Сенат дала четларига экин экмаган фермерларга уч баробар солиқ жорий этишни назарда тутувчи қонунни маъқуллади
Дала четларига экин экмаган ёки канал атрофини бўш қолдирган фермерлар энди катта жарима ва оширилган солиқ тўлашга мажбур бўлади.

Олий Мажлис Сенатининг 11-ялпи мажлисида «Дала четларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, маъқулланди.
Қонун билан фермерларнинг ердан самарали фойдаланиши, айниқса, дала четлари ва каналлар бўйларини бўш қолдирмаслик бўйича мажбуриятлар кучайтирилмоқда.
Қонунга мувофиқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 65-моддасига киритилаётган қўшимчага кўра, қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчи ёки ижарачи фермерлар дала четларига ёки сув иншоотлари атрофига экин экмаган тақдирда, уларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробарича жарима солинади.
Шунингдек, Солиқ кодексига ҳам тегишли ўзгартишлар киритилмоқда. Энди фермер хўжаликлари ҳар йили 1 майга қадар белгиланган майдонларга «мақбул» турдаги экинлар экишлари шарт бўлади. Агар бу талаб бажарилмаса, фермер ер майдонининг экин экилмаган қисми учун солиқ ставкасининг уч баробар миқдорини тўлайди.
Мутахассислар фикрича, қонуннинг асосий мақсади — ҳар бир гектар ердан оқилона фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш ва сув манбаларини муҳофаза қилишдир. Бунда канал ва коллектор-дренаж атрофидаги бўш ерлардан сабзавот ёки ем-хашак маҳсулотлари етиштириш мақсадида фойдаланиш тавсия этилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланиб, кейинги тасдиқ учун президентга юборилди. Қонун кучга киргач, фермерлар дала атрофидаги ерлардан самарали фойдаланмагани учун жарима ва оширилган солиқ тўловларига тортилади.





