Тошкентда сув сарфини ҳисоблаш автоматлаштирилмоқда: 2027 йил учун янги режа тасдиқланди
2026 йил бошидан буён пойтахтнинг бешта туманида 190 мингдан ортиқ ҳисоблагич бепул ўрнатилган.

Тошкентда ичимлик суви истеъмолини ҳисобга олиш тизимини рақамлаштириш ишлари давом этмоқда. 2026 йил 23 октябрда шаҳар ҳокимлиги, «Технопарк» корхонаси ва Франциянинг «SUEZ International SAS» компанияси вакиллари иштирокида ўтказилган ишчи учрашувда 2027 йил учун ақлли сув ҳисоблагичларини ўрнатиш режалари муҳокама қилинди.
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг хабар беришича, келаси йилги ишларнинг асосий мезонларидан бири — сув таъминоти балансини шакллантириш бўлади. Шунингдек, ҳисоблагичлар ўрнатиладиган ҳудудлар ҳам белгилаб олинган. Бироқ эълон қилинган хабарда 2027 йилда мазкур қурилмалар ўрнатиладиган туманларнинг тўлиқ рўйхати очиқланмаган.
Учрашув Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари О. Мўминов раҳбарлигида ўтказилди. Унда ишларни босқичма-босқич ташкил қилиш ва масъул ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштиришга келишиб олинган.
Қайси туманларда ҳисоблагичлар ўрнатилган?
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг маълум қилишича, 2026 йил бошидан буён бешта тумандаги аҳоли хонадонларига 190 мингдан ортиқ ақлли сув ҳисоблагичи бепул ўрнатиб берилган:
· Сергели
· Яккасарой
· Чилонзор
· Учтепа
· Янгиҳаёт
Ақлли ҳисоблагичлар нима учун керак?
Тошкентда ичимлик сувини ҳисобга олишни рақамлаштириш лойиҳаси Тошкент шаҳар сув таъминоти, «Ўзсувтаъминот» ва Франциянинг «SUEZ» компанияси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
Қайд этилишича, ақлли ҳисоблагичлар сув сарфи ҳақидаги кўрсаткичларни радиомодуллар орқали автоматик тарзда узатиши, оқишлар ва техник носозликларни тезда аниқлашга ёрдам беради. Истеъмолчилар шахсий онлайн кабинет орқали сув сарфини кузатиб бориши ва мобил иловалар ёрдамида тўловларни масофадан амалга ошириши мумкин.
Ҳисоблагичлар маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқариляптими?
Тошкентдаги сув таъминоти тизимини рақамлаштириш билан бир вақтда ақлли ҳисоблагичларни маҳаллийлаштириш ҳам йўлга қўйилган.
2025 йилда «Технопарк» ва Германиянинг «Diehl Metering» компанияси ҳамкорлигида «OSTEN» бренди остида ақлли сув ҳисоблагичлари ишлаб чиқарадиган қўшма корхона иш бошлади. Заводнинг дастлабки ишлаб чиқариш қуввати йилига 350 мингта ҳисоблагични ташкил этади.
Маҳаллий корхонада ишлаб чиқарилган ҳисоблагичлар «Diehl Metering» компаниясининг «IZAR NET» ва «IZAR Mobile» ахборот тизимлари билан уйғунликда ишлай олади. Мазкур тизимлар орқали сув сарфини аниқ кузатиш, оқишларни тезда аниқлаш ва ҳисоб-китоблар шаффофлигини ошириш мумкинлиги билдирилган.
Ўзбекистонда сув истеъмоли ва йўқотишларни камайтириш режаси
Ақлли ҳисоблагичларни ўрнатиш Тошкентдаги алоҳида лойиҳа бўлса-да, бутун мамлакат бўйлаб сув таъминотини рақамлаштириш ва йўқотишларни камайтириш режалари ҳам ишлаб чиқилган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йил 21 июл куни ичимлик ва оқова сув хизматларини яхшилаш бўйича тақдимот билан танишди. Расмий маълумотда сўнгги йилларда ушбу соҳага киритилган инвестициялар ҳажми 2,7 миллиард долларга етгани, марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси эса 2017 йилдаги 63 фоиздан қарийб 83 фоизга кўтарилгани қайд этилган.
Тақдимотда 2030 йилга бориб ичимлик суви истеъмоли ҳозирги 941 миллион куб метрга нисбатан яна 230 миллион куб метрга ошиши мумкинлиги прогноз қилинган. Шу сабабли сувни аниқ ҳисобга олиш ва йўқотишларни камайтириш энг устувор вазифалар қаторига киритилди.
Ҳукумат ахборотига кўра, сув йўқотишларини 35 фоиздан 25 фоизга тушириш, барча шаҳар ва туман марказларидаги истеъмолчиларни масофадан маълумот узатувчи замонавий ҳисоблагичлар билан таъминлаш, рақамли сув тармоқлари харитасини яратиш ҳамда «SCADA» ва «GIS» тизимларини кенг жорий этиш вазифалари қўйилган.





