Олий таълим муассасаларидаги тадқиқот марказлари: улар қандай шароитда самарали ишлайди?
Ўзбекистонда олий таълим муассасалари ҳузуридаги тадқиқот марказлари сони кўпаймоқда. Ташкил этилаётган мазкур илмий марказлар қандай шароитларда ўз самарасини кўрсатиши мумкинлиги ҳақида АҚШнинг Пенсилвания давлат университети битирувчиси, ҳуқуқшунос Умид Собиров маълумот берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 ноябрдаги ПФ–232-сон Фармонига мувофиқ Тошкент давлат юридик университетида тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур қарор олий таълим муассасаларида илмий-тадқиқот инфратузилмасини мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги қадам сифатида кўрилмоқда. Шу билан бирга, бундай марказларнинг реал самарадорлиги масаласи доимий савол бўлиб қолмоқда: тадқиқот марказлари илмий муҳитни шакллантиришда қанчалик муҳим ва улар қандай шароитда ҳақиқий илмий натижа бера олади?
Ўзбекистонда тадқиқот марказларининг асосий қисми давлат органлари ҳузурида фаолият юритади. Уларнинг аксарияти давлат сиёсати ва қонунчиликни илмий-аналитик жиҳатдан таъминлашга қаратилган бўлиб, бу фаолият мамлакат учун муҳим аҳамиятга эга.
Бироқ мазкур марказ ёки институтларнинг ишлаш модели асосан амалий эҳтиёжлар ва давлат буюртмаларига боғланган. Тадқиқот йўналишлари кўпинча муайян норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, таҳлил қилиш ёки баҳолаш билан чекланиб қолади. Бу ҳолат тадқиқотларнинг узоқ муддатли, фундаментал ёки назарий йўналишларда ривожланиш имкониятларини чеклаши мумкин.
Университетлар ҳузуридаги мустақил тадқиқот марказлари эса ҳозирча Ўзбекистонда кенг тарқалмаган. Айрим олий таълим муассасаларида бундай марказлар мавжуд, аммо улар кўпроқ ташкилий ёки лойиҳа асосидаги фаолият билан чекланади. Тадқиқот марказлари университет ҳаётининг марказий бўғинига айланиши, назаримизда, ҳали тўлиқ шаклланиб улгурмаган.
Халқаро тажрибага юзланадиган бўлсак, тадқиқот марказлари бир неча модел асосида фаолият юритади. Айрим давлатларда (масалан, Германияда “Helmholtz” ёки “Max Planck” жамиятлари) мустақил миллий тадқиқот институтлари мавжуд бўлиб, улар давлат томонидан барқарор молиялаштирилади ва узоқ муддатли илмий дастурлар асосида ишлайди. Ёки баъзи мамлакатларда тадқиқот фаолиятининг асосий қисми университетлар ҳузуридаги марказлар орқали амалга оширилади. АҚШ, Буюк Британия, Финландия каби давлатларда университет илмий тадқиқотнинг асосий майдони ҳисобланади.
Бу моделларни бирлаштириб турадиган жиҳат шундаки, давлат молиялаштируви мавжуд бўлади, аммо тадқиқот мавзулари ва методологияси тўлиқ академик мустақиллик (academic freedom) асосида белгиланади. Яъни, давлат тадқиқотни қўллаб-қувватлайди, бироқ унинг мазмунини бевосита буюртма қилмайди ёки уларнинг фаолиятига таъсир кўрсатмайди. Айнан шу мустақиллик илмий сифат ва ишончлиликни таъминлайди.
Тадқиқот марказларининг самарали ишлаши, албатта, уларнинг молиялаштириш механизмларига бевосита боғлиқ. Одатда бу каби илм марказларининг молиявий манбаси давлат бюджети, очиқ ва рақобатли грантлар ёки хусусий фондлар ва халқаро донорлар ҳисобланади.
Халқаро тажрибада илмий тадқиқотлар учун ажратиладиган молиявий ресурслар миқёси тадқиқот марказларининг институтсионал барқарорлигига бевосита таъсир кўрсатади. Хусусан, АҚШ, Япония ва Германияда илмий тадқиқот ва ривожланишга (R&D) сарфланган харажатлар ЯИМнинг қарийб 3 фоизидан ортиғини ташкил этади, бу университетлар ва мустақил илмий институтларга узоқ муддатли тадқиқот дастурларини юритиш имконини беради. Молиялаштиришнинг юқори даражаси очиқ ва рақобатли грант механизмлари билан уйғунлашган ҳолда академик мустақилликни мустаҳкамлайди ва илмий сифатни рағбатлантиради. Аксинча, молиявий ресурслар чекланган шароитда тадқиқотлар қисқа муддатли буюртмалар доирасида қолиб кетиш хавфи ортади.
Давлат | R&D сарфи (УСД, йиллик) | R&D харажатлари (% ЯИМ) | Глобал R&D рейтинги[1] |
АҚШ (2024/2025) | ~$781,8 миллиард$ | ~3,46 % | Жаҳонда энг юқори сарфловчи давлатлардан бири |
Япония (2024/2025) | ~$186,0 миллиард$ | ~3,30 % | Жаҳонда учинчи йирик Р&Д сарфловчи давлат |
Германия (2024/2025) | ~$132,2 миллиард$ | ~3,14 % | Европадаги етакчи Р&Д инвестори |
Изоҳ: АҚШ, Германия ва Япония бўйича илмий тадқиқот ва ривожланишга (R&D) ажратиладиган маблағлар бўйича статистик маълумотлар. Ўзбекистон Миллий статистика қўмитасининг 29.07.2025-йилдаги маълумотларига таянилса, Ўзбекистонда илмий тадқиқотлар ва тажриба-конструкторлик ишланмаларига жами тахминан 1,574,1 миллиард сўм сарфланган. Бу 2023-йилга нисбатан қарийб 13,3 % га ошган.
