АҚШ Транскаспий газ қувури қурилишини талаб қиляптими?
2026-йил бошида Қозоғистон ва Ўзбекистон расмийлари Устюрт платосида йирик газ захиралари аниқланганини маълум қилганди. Ушбу конларни ўзлаштириш Транскаспий газ қувури лойиҳасининг иқтисодий самарадорлигини таъминлашга хизмат қилиши мумкин.
© fondsk.ruҚўшма Штатлар сенатори Стив Дэйнснинг Каспий ҳавзаси мамлакатларига амалга оширган ташрифи унинг расмий мақомдаги сўнгги сафарларидан бири бўлиши мумкин. Шу билан бирга, бу ташриф энг муҳим дипломатик ташрифлардан бири сифатида баҳоланмоқда. Бу ҳақда «Eurasianet» ёзди.
Монтана штати вакили бўлган республикачи сенатор Стив Дэйнс Конгрессда АҚШнинг Кавказ ва Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларини мустаҳкамлаш тарафдорларидан бири ҳисобланади. Унинг Сенатдаги ваколат муддати 2027-йил январь ойида якунланади. Яқинда у Озарбайжон, Қозоғистон ва Туркманистонга ташриф буюриб, ушбу давлатлар раҳбарлари билан учрашди. Ташрифнинг юқори даражада ташкил этилгани Дэйнс АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти номидан муҳим музокаралар олиб борган бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Бироқ томонлар музокаралар мазмунини ошкор қилмади.
Расмий баёнотларда асосан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ҳақида умумий фикрлар билдирилди. Жумладан, АҚШнинг Озарбайжондаги элчихонаси 7-июль куни эълон қилган баёнотда Стив Дэйнс Бокуга ташриф буюрган юқори лавозимли америкалик расмийлар қаторига қўшилгани, ташрифдан мақсад АҚШ–Озарбайжон муносабатларини мустаҳкамлаш ва февраль ойида президент Илҳом Алиев ҳамда АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс имзолаган Стратегик шериклик хартиясини амалга ошириш экани таъкидланди.

8-июль куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев сенатор билан учрашувда икки мамлакат ўртасидаги савдо, иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик барқарор суръатларда ўсиб бораётганини қайд этди. Шунга қарамай, бир қатор омиллар Дэйнс ташрифининг асосий мавзуси Каспий денгизи орқали газ қувурини қуриш лойиҳаси бўлган бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Расмий маълумотлар кам бўлса-да, барча учрашувлар ижобий руҳда ўтгани қайд этилган. Туркманистонда Дэйнс нафақат президент Сердар Бердимуҳамедов, балки мамлакатнинг амалдаги асосий раҳбари сифатида қараладиган унинг отаси Гурбангули Бердимуҳамедов билан ҳам музокара ўтказди. Туркманистон расмий баёнотида Ашхобод АҚШ билан ёқилғи-энергетика, транспорт, молия-банк соҳаси, илғор технологиялар ва сунъий интеллект каби йўналишларда ҳамкорлик қилишга тайёр экани билдирилди.

Шунингдек, АҚШнинг Туркманистондан Покистон ва Ҳиндистонга газ етказиб беришга хизмат қиладиган Трансафғон газ қувури лойиҳасини қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирилди. Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашув якунлари ҳақидаги алоҳида ахборотда ҳам энергетика ва транспорт соҳалари икки давлат ҳамкорлигининг асосий йўналишлари сифатида қайд этилди. Туркманистон узоқ йиллар давомида Ғарб билан иқтисодий ҳамкорликка эҳтиёткорлик билан ёндашиб келган. Мамлакат раҳбарияти ташқи таъсирлар ички сиёсий тизимга салбий таъсир кўрсатишидан хавотирда эди. Бироқ сўнгги ойларда Туркманистоннинг Ўрта коридор савдо йўлагига фаолроқ интеграциялашишга интилаётгани кузатилмоқда.
Транскаспий газ қувури лойиҳаси ўнлаб йиллардан буён муҳокама қилиниб келинади. Аммо ҳудудий баҳслар, молиялаштириш муаммолари ва Туркманистоннинг катта газ захираларига эга бўлишига қарамай, уларни қувур орқали экспорт қилишга қизиқиш билдирмагани туфайли лойиҳа амалга ошмай келмоқда.
Ҳозирда эса вазият ўзгараётганга ўхшайди. Туркманистоннинг бу ташаббусга муносабати илиқлашаётгани каби, Қозоғистон ҳам лойиҳага қизиқиш билдирмоқда. Россия–Украина уруши ортидан Россия орқали экспорт йўлларида юзага келган узилишлар Остонани экспорт йўналишларини диверсификация қилишга ундамоқда.
2026-йил бошида Қозоғистон ва Ўзбекистон расмийлари Устюрт платосида йирик газ захиралари аниқланганини маълум қилганди. Мутахассислар фикрича, ушбу конларни ўзлаштириш Транскаспий газ қувури лойиҳасининг иқтисодий самарадорлигини таъминлашга хизмат қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ нефть қазиб олувчи мамлакат бўлмиш Туркманистонда нега ёқилғи танқислиги юзага келаётгани ҳақида ёзган эдик.





