add

Кимга аза, кимга тўй: Эрон инқирози ортидаги катта ўйинлар

Bugun 19:206 daqiqa

Эронда барчаси ортда қолган, намойишлар бостирилгандек туюлганди. Бироқ Ғарб тинчигани йўқ. Трамп республикага қарши мақсадли ҳарбий ҳужум уюштиришга тайёрланмоқда. Европа Иттифоқи эса мамлакатга нисбатан янги санкциялар жорий этяпти. Хўш, бу оғир дамларда эронликларни нималар кутяпти?

Кимга аза, кимга тўй: Эрон инқирози ортидаги катта ўйинлар © Foto: trtrussian.com

Инфляциядан намойишларгача

2025 йил декабр ойи охирида Эронда оммавий норозилик намойишлари авж олди. Аҳоли оғир иқтисодий инқироз сабабли кўчаларга чиқишга мажбур бўлди. Йиллик инфляция даражаси 42 фоиздан ошди. Кузда эса бу кўрсаткич ҳатто 48,6 фоизга етган эди. Миллий валюта рекорд даражада қадрсизланиб, 1 АҚШ доллари тахминан 1,4 миллион риални ташкил қилди.

«Эрон иқтисодиёти — бу шунчаки мавҳум макрокўрсаткичлар эмас, балки пуллар ўз қадрини йўқотаётганига гувоҳ бўлаётган миллионлаб одамларнинг кундалик ҳақиқатидир. Иш ҳақи қўлга тегмасданоқ қадрсизланиб бормоқда. Одамлар бартер усулига, доллар ва олтин жамғаришга ўтмоқда. Маблағни миллий валютада сақлашдан маъно қолмади», — дейди TRT суҳбатдоши.

Нархларнинг кескин ошиши ва девальвация тартибсизликларга туртки берди. Саноқли кунлар ичида иқтисодий шиорлар сиёсий тус олди. Намойишчиларнинг ғазаби Эрон олий диний раҳбари Али Хоминаийга қаратилди. Бунга жавобан ҳукумат хавфсизлик чораларини кучайтирди.

«Эронни яна буюк қиламиз!»

Эрон президенти Масъуд Пизишкиённинг фикрича, кескинлик мамлакат ташқарисидан туриб кучайтирилган ва одамлар атайлаб «провокация қилинган». Унинг сўзларига кўра, иғвогарлар орасида Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Ғарб етакчилари бор. Хусусан, Дональд Трамп оловга мой сепишда фаоллик кўрсатган. АҚШ раҳбари эронликларни намойишларни давом эттиришга бир неча бор чақирган.

«Давлат идораларини эгалланг. Қотил ва зўравонларнинг исмларини сақлаб қўйинг. Улар бунинг учун жавоб беради. Мен намойишчиларнинг маъносиз ўлдирилиши тўхтамагунча Эрон расмийлари билан барча учрашувларни бекор қилдим. Ёрдам йўлда! Эронни яна буюк қиламиз!» — деб баёнот берди Трамп.

Шунга қарамай, республика ҳукумати норозиликларни бостиришга муваффақ бўлди. Эрон Ташқи ишлари вазири Аббос Ароқчининг маълум қилишича, тартибсизликлар давомида мамлакатда «2427 нафар тинч аҳоли ва хавфсизлик кучлари ходимлари, шунингдек, 690 нафар террорчи ҳалок бўлган».

Соўнгги кунларда мамлакатдаги вазият барқарорлашган бўлса-да, АҚШ ва Европа Иттифоқи тинчигани йўқ. Оқ уйга яқин CNN манбаларининг хабар беришича, Дональд Трамп яна Эронга ҳужум қилишни режалаштирмоқда. Вариантлардан бири — намойишларни бостиришга масъул бўлган куч тузилмалари ва мамлакат раҳбариятига зарба беришдир. Шунингдек, ядровий объектлар ва давлат идораларини нишонга олиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.

