Тошкентда автобусларга фақат чиқиш вақтида тўлов қилинади
1 сентябрдан пойтахт автобусларида йўл ҳақи транспортга чиқиш вақтида электрон тарзда тасдиқланиши шарт бўлади.
© vaqt.uzТошкент шаҳри жамоат транспорти тизимида йўловчилар учун янги тартиб жорий этилади. Ҳукуматнинг «Шаҳар йўловчи транспорти тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб автобусларда йўл ҳақини тўлаш бўйича талаблар кучайтирилади.
Қарорга кўра, автоматлаштирилган тўлов тизими терминаллари — валидаторлар билан жиҳозланган автобусларга чиқиш вақтида йўловчи ўз сафарини электрон тарзда тасдиқлаши шарт. Бу транспорт картаси, банк картаси, смартфон ёки бошқа контаксиз тўлов воситалари орқали амалга оширилади.
Шунингдек, ижтимоий ёки транспорт картасига эга фуқаролар ҳам валидатор орқали имтиёзли ёки бепул юриш ҳуқуқини тасдиқлаши лозим.
Автобуслар янгиланади
Қарорда шаҳар транспортини модернизация қилиш чоралари ҳам назарда тутилган. Жумладан, ҳайдовчи билан бирга камида 60 нафар йўловчи ташиш имконига эга бўлган ва «Евро-5» ҳамда ундан юқори экологик стандартларга жавоб берадиган янги автобус, электробус ва троллейбусларни импорт қилиш учун имтиёз берилади.
2027 йил 31 декабрга қадар бундай транспорт воситалари Ўзбекистонга олиб кирилганда улар учун утилизация йиғимининг нол ставкаси қўлланилади. Бу шаҳар автобус паркларини янгилаш жараёнини тезлаштириши кутилмоқда.
Янги тартиб, айниқса, брутто-шартнома асосида фаолият юритувчи шаҳар автобус йўналишларида тушумларнинг тўлиқ ҳисобга олинишини таъминлашга қаратилган.
Ягона тўлов тизими
Қарор билан шаҳар автобус йўналишлари тушунчасига ҳам ўзгартиш киритилди. Энди шаҳар чеккасидан транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош режаларига мувофиқ 12 километргача чиқувчи йўналишлар ҳам шаҳар автобус йўналишлари ҳисобланади.
Бундан ташқари, Транспорт вазирлигига 2026 йил 1 сентябрга қадар жамоат транспорти ва шаҳар атрофи электр поездлари учун интеграциялашган тўлов тизимини жорий этиш вазифаси юклатилди. Ушбу тизим доирасида «электропоезд–автобус» ва «электропоезд–метро» каби ягона тариф режалари ишлаб чиқилади.
Маълумот учун, Тошкент автобусларида нақд пул қабул қилиш амалиёти 2025 йил 1 январдан тўлиқ бекор қилинган. Ҳозирда нақд пулдан фойдаланувчилар махсус инфокиосклар орқали бир марталик чипта сотиб олишлари мумкин.





