«Кулранг бозор»: Хорижий машиналар Россияга қандай кирмоқда?
Санкциялар жорий этилганига қарамай, махсус экспорт схемалари орқали BMW, «Mercedes», «Toyota» ва «Mazda» каби брендлар Россия бозорига етиб бормоқда. Бу механизмда Хитой асосий боғловчи бўлиб хизмат қилмоқда.

Хитойдан Россияга ўн минглаб автомобиллар «кулранг бозор» схемалари орқали экспорт қилинмоқда. Бу ҳақда рўйхатдан ўтказиш маълумотлари ва ушбу савдода иштирок этган беш нафар манбага таяниб, «Reuters» хабар берди.
Схемалар кўпинча Ғарб ва Осиё давлатлари жорий этган санкцияларни, шунингдек, автомобил ишлаб чиқарувчиларининг Россия бозоридан чиқиш бўйича мажбуриятларини четлаб ўтишга имкон беради.
Санкциялар ва компанияларнинг бундай ваъдалари Россиянинг 2022 йилда Украинага бостириб киришига жавоб сифатида қабул қилинган эди. Бироқ Россиянинг «Autostat» тадқиқот компанияси маълумотларига кўра, «Toyota» ва «Mazda» автомобилларидан тортиб, немис люкс моделларигача бўлган машиналар савдоси ҳали ҳам жадал давом этмоқда. Бу, қисман, Россия дилерларига Хитойдаги воситачилар орқали буюртма бериш имконини яратадиган норасмий тармоқлар ҳисобига амалга ошмоқда.
Маълумотлар ва манбаларга кўра, ушбу автомобилларнинг аксарияти Хитойда ишлаб чиқарилган, чунки кўплаб халқаро брендлар у ерда маҳаллий ҳамкорлар билан машина йиғади ёки бошқа давлатларда ишлаб чиқарилиб, кейин Хитой орқали юборилади. Шунга қўшимча равишда, «нол юришли ишлатилган» автомобиллар сони ортиб бормоқда: бу янги машиналар бўлиб, дилерлар ёки савдогарлар томонидан Хитойда сотилган деб расмийлаштирилади, сўнгра «ишлатилган» деб қайта таснифланиб, экспорт қилинади.
Қайд этилишича, ўтган йили ёритган бу амалиёт Хитойдаги кучли субсидияланган ва ўта рақобатли автомобил бозорининг натижаси ҳисобланади. Бу ҳолат ишлаб чиқарувчилар ва дилерларга сотув кўрсаткичларини сунъий равишда ошириш, субсидиялар олиш ва ортиқча автомобилларни экспорт қилиш имконини беради. Сичуанда жойлашган автосавдо компаниясида собиқ экспортчи бўлган Жан Ай Жзюннинг айтишича, Европа, Япония ва Жанубий Корея брендларига тегишли янги машиналар «ишлатилган» деб расмийлаштирилади ва шу йўл билан ишлаб чиқарувчининг Россияга сотиш бўйича розилигини олиш талабидан қочилади.
«Бу усул билан экспорт қилиш осонроқ», – дейди у.
«Reuters» россиялик дилер ва транспорт ҳужжатларига таяниб, «нол юришли ишлатилган» автомобиллар Хитойда одатда катта чегирмалар билан сотилишига қарамай, Россияда улар ҳеч қачон рўйхатдан ўтказилмаган янги автомобиллар билан деярли бир хил нархда сотилмоқда, дея хабар берди.
Москвадаги «Panavto-Zapad» автосалони савдо директори Дмитрий Зазулиннинг айтишича, кўплаб мижозлар фақат Ғарб брендларига, масалан «Mercedes» автомобилларига қизиқади.
«Бироқ ҳозирда биз уларни фақат параллел каналлар орқали олиб кела оламиз», – дейди у.
«Mercedes-Benz», BMW, «Volkswagen» ва санкциялар жорий этган ҳудудларга мансуб бошқа автомобил ишлаб чиқарувчилар Россияга сотувни тақиқлаганини ва рухсатсиз экспортнинг олдини олиш учун дилерлар билан ўрганишлар ўтказиш ва шартномавий бандлар киритиш орқали барча имкониятларини ишга солаётганини маълум қилди. Бироқ улар бундай қоидабузарликларни текшириш жуда қийин эканини таъкидлади. «Mercedes» баёнотига кўра, бундай текширувлар «вақт талаб қиладиган ва мураккаб» бўлиб, учинчи томонлар ёрдамини талаб этади.
BMWнинг маълум қилишича, у Хитойдаги чакана фаолиятига Россияга ҳар қандай эҳтимолий автомобил экспортларига қатъий қарши туришини айтиб қўйган. Компания қўшимча қилиб шундай деган:
«Агар машиналар шунга қарамасдан кулранг бозор орқали Россияга кирса, бу бизнинг назорат ҳудудимиздан ташқари ва аниқ равишда биз истамаган ҳолда содир бўлади», – дейилади BMW изоҳида.
«Reuters»нинг исми сир қолишини истаган (россиялик дилер) манбасининг айтишича, унинг Владивостокдаги автосалонида чекланган хорижий машиналар омборда сақланмайди, балки мижозлар буюртмасини қондириш учун уларни Хитойдаги савдогарлардан алоҳида-алоҳида сотиб олади.
«Кўпгина воситачилар бор: бу бири бошқасини билса, ўша бири яна бошқасини билса, ва шу орқали дилерга етиши мумкин», – дейди у.
Савдо ҳажми
«Autostat» тўплаган маълумотлар минглаб автомобиллар савдосини акс эттиради. Маълумотлар шуни кўрсатадики, Хитойдан импорт қилинган машиналар Россияда рўйхатдан ўтган барча Ғарб ва Япон брендлари автомобилларининг тобора каттароқ улушини ташкил этади, шунингдек, Жанубий Корея брендлари ҳам доимий ҳажмда савдога чиқмоқда.
Маълумотларга кўра, 2023 йилдан бери Хитойда ишлаб чиқарилган бундай машиналар сони икки бараварга кўпайган. 2025 йилда Россияда сотилган қарийб 130,000 та санкциялар жорий қилган давлатлар брендларига тегишли машиналарнинг ярми айнан Хитойда ишлаб чиқарилган. 2022 йил бошида Россия Украинага босқин бошлаганидан бери, Россияда бу турдаги хорижий брендлардан 700,000 дан ортиқ автомобил сотилган.

«Autostat» маълумотлари шуни кўрсатдики, россияликлар ўтган йили Хитой автомобилларидан ташқари, «Toyota»ни энг кўп сотиб олган. Бироқ «Toyota» баёнотида 2022 йилдан бери Россияга янги машиналар экспорт қилинмаётгани айтилган:
«Toyota» Россияга янги автомобил экспорт қилмайди», – деган компания, «Autostat» маълумотларига алоҳида изоҳ бермасдан.
«Mazda» ҳам шунга ўхшаш баёнот бериб, Россияда сотилган янги брент машиналарининг «Mazda» назоратидан ташқаридаги учинчи шахслар орқали қайта сотилганини» қўшимча қилди.
Европанинг «Bennink Dunin-Wasowicz» ҳуқуқий фирмаси санкциялар бўйича мутахассиси Себастиян Бенникнинг айтишича, маҳсулотларга қўйилган чекловларга қарамай, улар Россияга турли йўллар орқали олиб кирилиши кузатилади. Унинг сўзларига кўра, санкциялардан четлаб ўтиш усуллари шунчалик кўпки, айрим машиналар Россияга етиб боришини олдини олиш «деярли имконсиз».
Германия иқтисодиёт вазирлиги божхона органлари мунтазам санкция бузилиш ҳолатларини текшириб, бошқа ЕИ давлатлари билан ҳамкорлик қилишини айтди.
Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлиги ишлаб чиқарувчилар, экспортчилар ва дилерлар санкция қоидаларига амал қилишга мажбур эканини билдирди, аммо Хитойдан Россияга Япон автомобиллари савдоси ҳақида изоҳ бермади.
Жанубий Корея савдо вазирлиги экспорт назоратидан четлаб ўтишнинг олдини олиш учун иш олиб борилаётганини ва Россияга ишлатилган машиналарнинг билвосита экспортига қарши чоралар кўрилганини билдирди.
