Қимматлаган метан, газ импортидаги кескин сакраш ва Мирзиёев ёдга олган пахта терими хотиралари — 1 июн дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистонда газ ва нефт қазиб олиш камайиб, импорт ҳажми кескин ошмоқда
2026 йилнинг январь–апрель ойларида Ўзбекистонда табиий газ қазиб олиш 12,6 миллиард куб метрни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли камайди. Нефть ва газ конденсати ишлаб чиқариш ҳажмлари ҳам пасайган. Шу билан бирга, мамлакатнинг энергия ресурсларига бўлган импорт эҳтиёжи кескин ошди.
Тўрт ой давомида газ импорти учун 508,3 миллион доллар сарфланиб, бу ўтган йилга нисбатан 3,3 баробар кўп бўлди. Нефть ва нефть маҳсулотлари импорти эса 821,5 миллион долларга етган. Шу фондa газ экспорти 129,4 миллион долларгача камайган бўлса, нефть ва нефть маҳсулотлари экспортидан тушган даромад 234,3 миллион долларни ташкил қилди.
Республика кинематография комиссияси, Миллий ва Бадиий кенгашлар фаолияти тугатилади — Президент
Президент Шавкат Мирзиёев маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашувда Республика кинематография комиссияси, Миллий ва Бадиий кенгашлар фаолияти тугатилишини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, мазкур тузилмалар эскича бошқарув ва самарасиз назорат тизимидан воз кеча олмаган. Уларнинг ўрнига кино жанри ва мавзусига қараб шакллантириладиган ҳақ тўланадиган эксперт гуруҳлари ташкил этилади.
Шунингдек, 1 сентябрдан давлат буюртмаси асосида яратиладиган фильмларда тарғибот ва реклама учун бюджетнинг 30 фоизигача маблағ ажратилади, харид шартномаларини экспертизадан ўтказиш талаби бекор қилинади. Давлат буюртмаси асосидаги фильмлар намойишидан тушган даромаднинг 50 фоизи ижодий гуруҳларга берилади, «Олтин Ҳумо» миллий кино тақдимоти учун эса ҳар йили 5 миллиард сўм ажратилади.
Чакана ва улгуржи савдо товар айланмаси ҳажми маълум қилинди
2026 йил январь–апрель ойларида Ўзбекистоннинг чакана савдо товар айланмаси 165,9 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22,9 фоизга ошди. Шу даврда улгуржи савдо товар айланмаси ҳам ўсиб, 155,9 трлн сўмга етди ва йиллик ўсиш 12,7 фоизни ташкил қилди.
Умумий овқатланиш корхоналарининг савдо айланмаси эса 69,8 трлн сўмга етган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 7,2 фоизга кўпдир. Савдо ва умумий овқатланиш соҳаларида фаолият юритаётган корхоналарнинг асосий қисми кичик бизнес ва микрофирмалар ҳиссасига тўғри келмоқда.
«У шароитда яшаш мумкинлигига ҳеч ким ишонмайди» – Шавкат Мирзиёев пахта терими йилларини эслади
Шавкат Мирзиёев маданият ва санъат ходимлари билан учрашувда мактаб йилларида ҳар йили 4,5 ой пахта теримига жалб қилинганини эслади. Унинг айтишича, Зоминдан бўлган ўқувчилар 500 километр узоқликдаги пахта майдонларига олиб борилган ва шу сабабли амалда 11 йиллик таълимнинг фақат 7 йилини мактабда ўтказган.
Президент ўша даврдаги яшаш шароитлари жуда оғир бўлганини таъкидлаб, бу ҳақда ҳозир гапирилса ҳам кўпчилик ишонмаслигини айтди. Шунингдек, у зиёлилар ва маданият соҳаси вакилларини ўтмишдаги шароитлар билан бугунги ўзгаришларни таққослаб баҳолашга чақирди ва маънавият ҳамда миллий ўзликни англаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Метан шохобчаларида газ нархи 5750 - 5800 сўмгача ошди
Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида метан нархи ошди. Фарғона водийси, Тошкент шаҳри ва бошқа айрим ҳудудларда АГТКШларда метан 5 700–5 800 сўмгача сотилмоқда. Бу аввалги ўртача 5 250 сўмлик нархга нисбатан 8,5–10 фоизлик ўсишни англатади.
Энергетика вазирлигига кўра, нархларнинг ошиши 1 июндан энергия ресурслари тарифлари қимматлашгани билан боғлиқ. Хусусан, АГТКШлар учун табиий газнинг улгуржи нархи бир куб метр учун 2 500 сўмдан 2 750 сўмгача кўтарилган. Шу сабабли хусусий метан шохобчалари чакана нархларни қайта кўриб чиққан.





