Logo

Ўзбекистонда 9 та аэропорт аккредитациясидан ўтди

Bugun 12:022 daqiqa

Тошкент халқаро аэропорти Марказий Осиёда Level 2 аккредитация даражасига эришган биринчи ва ҳозирча ягона аэропорт бўлди.

Ўзбекистонда 9 та аэропорт аккредитациясидан ўтди © simpleflying.com

«Uzbekistan Airports» АЖ аэропортлар тармоғи углерод чиқиндиларини бошқариш бўйича дунёда тан олинган «Airport Carbon Accreditation» дастурига қўшилди.

Аккредитация натижаларига кўра, Самарқанд, Урганч, Наманган, Фарғона, Нукус, Термиз, Қарши ва Навоий халқаро аэропортлари Level 1 даражасини олди. Бу уларнинг операцион фаолиятдаги углерод эмиссияларини ўлчагани ва ушбу кўрсаткичлар мустақил равишда тасдиқланганини англатади.

Тошкент халқаро аэропорти эса Level 2 даражасига эришди. Бу аэропорт нафақат углерод изини ҳисоблаб чиққан, балки уни камайтиришга қаратилган амалий чораларни ҳам жорий этган. Натижада Тошкент аэропорти Марказий Осиёда ушбу даражадаги аккредитацияни олган биринчи ва ҳозирча ягона аэропортга айланди.

«Uzbekistan Airports» бошқаруви раиси Жавлонбек Умарходжаевнинг таъкидлашича, ушбу аккредитация компаниянинг барқарор ривожланиш йўлидаги муҳим босқичидир. Унинг сўзларига кўра, компания экологик кўрсаткичларни халқаро стандартлар асосида янада яхшилаш ва аэропортлар эмиссияларини бошқариш амалиётини такомиллаштиришни давом эттиради.

«Airport Carbon Accreditation» аэропортлар учун махсус ишлаб чиқилган глобал сертификатлаш дастури бўлиб, у аэропортларга углерод эмиссияларини босқичма-босқич ўлчаш, бошқариш ва камайтириш имконини беради. Дастур доирасида аэропортлар аккредитациянинг юқори босқичларига изчил ўтиб боради.

Эслатиб ўтамиз, 2026-йил июн ойи ўрталарида Президентга «Uzbekistan Airways»ни трансформация қилиш ва IPO'га тайёрлаш жараёни юзасидан тақдимот ўтказилганди. Унда авиакомпаниянинг халқаро капитал бозорида 15–20 фоиз акцияларини 2026 йил охиригача жойлаштириш режалаштирилгани, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида компания қийматини 1,6 млрд доллардан 2,3 млрд долларгача ошириш мақсад қилингани маълум қилинган эди.

Янги режаларга кўра эса, «Uzbekistan Airways» ва «O‘zbektelekom»нинг халқаро IPO'си 2027 йилга қолдирилиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid