилиб, Саида Мирзиёева унга ҳамраиси этиб тайинланганди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон АҚШда ватандошлар кўп яшайдиган Филаделфия, Чикаго, Орландо ва Сиэтл шаҳарларида янги консулхоналар очишни режалаштирмоқда. Улар диаспора билан ишлашдан ташқари, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.





