
Одилхон қори устидан суд, дронларга эркинлик ва қаердалиги айтилмаётган амалдорлар — 26 январ дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Қийин аҳволда қолган ўзбекистонликларни ватанга қайтариш учун қанча маблағ сарфлангани маълум бўлди
2025 йил давомида хорижда оғир ижтимоий ва молиявий вазиятга тушиб қолган 3 709 нафар Ўзбекистон фуқароси давлат кўмагида юртига қайтарилди. Ушбу мақсадлар учун бюджетдан жами 15,9 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Фуқаролар дунёнинг 22 та давлатидан олиб келинган бўлиб, улар орасида иш берувчилар томонидан алданган, ҳужжатларидан маҳрум бўлган ёки соғлиги ёмонлашган шахслар бор. Хусусан, «Ватанга қайтариш» хайрия акцияси доирасида бир ой ичида 1 300 киши ватанга қайтарилган.
Давлат нафақат фуқароларни қайтариш, балки уларнинг меҳнат ҳуқуқларини тиклаш билан ҳам шуғулланди. Йил давомида хорижий иш берувчилардан 3 минг нафардан ортиқ фуқаронинг жами 1,9 миллион доллар миқдоридаги тўланмаган иш ҳақлари ундириб берилди. Шунингдек, 400 дан ортиқ кишининг йўқолган ҳужжатлари тикланди ва 9 мингдан зиёд қайтган фуқароларнинг бандлиги таъминланди.
Ўзбекистонда дронлардан фойдаланиш бўйича чеклов юмшатилади
«Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида тайёрланган президент фармони лойиҳасига кўра, мамлакатда учувчисиз учадиган аппаратлардан (дронлардан) фойдаланиш босқичма-босқич эркинлаштирилади. Янги тартиб юридик шахсларга дронларни олиб кириш, ишлаб чиқариш ва улардан иқтисодиётнинг турли тармоқларида, жумладан, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва логистика соҳаларида фойдаланиш имконини беради. Барча жараёнлар махсус лицензия ва сертификатлар асосида қатъий тартибга солинади.
Ҳаво ҳудуди хавфсизлигини таъминлаш мақсадида дронлар учун «яшил», «сариқ» ва «қизил» зоналар тизими ҳамда ягона рақамли назорат инфратузилмаси жорий этилади. Шунингдек, дрон бошқарувчилари учун махсус ўқув курслари ва гувоҳнома бериш тизими йўлга қўйилиши белгиланган. Транспорт ва Рақамли технологиялар вазирликларига 2026 йил июн ойига қадар соҳани тартибга солувчи якуний ҳужжатни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.
Одилхон қори ва унинг шериклари қамоққа олинди
Тошкентдаги «Шайх Зайниддин» жоме масжидининг собиқ имоми Одилхон қори Исмоилов ва унинг 6 нафар шеригига нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Олий суд матбуот котиби Азиз Абидовнинг сўзларига кўра, айбланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг бир қатор моддалари, жумладан, ўзлаштириш ёки растрата қилиш (167-модда), солиқ тўлашдан бўйин товлаш (184-модда) ва мансаб сохтакорлиги (209-модда) каби айбловлар қўйилган. Ҳозирда жиноят иши Наманган вилояти Поп тумани судида очиқ тарзда кўриб чиқилмоқда.
Судланувчиларнинг 5 нафарига, жумладан Одилхон қорига нисбатан «қамоққа олиш», бир кишига эса «гаров» эҳтиёт чораси белгиланган. Олий суд жараён якунланганидан сўнг батафсил маълумот берилишини ваъда қилмоқда.
Собиқ амалдорлар қамоқда...ми?
Ишдан олинишидан аввал юқори лавозимда ишлаган мансабдорлар қамоққа олинса ёки суд қилинса, фақат гап-сўзлар болалайди. Ҳамма ОАВлар ўз манбаларига таяниб ахборот беради холос. На собиқ амалдорлар ишлаб кетган орган, на жиноят ишини тергов қиладиганлар маълумот бермайди. Матбуот котиблари ҳам билмаймандан наригига ўтмайди, одатда. Ёки сан-салор қилишади. Бунинг ортидан тармоқларда турли ахборотлар тарқалади ва одамлар кимга, қайси манбага ишонишни билмай ҳам қолади.
Бу ҳолатда ҳам айнан шундан бўлди. Январ ойи бошида ИИВнинг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ва Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи Рустам Турсунов қамоққа олингани ҳақидаги гаплар болалади. Тарқалган хабарларда икки мулозим йирик миқдорда давлат мулкини ўзлаштиргани айтилмоқда. Январ ойи бошида тармоқларга сиздирилган бу хабарни январ ойи охирига келиб ҳам ҳеч қайси идора тасдиқламади.
Ишдан олиб, қамоққа ташланиши айтилмоқдаган полковник Бекмурод Абдуллаев 2021 йилнинг апрел ойида Президентнинг тегишли қарорига асосан Ички ишлар вазирининг ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимига тайинланган эди. Унгача у Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
Куч тузилмасининг қамоққа олингани айтилаётган яна бир собиқ ходими Рустам Турсунов. У Навоий вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида фаолият юритган ва 2021-йилнинг феврал ойида ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган эди. Турсунов жамоатчиликка у қадар очиқ бўлмаган раҳбар қаторида турган. Икки мулозим нега ишдан олингани ҳозиргача очиқланмаган. Ўша вақтда уларнинг жиноят содир этгани аниқмиди ёки бошқа сабаб билан ишдан олинганми — бу бизга қоронғу.
Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи маълум қилинди
2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал иш ҳақи 6 376,7 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 18,9 фоизга ўсди. Ҳудудлар кесимида энг юқори маош Тошкент шаҳрида (10,7 млн сўм) ва Навоий вилоятида (7,8 млн сўм) қайд этилган бўлса, энг паст кўрсаткичлар Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида (4,4 млн сўм атрофида) кузатилди. Наманган вилояти эса иш ҳақининг ўсиш суръати бўйича (22,8 фоиз) етакчилик қилди.
Соҳалар бўйича энг баланд маошларни банк ва молия (17,5 млн сўм) ҳамда ахборот технологиялари (15,2 млн сўм) ходимлари олмоқда. Энг паст иш ҳақи эса соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасида (3,9 млн сўм) сақланиб қолмоқда. Қурилиш ва умумий овқатланиш соҳаларида ўсиш суръати нисбатан паст бўлган бўлса, санъат ва дам олиш йўналишида маошлар 26,4 фоизгача кескин кўтарилган.
2025 йилда Ўзбекистонга гўшт импорти кескин ўсган
2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонга гўшт импорти ҳажми рекорд даражада ўсди. Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, йил давомида 156,9 минг тонна мол гўшти (661,2 млн долларлик) олиб келинган бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан қарийб 70 фоизга кўпдир. Қўй гўшти импорти эса 2,5 бараварга ошиб, 33 минг тоннага етди. Товуқ гўшти импорти ҳам ўсишда давом этиб, 64,9 минг тоннани ташкил этди. Мутахассислар бу ҳолатни ички бозорда талабнинг юқорилиги ва ишлаб чиқариш харажатлари ортгани билан изоҳламоқда.
Импорт ҳажми билан бирга ички бозордаги нархлар ҳам сезиларли қимматлашган. Йил давомида мол гўшти нархи 23,9 фоизга, қўй гўшти эса 26,8 фоизга ошди. Мол гўшти импортининг ўртача божхона қиймати бир килограмм учун 4,2 долларни ташкил этган (2024 йилда 3,9 доллар бўлган).