Reuters агентлигининг ёзишича, Трампнинг ҳозирги мақсади — Эронда ҳокимиятни алмаштириш. Шу билан бирга, агентлик хабарига кўра, Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Эронга қарши янги санкцияларни қабул қилган. Навбатдаги чекловлар «намойишчиларни шафқатсизларча бостириш ва Россияни қўллаб-қувватлаш»га алоқадор жисмоний ва юридик шахсларга қаратилган.

Эски ҳаммом, эски тос

Санкциялар Ғарбнинг севимли босим ўтказиш воситаси ҳисобланади. Бироқ Эрон бунга ўрганиб қолган. 2006–2010 йилларда ядро дастурини ривожлантиргани учун мамлакатга нисбатан халқаро чекловлар жорий этилган эди. Кейинчалик мамлакат SWIFT халқаро молия тизимидан узиб қўйилди. Бундан ташқари, Эроннинг асосий экспорт маҳсулоти бўлган нефтга ҳам эмбарго қўйилди. Бундай кескин чоралар мамлакат иқтисодиётига дарҳол таъсир кўрсатди. «Қора олтин» савдосидан келадиган даромадлар кескин камайди, риал курси эса қулади.

Шундан сўнг бироз тин олиш даври бўлди. Эронга 2015 йилда ядровий келишувга эришиш насиб қилди. Ўшанда санкцияларнинг бир қисми бекор қилинди. Мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) дарҳол ўсишни бошлади. Аммо бу узоққа чўзилмади. Уч йил ўтиб — Трампнинг биринчи президентлиги даврида — АҚШ санкцияларни яна кучайтирди. Ва барчаси яна эски ҳолига қайтди. 2020 йилга келиб мамлакатда инфляция даражаси яна икки хонали сонга етди, ишсизлик ортди, миллий валюта эса девальвацияга учради.

Бундай шароитда Эрон ҳукумати импорт ўрнини босишга эътибор қаратди ва савдони Шарқ бозорларига йўналтирди. Шунга қарамай, экспорт ҳажми сезиларли даражада камайди. Экспертларнинг таъкидлашича, Эроннинг ҳозирги иқтисодий инқирози деярли тўлиқ молиявий яккаланиш оқибатидир. Мамлакат халқаро ҳисоб-китоблардан узиб қўйилди, захиралари музлатилди ва нефтни эркин сотиш имкониятидан маҳрум қилинди. Экспорт «кулранг» схемалар орқали жуда катта чегирмалар билан амалга оширилмоқда. Асосан — Хитойга. Бюджетдаги «туйнуклар» пул босиб чиқариш ҳисобига ёпилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, инфляцияни янада кучайтиряпти. Озиқ-овқат инфляцияси йилига 70 фоизга етди. Бундан ташқари, капиталнинг оммавий чиқиб кетиши кузатилмоқда — охирги бир йилда мамлакатдан турли ҳисоб-китобларга кўра 15–20 миллиард доллар олиб чиқиб кетилган. Аҳолининг риалга бўлган ишончи бутунлай йўқолган.

Эрон иқтисодиётини нималар кутяпти?

Ҳозирда экспертлар Эрон иқтисодиёти ривожининг бир неча сценарийларини тахмин қилмоқда. Улардан нисбатан енгилроғи — кескин қулашларсиз давом этадиган узоқ муддатли турғунликдир. «Ҳукумат назоратини сақлаб қолади, норозилик кайфияти сўнади, иқтисодиёт сурункали инқироз режимида яшашда давом этади. Бундай ҳолатда риал 1 долларга нисбатан 1,2–1,3 миллион оралиғида сақланиб қолиши мумкин. Инфляция 40–50 фоиз даражасида қолади, ЯИМ эса, Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, яна 2–3 фоизга қисқаради», — дейди 5D Consulting асосчиси Олеся Шевцова TRT нашрига.

