Хорижий дори брендларидан фойдаланиш солиғи камайтирилади
Ўзбекистонда машҳур хорижий дориларни маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун бренддан фойдаланишга қўлланадиган солиқ 20 фоиздан 5 фоизга камайтирилади.

Ўзбекистонга олиб келинаётган дори воситаларининг қарийб ярми 34 та хорижий ишлаб чиқарувчи ҳиссасига тўғри келади. Шу боис мамлакатда ушбу компанияларнинг ишлаб чиқаришини маҳаллийлаштириш ва фармацевтика саноатини ривожлантириш масаласи долзарб вазифалардан бири сифатида қайд этилди.
Бу ҳақда Президент раислигида фармацевтика тармоғида ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва технологиялар трансферини жадаллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Импорт улушининг юқорилиги ички бозорда маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш заруратини янада кучайтиради. Шунинг учун хорижий компанияларнинг технология ва тажрибасини жалб этган ҳолда дори воситаларини Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга.
Бу борада айрим лойиҳалар аллақачон амалга оширилмоқда. Жумладан, Туркиянинг «World Medicine» компанияси Тошкент фармацевтика парки ҳудудида антибиотик, вирусга қарши ҳамда юрак-қон томир касалликларига қарши препаратлар ишлаб чиқариш бўйича 30 миллион долларлик инвестиция лойиҳасини амалга оширмоқда.
Президент дори импорт қилувчи компанияларга янги топшириқ берди
Шу билан бирга, ҳозирги вақтда мамлакатга импорт қилинаётган дори воситаларининг ярми учта йирик корхона томонидан олиб кирилаётгани маълум қилинди. Ушбу компаниялар 40 дан ортиқ йирик хорижий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини Ўзбекистонга олиб кириш бўйича эксклюзив ҳуқуққа эга.
Президент мазкур корхоналарни ижтимоий масъулиятни зиммасига олиб, хорижий ҳамкорлар билан биргаликда брендли дори воситаларини мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга чақирди. Бу орқали импорт ҳажмини камайтириш ва ички фармацевтика саноатини мустаҳкамлаш мақсад қилинган.
Бундай ташаббусларни рағбатлантириш учун қатор солиқ енгилликлари ҳам жорий этилади. Хусусан, хорижий бренд номидан фойдаланганлик учун тўланадиган роялти тўловларига қўлланадиган солиқ ставкаси 20 фоиздан 5 фоизга туширилиши белгиланди. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қўшимча туртки бериши кутилмоқда.





