Вазир ва блогер суди, тадбиркорлар муаммоси, 14 бола билан ағдарилган матиз, танқидга учраган Усмонова—ҳафта дайжести
Ҳафта давомида содир бўлган шу ва бошқа воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан VAQT.UZ дайжестида батафсил танишинг.
Bloomberg | © BloombergИчида 14 бола бўлган матиз ағдарилиб кетди
Ўтаётган ҳафта Навоий вилоятининг Нурота туманида бир йўла 14 нафар боланинг ҳаётини хавф остига қўйган мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари бўлган 34 ёшли аёл бошқарувидаги «Matiz» автомобили йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилиши оқибатида ҳайдовчи шифохонада вафот этди.
5 кишига мўлжалланган кичик ҳажмли автомобилда 14 нафар вояга етмаган бола хавфсизлик қоидаларига зид равишда ташилган.
Ҳайдовчи аёл тегишли ҳужжатларсиз рулга ўтирган ҳамда тажрибасизлиги ва чалғиши оқибатида бошқарувни йўқотган.
Автомобилда бўлган 13 нафар бола, жумладан, ҳайдовчининг 3 ойлик чақалоғи турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ушбу фожиада болаларнинг ота-оналари ҳам бефарқ бўлганини, хавфсизлик талабларига мутлақо жавоб бермайдиган ҳолатда фарзандларини машинага чиқариб юборишганини алоҳида қайд этди. Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов олди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Самарқандда ҳам ЙҲХХ ходимлари ақл бовар қилмайдиган ҳолатга дуч келди: Жомбойда бир Damas ҳайдовчиси 28 нафар, бошқаси эса 24 нафар боғча боласини машинага «тиқиб» ташиётганда ушланди. Ҳар икки машина жарима майдонига йўл олди.
Юлдуз Усмонованинг АҚШдаги консерти бекор қилинди
Бу ҳафта Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг АҚШда режалаштирилган концерти расман бекор қилингани маълум бўлди. Хонанданинг 9 май куни Брайтон-Бичдаги «Океан» театрида бўлиб ўтиши керак бўлган чиқиши маҳаллий яҳудийлар жамоасининг кескин талаб ва эътирозларидан сўнг тўхтатилди.
Норозиликларга санъаткорнинг 5 йил аввал Исроил—Фаластин низоси борасида билдирган кескин муносабати сабаб бўлган. 2021 йилда хонанда Фаластин халқини қўллаб-кувватлаб, яҳудий жамоасига нисбатан танқидий фикрлар билдирган эди.
Сўнгги воқеалардан сўнг хонанда ўз фикрида собит эканини, ҳар қандай зўравонликка қаршилигини ва яҳудийлар ўз ҳаракатлари билан «асл юзини» кўрсатаётганини қўшимча қилган.
Театр маъмурияти сотилган чипта пуллари харид қилинган жойларда қайтариб берилишини маълум қилиб, юзага келган ноқулайликлар учун узр сўради.
Яҳудийларга қарши чиқишлари, «Фаластин озод бўлсин» деган баёнотлари ва шунинг ортидан АҚШдаги концерти бекор қилингани билан муҳокамалар марказига чиққан Юлдуз Усмоновага Эрон элчихонаси томонидан совға юборилди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода элчихона вакили хонандага совғани топшираётгани акс этган.
Пешлавҳалар энди реклама ҳисобланмайди
Энди кўплаб тадбиркорлар норозилигига сабаб бўлган дўкон пешлавҳаларини олиб ташлаш жараёни тўхтатилади. Муҳокамаларга сабаб бўлган муаммо Президентгача олиб чиқилди.
Ўзбекистонда тадбиркорликни енгиллаштиришга қаратилган муҳим таклиф илгари сурилди. Унга кўра, корхона номи ва фаолият тури ёзилган пешлавҳаларни реклама сифатида баҳоламаслик ҳамда улар учун «реклама паспорти» талабини бекор қилиш режалаштирилмоқда. Бу масала 5-май куни Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган йиғилишда муҳокама қилинди. Давлат раҳбари тадбиркорлар учун ортиқча тўсиқларни камайтириш зарурлигини таъкидлади.
Ҳозирги тартибда пешлавҳалар реклама сифатида кўрилиб, қўшимча харажат ва бюрократик жараёнларга сабаб бўлмоқда. Бу эса бизнеснинг кўриниши, мижозлар оқими ва даромадига салбий таъсир қилмоқда.
Сўнгги ойларда Тошкентда пешлавҳаларни оммавий демонтаж қилиш тадбиркорлар кескин норозилигига сабаб бўлди. Кўплаб бизнес эгалари катта молиявий зарар кўрганини таъкидлади.
Уларнинг фикрича, асосий муаммо — аниқ қоидалар ва очиқ мулоқотнинг йўқлиги. Янги таклифлар айнан шу муаммоларни ҳал қилишга қаратилган.
Вазир ва блогер суди тугатилди
Бу ҳафта жамоатчилик диққат марказида бўлган Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров ўртасидаги суд иши якунланди.
Келишмовчилик блогернинг ижтимоий тармоқлардаги танқидий чиқишлари, хусусан, метан заправкалардаги турнақатор навбатлар, свет ва газ муаммолари ҳамда «Avto24» иловаси ҳақидаги постлари ортидан келиб чиққан эди. Вазир блогерни «ёлғон ахборот тарқатиш»да айблаб, ариза ёзган.