Эрон, шунингдек, Хитой орқали нефть экспорт қилишни давом эттиради. Экспертларнинг баҳолашича, барқарор вазиятда Brent маркали нефтнинг глобал нархи бир баррель учун 60–65 доллар атрофида бўлади. Бироқ вазиятнинг кескинлашишини ҳам истисно қилиб бўлмайди. Али Хоминаий, агар АҚШ Эронга зарба берса, бу минтақавий даражадаги можарога айланади, деб баёнот берган.

Ушбу ҳолатда риал 1 доллар учун 2–2,5 миллионгача қадрсизланади. Инфляция 80–100 фоизни ташкил қилади. Эрон иқтисодиётининг пасайиши эса 4–6 фоизга етади. «Бундай сценарийда нефть экспорти 30–50 фоизга камаяди. Кучли таранглик сақланиб қолган тақдирда, нефть нархи йил охирига келиб бир баррель учун 85–91 долларгача кўтарилиши мумкин», — дейди мутахассис.

Воқеалар ривожининг энг кескин варианти — жаҳон нефть етказиб бериш ҳажмининг қарийб бешдан бир қисми ўтадиган Ҳурмуз бўғозининг блокада қилинишидир. Бундай вазиятда «қора олтин» нархи дастлабки кунлардаёқ 100–150 долларгача, блокада бир ой давом этган тақдирда эса 250–350 долларгача кўтарилиб кетиши мумкин.

Кимлар ютади-ю, кимлар ютқазади?

Шунча воқеаларга қарамай, жаҳон бозорлари Эрон инқирозини босиқлик билан қарши олди. Нефтнинг ҳар бир баррели учун хавф мукофоти (risk premium) атиги 4 доллар атрофида баҳоланмоқда. Инвесторлар можаронинг кенг кўламли тус олишига ишонишмаяпти. Бунинг устига, углеводород бозорида ортиқча таклиф бўлиши кутилмоқда. 2026 йилга келиб таклиф ҳажми суткасига 3 миллион баррелдан ошиб кетиши мумкин. Қолаверса, Эрон нефти ўрнини ОПЕК давлатлари бемалол тўлдира олади.

«Аммо ҳақиқий кескинлашув юз берса, хавф-хатарлар бир зумда қайта баҳоланади. Нархлар бир неча кун ичида 10–20 долларга кўтарилишини тахмин қилиш мумкин», — дея давом этади Шевцова.

Гап шундаки, Саудия Арабистони ва БАА орқали ўтувчи муқобил йўналишлар Ҳурмуз бўғози орқали етказиб бериладиган нефть йўқотишларининг фақат учдан бир қисминигина қоплай олади, холос.

Бироқ, кимдир ютқазган жойда, бошқа биров албатта ютади. Бу вазиятдан энг йирик нефть экспортчилари — Саудия Арабистони, БАА ва Россия катта фойда кўради. Уларнинг даромадлари 20–40 фоизга ошиши мумкин. Шунингдек, суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқарувчилар ҳам фойда кўради. Мағлублар эса — импорт қилувчи давлатлар бўлади. Масалан, Хитой арзон Эрон нефтидан маҳрум бўлади ва ойига 3–6 миллиард доллар зарар кўради. Ҳиндистон, Япония ва Жанубий Корея харажатларнинг 10–25 фоизга ортишига дуч келади. Европада эса инфляция яна 1–2 фоиз пунктига тезлашади.

Энг катта зарбани ривожланаётган давлат иқтисодиётлари олади. Импорт тўловларининг 30–50 фоизга ўсиши валюта ва қарз инқирозларини келтириб чиқариши мумкин.

Шундай қилиб, Эрон инқирози жаҳон иқтисодиёти нақадар мўрт эканини яна бир бор кўрсатди. Дунё ҳамон Ҳурмуз бўғози каби стратегик нуқталарга қаттиқ боғлиқлигича қолмоқда.

Teglar

Mavzuga oid