АҚШнинг Россияга нисбатан янги санкциялари рўйхатидан ўзбекистонлик шахс жой олди

25.02.2026 | 08:552 daqiqa

OFAC рўйхатига 4 шахс ва 3 компания киритилди. Улардан бири ўзбекистонлик. Чекловлар CAATSA ва киберфаолият билан боғлиқ қонунлар асосида жорий этилди.

АҚШнинг Россияга нисбатан янги санкциялари рўйхатидан ўзбекистонлик шахс жой олди

АҚШ Молия вазирлиги Россияга қарши санкциялар рўйхатини кенгайтирди. Мазкур қарор АҚШ Молия вазирлиги ҳузуридаги Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси — OFAC маълумотларида эълон қилинди. Янги чекловлар доирасида тўрт нафар жисмоний шахс ва учта ташкилот санкция рўйхатига киритилди.

Рўйхатга Россия фуқаролари Сергей Зеленюк, Олег Кучеров ва Марина Васанович, шунингдек Ўзбекистон фуқароси Азизжон Мамашоев киритилган. Шу билан бирга, БААда рўйхатдан ўтган «Advance Security Solutions» ва «Special Technology Services LLC FZ» ҳамда Россиянинг «MATRIX LLC» компаниясига нисбатан ҳам чекловлар жорий этилди.

 

Қонун ва асослар

АҚШ Молия вазирлиги санкцияларни CAATSA қонуни, интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузиш билан боғлиқ санкциялар ҳамда киберфаолиятга оид чоралар асосида жорий этганини маълум қилди. Бу чекловлар молиявий операциялар, активларни музлатиш ва АҚШ тизими орқали амалга ошириладиган ҳисоб-китобларга таъсир кўрсатиши мумкин.

OFAC рўйхатига киритилган шахслар ва компаниялар билан АҚШ шахслари ва ташкилотлари учун ҳамкорлик тақиқланади.

 

Британия ҳам қўшилди

Шу куни Буюк Британия Молия вазирлиги ҳам Россияга нисбатан санкциялар рўйхатини 297 позицияга кенгайтирди. Янги чекловлар доирасида тўққизта Россия банки, «Росатом»га тегишли учта тузилма, «Транснефт» ва суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқарувчи бир қатор корхоналар рўйхатга киритилди.

Экспертларнинг фикрича, АҚШ ва Британия томонидан санкция босимининг кучайтирилиши Россия молия ва энергетика секторларига қўшимча босим ўтказиши мумкин. Шу билан бирга, бу чекловлар халқаро тўловлар ва логистика занжирларига ҳам таъсир кўрсатиши эҳтимолдан холи эмас.

Teglar

Mavzuga oid