7 май куни Яшнобод туман суди мазкур ишни кўрмасдан тугатиш ҳақида қарор чиқарди.
Қонун бўйича маъмурий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги сабабли, суд айбдорлик масаласини муҳокама қилиб ўтирмади. Иш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддасига асосан тўхтатилди.
Шундай қилиб, вазир ва блогер ўртасидаги расмий низо ҳозирча тугади, бироқ томонларда юқори судга шикоят қилиш ҳуқуқи сақланиб қолган.
6 блогер камида 2,7 млрд даромад топди
Якунланаётган ҳафтада Солиқ қўмитасида ўтган учрашув кўпчиликнинг эътиборини тортди. Унда ижтимоий тармоқ юлдузларининг даромадлари ва улар тўлаётган солиқлар ҳақидаги рақамлар очиқланди.
Ўзбекистонда 3 миллиондан ортиқ обуначига эга олти нафар топ блогер 2025 йил давомида жами 2,7 миллиард сўм даромад топиб, бюджетга 110,4 миллион сўм солиқ тўлади.
Олти нафар етакчи блогер бир йил давомида 184 та реклама пости ва 360 та Instagram ҳикоя (сторис) жойлаштирган.
Маълум қилинишича, блогерлар фаолиятини ўрганиш доирасида мазкур соҳанинг энг фаол 110 нафар вакиллари рўйхати шакллантирилган. Таҳлил натижаларига кўра, улардан 55 нафари ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида, 33 нафари якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган, қолган 22 нафари, эса жисмоний шахс мақомида фаолият юритмоқда.
Солиқ қўмитаси блогерлар фаолиятини қонунчиликка мувофиқлаштириш ва даромадлар шаффофлигини таъминлаш муҳим эканини алоҳида таъкидлади.
Энди картадан картага фоизсиз пул ўтказиш мумкин бўлади
Ўзбекистонда банк хизматлари ва тадбиркорлик муҳитини енгиллаштиришга қаратилган янги таклифлар кўриб чиқилди. Унга кўра, жисмоний шахсларнинг ўз банк карталари ўртасидаги пул ўтказмалари комиссиясиз амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Бу аҳоли учун қўшимча харажатларни камайтиради ва нақдсиз тўловларни кенгайтиради.
Шунингдек, умумий овқатланиш, ёқилғи, тамаки ва алкогол савдосида чек асосида ҳисобланган кешбекни тезроқ қайтариш тизимини жорий этиш таклиф қилинди.
Банк операцияларида хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳам ўзгаришлар бор. СМС-хабарномалар ўрнига мобил иловалар орқали билдиришномалар ёки биометрик тасдиқлаш тизимларидан фойдаланиш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, солиқ соҳасида айрим жарималарни камайтириш ва ортиқча тартиб-таомилларни қисқартириш режалаштирилган.
Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар ва аҳоли учун ортиқча тўсиқларни камайтириш зарурлигини таъкидлади.
Абдусатторов кучли учликда, Синдоровда эса мураккаб вазият
Ўзбек шахмат мактаби вакиллари халқаро майдонда фаол ҳаракат қилмоқда. Бу ҳафта Нодирбек Швецияда кучли учликка кирди, Жавоҳир эса Полшада жаҳоннинг энг кучлиларига қарши баҳсларга киришди.
Нодирбек Абдусатторов Швециядаги «TEPE Sigeman» турнирнинг сўнгги турида дуранг ўйнаб, 4 очко билан 3-ўринни эгаллади. Мусобақада Магнус Карлсен ғолиб чиқди.
Жавоҳир Синдоров: Варшавада ўтаётган «Grand Chess Tour»да ҳозирча қийинчиликларга дуч келмоқда. У рапид йўналишида америкалик Уэсли Со ва ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу каби кучли рақибларга имкониятни бой бериб қўйди.
Абдусатторов ва Синдоров аввалги йилларда Швециядаги ушбу турнирда кетма-кет чемпионликни қўлга киритишган эди. Бу гал эса рақобат ҳар қачонгидан ҳам кучли бўлди. Жавоҳирнинг Полшадаги баҳслари 10 майга қадар давом этади — умид қиламизки, блиц йўналишида ҳамюртимиз вазиятни ўнглаб олади.
Instagram’да «катта тозалаш»
Instagram маъмурияти ботлар ва сохта аккаунтларга қарши аёвсиз кураш бошлади. Meta компаниясининг янги тизими бир куннинг ўзида 50 миллионга яқин аккаунтни ўчириб ташлади. Бунинг оқибатида дунёнинг энг машҳур инсонлари бир неча соат ичида «ориқлаб» қолишди.
Энг катта йўқотиш Кайли Женнерда кузатилган – у 15 миллион обуначисини йўқотган. Криштиану Роналдуда 8 миллион, BTS гуруҳи ва Ариана Грандеда 7 миллиондан, Селена Гомесда 6 миллион, Тейлор Свифтда эса 5 миллион обуначи камайган.
Оммавий тозалашга Meta компаниясининг фейк аккаунтларга қарши янги тизими сабаб бўлган. Эндиликда алгоритмлар фаол бўлмаган саҳифалар, аватар ва тавсифсиз профиллар, ботлар орқали очилган аккаунтлар ҳамда махсус сервислар орқали сунъий кўпайтирилган обуначиларни қаттиқ назорат билан ўчирмоқда.





