Мопед ва скутерларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилади
Вазирлар Маҳкамасининг 12 апрелдаги қарорига мувофиқ, 1 октябрдан мопед ва скутерларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этила бошлайди. Хавфсиз ҳаракатланиш учун мопед ва скутер ҳайдовчилари йўл ҳаракати қоидаларини билиши вауларга риоя этиши шарт, шунинг учун Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 августдаги 493-сон қарорига асосан улар малака оширишдан ўтиши ва «А» тоифасидаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши шарт.
Ҳукуматнинг 2024 йил 8 июль ва 9 августдаги қарорларига билан 1 мартдан мопед васкутерларга янги талаблар: мажбурий давлат рўйхатидан ўтиш, давлат рақами белгиларини олиш вауларни бошқариш учун «А» тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиш жорий этилиши режалаштирилган эди. Вазирлар Маҳкамасининг 12 апрелдаги қарори билан ҳайдовчилик гувоҳномаларига оид ушбу муддат яна олти ойга — 1 октябрга кўчирилди. Ҳукумат, шунингдек, эксплуатациядаги мопед ва скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомнинг амал қилиш муддатини 31 сентябргача узайтирди.
Оқ шакардан акциз солиғи бекор қилинади
2025 йил 1 октябрдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган хушбўйлаштирувчи ва ранг берувчи қўшимчаларсиз оқ шакарга акциз солиғи бекор қилинади. 20 нафар ва ундан ортиқ ходими бўлган юридик шахсларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва ижара тўловининг ҳисобланган суммаларини 2025 йил 15 июл ва 1 декабрга қадар бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.
Енгил саноат корхоналарига қатор молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари қўлланади
Президентнинг 19 сентябрдаги фармони билан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ташкил этилмоқда. Агентлик қошида Енгил саноатни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади. Агентлик томонидан енгил саноат соҳасидаги корхоналарга 2025 йил 1 октябрдан қатор молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари қўлланади.
Хусусан, ташкилот халқаро брендларни жалб қилиш, стандартлаштириш васертификатлашнинг халқаро тизимларини, молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларини жорий этиш ишлари билан шуғулланади. Шунингдек, экспорт шартномалари бўйича суғурталашни молиялаштириш харажатларини қоплайди ҳамда мутахассисларни ўқитиш учун грантлар ажратади.
«Ҳар бир маҳаллада футбол майдони» дастури жорий этилади
2025 йил 1 октябрдан бошлаб маҳаллаларда футбол майдонларини барпо этиш бўйича «Ҳар бир маҳаллада футбол майдони» дастури жорий этилади. Бу ҳақда Президентнинг жорий йилнинг 21 август куни қабул қилинган «Ўзбекистонда футбол соҳасини рақамлаштириш ва оммавийлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида сўз боради.
Унга кўра, ушбу дастур доирасида:
- маҳаллалардаги бўш турган давлат мулки объектлари (ер участкалари) – уларнинг бир қисмида футбол майдони барпо этиш ва камида 10 йил мобайнида унинг фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаслик шарти билан электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилади;
- электрон онлайн аукцион савдолари ғолибларига харид қилинган бўш турган давлат мулки объекти (ер участкаси)нинг қолган қисмидан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқи берилади;
- электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилган давлат мулки объектлари (ер участкалари) уч ой давомида сотилмаган тақдирда, уларнинг бошланғич баҳоси босқичма-босқич 10 фоиздан, лекин кўпи билан 50 фоизгача пасайтирилган ҳолда ва сотиб олиш тўловларини уч йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан савдоларга чиқарилади.
Давлат мулки объекти бўлган футбол стадионлари ва майдонларининг фойдаланиш мақсадларини ўзгартириш ва сотувга чиқариш тақиқланади.
