Logo

Триллионлаб фойда кўраётган банклар, Самарқанд ҳокимига юборилган огоҳлантириш ва мукофотланган ОАВ ходимлари — 25 июн дайжести

Kecha 23:203 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Триллионлаб фойда кўраётган банклар, Самарқанд ҳокимига юборилган огоҳлантириш ва мукофотланган ОАВ ходимлари — 25 июн дайжести

Ўзбекистон банклари фойдаси 8,5 трлн сўмга етди

2026 йилнинг январ–май ойларида Ўзбекистондаги 34 та банк жами 8,5 трлн сўм соф фойда олди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 66,7 фоизга кўп.

Солиқдан олдинги фойда 9,6 трлн сўмга етган. Марказий банк маълумотларига кўра, ўсишнинг асосий манбаи комиссиялар, тўлов хизматлари ва бошқа фоизсиз хизматлардан тушган даромадлар бўлган.

Йил бошидан бери фойда ва даромадлар ўсиши билан биргаликда банк тизимининг рентабеллик кўрсаткичлари ҳам яхшиланган.

Ўзбекистонда аҳолиси энг кам ҳудудлар маълум қилинди

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил 1 апрел ҳолатига Ўзбекистонда доимий аҳолиси энг кам ҳудуд Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳри бўлиб, у ерда 9,5 минг нафар аҳоли яшайди. Кейинги ўринларда Навоий вилояти Томди тумани (15,3 минг), Сирдарё вилояти Ширин шаҳри (19,4 минг) ва Бухоро вилоятининг Қоровулбозор тумани (20,7 минг) қайд этилган.

Энг кўп аҳоли эса Наманган шаҳрида истиқомат қилади — 731,3 минг киши. Ундан кейин Самарқанд шаҳри (607,6 минг) ва Ургут тумани (588,6 минг) жойлашган. 2026 йил 1 апрел ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси қарийб 38,4 миллион кишини ташкил этган.

Самарқанд ҳокимининг кўча ташаббуси баҳсларга сабаб бўлди

Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев олий таълим муассасаларига кўчаларни бириктиришни таклиф қилди. Унинг айтишича, ҳар бир ОТМ ўз ҳудудидаги кўчаларда тротуарлар, дарахтлар, суғориш тизими ва ногиронлар учун шароитларни кузатиб, муаммолар бўйича таклифлар тайёрлаши керак. Бу видеолавҳа ижтимоий тармоқларда тарқалиб, жамоатчиликда ўқитувчи ва талабаларни ободонлаштириш ишларига мажбурий жалб қилиш хавотирини кучайтирди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ташаббус мажбурий эмаслиги, у фақат тегишли соҳадаги олим ва мутахассисларнинг илмий салоҳиятидан фойдаланишга қаратилганини билдирди. Шу билан бирга, Меҳнат инспекцияси амалдаги қонунчилик педагогларни касбий фаолиятига алоқадор бўлмаган ишларга жалб этишни тақиқлашини эслатиб, Самарқанд вилояти ҳокимига мазкур ташаббус юзасидан ҳуқуқий огоҳлантириш юборилишини маълум қилди.

Тошкентда умумий овқатланиш шохобчаларида маиший газ баллонлари тақиқланди

Тошкент шаҳрида 22 июндан 15 сентябргача «ёнғинга қарши махсус режим» жорий этилди. Шу муносабат билан бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа умумий овқатланиш шохобчаларида овқат тайёрлаш учун маиший газ баллонларидан фойдаланиш тақиқланди. Шунингдек, газ қувурларига ноқонуний уланишларнинг олдини олиш мақсадида мазкур объектларда назорат кучайтирилади.

Қарорга мувофиқ, соат 11:00–17:00 оралиғида йирик транспорт воситаларига ёнилғи қуйиш ва омборларга ёнилғи юклаш чекланади, енгил автомобилларга эса автоцистерналардан суюлтирилган газ қуйиш тақиқланади. Шу билан бирга, аҳоли хонадонларида электр ва газ тармоқлари, иситиш қозонлари, вентиляция тизимлари ҳамда мўрилар техник кўрикдан ўтказилиб, ёнғин хавфсизлиги бўйича профилактика ишлари кучайтирилади.

Президент ОАВ ходимларини давлат мукофотлари билан тақдирлади

Президент Шавкат Мирзиёев фармони билан сўз ва матбуот эркинлигини ривожлантириш, миллий манфаатларни ахборот майдонида ҳимоя қилиш ҳамда демократик ислоҳотларни ёритишга қўшган ҳиссаси учун бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари ходимлари давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Давлат мукофоти олганлар рўйхатидан Азиза Қурбонова, Маҳлиё Тўлқинова, Равшанбек Мелиқўзиев, Шохрух Мажидов каби журналистлар ҳам жой олди.

Teglar

Mavzuga oid