Россияда Хитойда ишлаб чиқарилган хорижий бренд автомобиллари савдоси ортиб бормоқда
Европа Иттифоқи, АҚШ, Жанубий Корея ва Япония барча автомобил санкцияларини жорий қилди. Улар одатда Россияда қиммат автомобиллар, катта моторли машиналар, шунингдек, барча электромобиллар ва гибридларнинг сотувини тақиқлайди. Шунингдек, ушбу ҳудудлар брендидаги автомобил ишлаб чиқарувчилар Россиядаги бизнесини тўхтатиш ёки кескин чеклашга ваъда беришди.
«Autostat» маълумотларига кўра, бу чоралар санкция қўлланган ҳудудлардан келган машиналарнинг Россиядаги савдосини 2021 йилдаги 1 миллиондан ортиқдан тахминан 1/8 қисқартирди.
Бироқ, маълумотлар шуни кўрсатадики, Хитойда ишлаб чиқарилган Германия ва Япония брендларига тегишли машиналар савдоси ортиб бормоқда. Баъзи саноат таҳлилчилари бу тенденцияни «нол юришли ишлатилган» машиналарнинг экспорт ортиши билан боғлайди.

Бу машиналар баъзи саноат маълумотлари базасида кўринмайди; масалан, «GlobalData» таҳқиқот компанияси бу йил Россияда Германия брендларига тегишли янги автомобиллар сотилмаганини хабар қилди. Бироқ «Autostat» маълумотлари Россиядаги янги автомобилларнинг рўйхатдан ўтказилишига асослангани учун, нол юришли импорт қилинган машиналар ҳам «янги» деб ҳисобланади, улар аввал Хитойда рўйхатдан ўтганми ёки йўқми, фарқи йўқ.
«Autostat» маълумотларига кўра, ўтган йили Россияда қарийб 30,000 «Toyota» сотиб олинган, уларнинг қарийб 24,000 таси Хитойда ишлаб чиқарилган. Шу даврда қарийб 7,000 «Mazda» сотилган, уларнинг аксарияти ҳам Хитойда ишлаб чиқарилган.
«Toyota» ва бошқа япон брендларининг гибрид моделлари Россияда энг машҳур япон автомобиллари қаторига киради», – дейишган «Reuters»нинг Хитой автомобиль чакана савдосидаги икки манбаси.
Немис люкс машиналари ҳам «кулранг бозор» орқали Россияга кирмоқда
Германия автомобиллари ҳам Россияда катта талабга эга. «Autostat» маълумотларига кўра, ўтган йили Россияда қарийб 47,000 та янги BMW, «Mercedes» ва «Volkswagen Group» автомобиллари, шу жумладан «Audi», «Porsche» ва «Skoda» брендлари рўйхатдан ўтган.
Маълумотларга кўра, бу машиналардан 20,000 дан ортиғи Хитойда ишлаб чиқарилган. Саноат таҳлилчилари ва Россияга автомобил импорт қилувчи манбалардан бирининг айтишича, қолганлари Европа мамлакатларида ишлаб чиқарилган, аммо кўпинча Россияга йўл олишдан олдин Хитой орқали ўтган. Россиялик дилернинг айтишича, кўпчилик хорижий машиналар қайси мамлакатда ишлаб чиқарилганига қарамай, Хитой орқали импорт қилинади.
«Car Industry Analysis» платформаси таҳлилчиси Фелип Мунознинг айтишича, Россия элитаси орасида машҳур моделлардан бири бўлган «Mercedes G-class» фақат Австрияда ишлаб чиқарилади ва унинг нархи тахминан 120,000 евро (қарийб 142,700 доллар) туради. «Reuters»нинг бир нечта транспорт ҳужжатларига таяниб ёзишича, «Mercedes GLC 300» ва «BMW X1 xDrive25i» каби бошқа Германия люкс машиналари ҳам Хитой орқали Россияга киритилган.
«Россия ва Хитой ўртасидаги автомобил савдоси сўнгги йилларда сезиларли даражада ўсди, шу боис Германиядан Хитойга импорт қилинган кўплаб машиналар охирида Россияга етиб боради», – дейди Муноз.