Пенсияларни нақд шаклда биометрик идентификациялаш ва ЭРИ орқали бериш бошланади
2025 йил 1 октябрдан давлат пенсия таъминотига оид ҳамда АТ “Халқ банки” томонидан пенсияларни нақд пул шаклида тўлаш билан боғлиқ хизматлар фуқароларни биометрик идентификация қилиш (Face-ID) ҳамда уларнинг имзосини электрон шаклда олиш орқали амалга оширилади. Бу “Ногиронлик пенсиялари ва компенсацияларни тайинлашда проактив хизматларни жорий этиш тўғрисида”ги президент қарорида белгиланган.
Тўлов олувчилар тўлов қайдномаларини планшетда электрон шаклда имзолашлари мумкин бўлади. Адлия вазирлиги Пенсия жамғармаси ва Халқ банкининг электрон сўровига кўра биометрик идентификациялаш учун маълумотларни тақдим этади.
Энди судяликка номзодлар академияда ўқитилади
Президент 21 августда имзолаган фармонга кўра, Ўзбекистонда Судьялар олий мактаби негизида Одил судлов академияси ташкил этилмоқда. Академия судялик лавозимларига номзодларни ўқитиш, амалдаги судьялар васуд аппарати ходимларининг малакасини ошириш билан шуғулланади.
2025 йил 1 октябрдан бошлаб судялик лавозимларига номзодлар давлат гранти асосида олти ойлик касбий қайта тайёрлаш курсларида ўқитилади.
Курсларга қабул қилинган шахслар уларнинг эгаллаган лавозими бутун ўқиш даври мобайнида сақланган ҳолда асосий иш жойи бўйича лавозимидан озод қилинади.
Ўқиш даврида тингловчиларга судя ёрдамчисининг 1 ойлик меҳнатига ҳақ тўлаш фонди миқдорида ҳар ойда стипендия тўланади.
«Яшил макон» платформасида дарахт экиладиган майдонлар координаталари киритилади
Президентнинг 30 майдаги фармонига мувофиқ, 1 октябрдан бошлаб «Яшил макон» платформасида дарахт экиш мумкин бўлган майдонларнинг координаталари, уларни парвариш қилиш ва тавсия этилган дарахт турлари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади. 2025 йил 1 октябрдан бошлаб:
- атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига мансуб фаолият турларининг экологик оқибатлари тўғрисидаги баёнотдан кейинги босқичларда экологик норматив лойиҳаларини давлат экологик экспертизасидан ўтказиш учун ушбу фаолият турларининг технологик жараёнлари амалдаги «Яшил сертификат»га эга бўлиши;
- техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги тасдиқланиши мажбурий бўлган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган маҳсулотга мувофиқлик сертификати берилиши учун ушбу маҳсулотни ишлаб чиқариш технологик жараёнининг амалдаги «Яшил сертификати» мавжуд бўлиши мажбурий ҳисобланади;
- 2026 йил июл ойига қадар технологик жараёнларни экологик сертификатлаштириш мақсадида шартнома тузган хўжалик юритувчи субъектлар учун сертификатлаштириш ишлари бепул амалга оширилади.
Экологик сертификатлаштириш тегишли аккредитацияга эга бўлган юридик шахслар томонидан ўтказилади.
«Яшил сертификат» олиш учун ариза берувчи сертификатлаштирувчи органга ариза беради. Бир иш куни мобайнида сертификатлаштирувчи орган томонидан мувофиқликни баҳолаш ишларини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Шартнома тузилгандан сўнг сертификатлаштириш органи томонидан мувофиқликни баҳолаш амалга оширилади.
Аҳолига нақд пул шаклида бериладиган айрим молиявий ёрдамлар ижтимоий карта орқали ажратилади
2025 йилнинг 1 октябридан жамғарма маблағлари ҳисобидан фуқароларга нақд пул шаклида бериладиган маблағлар босқичма-босқич ижтимоий карта орқали тақдим этилади.
Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан фуқароларга пул шаклида бериладиган субсидия, грант ва ссудалар босқичма-босқич ижтимоий карта орқали тақдим этилади.
Товарлар божхонада «Ягона дарча» орқали расмийлаштирилади
2025 йил 1 октябрдан товарларни олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит олиб ўтиш бўйича барча сертификат, хулоса ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар фақат «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали расмийлаштирилади.
Бу 25 март куни президентнинг «Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини ташкил этиш ва божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида [ПҚ-122-сон] белгиланган.
1 октябрдан мебел савдолари фақат маҳаллий маҳсулот сертификати билан амалга оширилади
2025 йил 1 октябрдан бошлаб электрон кооперация портали ва давлат харидлари электрон тизимлари операторларининг «Миллий дўкон» саҳифаларида фақатгина маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификатга эга бўлган мебель маҳсулотларини жойлаштириш ва мазкур сертификатга эга тадбиркорлик субъектларининг савдоларда иштирок этишига рухсат берилади.
Инвестиция платформаларида “Тартибга солиш қумдони” режими ишга тушади
21 августдаги президент қарорига мувофиқ, 2025 йил 1 октябрдан 2026 йил 1 октябргача инвестиция платформаларидан «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимида қуйидаги йўналишлар бўйича фойдаланишга рухсат берилади:
- қимматли қоғозларни жойлаштириш ва сотиш;
- венчур вапай фондларини молиялаштириш;
- коммандит ширкатларга ҳисса киритиш.
- Махсус ҳуқуқий режим доирасида:
- юридик шахс мақомига эга тадбиркорлик субъектлари инвестиция жалб этишни талаб этадиган лойиҳаларини ҳамда улушга эга бўлиш орқали тадбиркорлик фаолиятида иштирок этишга оид таклифларини инвестиция платформаларида жойлаштиришга ҳақли;
- инвесторлар инвестиция платформаларида эълон қилинган инвестиция лойиҳаларини танлаш ва уларга маблағ киритиш орқали инвестиция фаолиятини амалга ошириш ҳамда шу орқали фойда олиш ҳуқуқига эга;
- инвестиция платформалари орқали амалга ошириладиган лойиҳаларни бошқариш инвестиция ва бошқарув компаниялари орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.
Давлат хизматчилари сафарлари «Xizmat safari» ягона модули орқали назорат қилинади
Давлат хизматчиларининг хорижий ва ички хизмат сафарларини ташкил этиш, ҳисобини юритиш ва таҳлил қилиш «hrm.argos.uz» электрон тизими таркибидаги «Xizmat safar» ягона модулида амалга оширилади. Бунда:
- хизмат сафарларининг режалари ва натижалари, географияси, ходимлар сони, шунингдек харажатларни онлайн кузатиш имкони яратилади;
- муайян давлат органи фаолияти самарадорлигига хизмат сафарларининг бевосита, оралиқ ва якуний таъсирининг мониторинги олиб борилади;
- давлат хизматчилари ҳар бир хорижий хизмат сафарининг якунлари тўғрисида ҳисобот тақдим этади ва ҳисобот асосида унинг самарадорлиги баҳоланади.
Участкаларни аукционсиз ижарага олиш тартиби жорий этилди
Тадбиркорлар ўзларининг бино ва иншоотларига туташган участкаларни, шу жумладан давлат органлари ва ташкилотлари доимий фойдаланишидаги ерларни (таълим ва тиббиёт муассасалари ҳузуридаги участкалардан ташқари) ижарага олиши мумкин. Ижара қуйидагича амалга оширилади:
- аукциoнсиз – тўғридан-тўғри, агар ер тадбиркор объекти билан чегарадош бўлса;
- бир календарь йил муддатига узайтириш имконияти билан;
- ер солиғи ставкасининг 3 бараваригача миқдордаги ижара ҳақи билан;
- Давлат солиқ қўмитаси назорати остидаги шартномаларни рўйхатга олишнинг электрон тизими орқали.