Ўзбекистонда тадқиқот фаолияти кўпроқ лойиҳа ва буюртмалар асосида шаклланиб келмоқда. Бу тадқиқот марказларини, юқорида айтилганидек, қисқа муддатли вазифаларни бажарувчи тузилмаларга айлантириб қўйиш хавфини келтириб чиқаради. Ҳолбуки, илмий тадқиқот маркази институтсионал хотирага, мустақил илмий йўналишларга ва узоқ муддатли стратегияга эга бўлиши керак. Яъни, тадқиқот маркази бир марталик лойиҳалар эмас, балки йиллар давомида шаклланадиган илмий мактаб ва тажриба тўпланадиган муассаса бўлиши лозим. Шундагина, биз ҳам дунё эътироф этиши мумкин бўлган илмий лойиҳа ва тадқиқотлар қилишимиз мумкин бўлади.
Бу масала илмий муҳит сифати билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Лингвист Ирода Азимова илмий тадқиқотдаги муаммолар, аввало, таълим сифатидан бошланишини таъкидлайди. Унинг фикрича, ёдлашга асосланган таълим танқидий фикрлашни шакллантирмайди, ҳолбуки илмий тадқиқот айнан шу кўникмага таянади. Танқидий фикрлаш машқ орқали ривожланадиган, вақт талаб қиладиган жараёндир.
У шунингдек, университетни фақат дарс ўтиладиган жой эмас, балки илмий изланишлар маркази сифатида кўриш зарурлигини қайд этади. Амалдаги тизимда ўқитувчининг дарс юкламаси юқори бўлиб, илмий изланиш учун етарли вақт ва шароит қолмайди. Мақола чоп этиш бўйича қўйилаётган талаблар реал илмий жараён билан ҳар доим ҳам мос келавермайди. Чунки нуфузли халқаро журналларда мақола нашр қилиш бир неча ой, баъзан эса бир неча йил давом этадиган мураккаб жараён ҳисобланади.
Азимова келтирган Германия тажрибаси ҳам эътиборга молик: у ерда PhD талабалари учун асосий мезон мақолалар сони эмас, балки диссертатсиянинг сифати ҳисобланади. Бу ёндашув илмий жараёнда сифат устуворлигини кўрсатади.
Ватандошимиз, Кембридж университети профессори Шерзод Муминов эса халқаро академик муҳитда «Publish or Perish» — «чоп қил ёки илмий майдондан чиқиб кет» тамойили мавжудлигини таъкидлайди. Бироқ бу тамойил сонни эмас, сифатни рағбатлантиради. Илмий мақоланинг қиймати унинг нечта олим томонидан фойдаланилгани, қанчалик ситата қилинганлиги, қайси журналда чоп этилгани билан белгиланади. Импаcт-фаcтор, пеер-ревиеw механизми ва академик баҳолаш тизими айнан шу мақсадга хизмат қилади.
Унинг фикрича, олимлардан халқаро журналларда мақола чоп этиш талаб қилинар экан, улар учун зарур шароит ҳам яратилиши лозим. Акс ҳолда, талаб ва имконият ўртасидаги номутаносиблик сифатсиз ва ишончсиз илмий ишлар сонининг ортишига олиб келиши мумкин.
Шу нуқтада тадқиқот марказлари масаласи янада кенгроқ маънога эга бўлади. Тадқиқот маркази бутун илмий экотизимнинг бир қисми ҳисобланади. Бу экотизим қуйидагиларни ўз ичига олади:
таълим сифати;
университетнинг илмий муҳит сифатида шаклланиши;
академик мустақиллик;
илмий баҳолаш мезонлари;
барқарор ва шаффоф молиялаштириш механизмлари.
Шу боис, Тошкент давлат юридик университети факултетларида тадқиқот марказлари фаолиятини ташкил этилиши ижобий институтсионал қадам бўлиши мумкин. Бироқ унинг ҳақиқий самарадорлиги марказларнинг қандай модел асосида ишлаши, қанчалик мустақил бўлиши, университет ҳаётига қанчалик интегратсиялашиши ва илмий сифат мезонларига қанчалик таянишига боғлиқ бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, тадқиқот марказларини ташкил этиш ёки улар фаолиятини йўлга қўйишнинг ўзи илмий муҳитни автоматик тарзда ривожлантириб юбормайди. Улар фақат муайян шарт-шароитлар мавжуд бўлгандагина самарали ишлайдиган институтга айланиши мумкин. Бундай шартларга, аввало, таълим сифатининг юқори бўлиши, университетнинг ҳақиқий маънода илмий муҳит сифатида шаклланиши, академик мустақилликнинг таъминланиши, илмий баҳолаш мезонларида сифат устувор бўлиши ҳамда барқарор ва шаффоф молиялаштириш механизмларининг мавжудлиги киради.
Шу маънода, ОТМларда тадқиқот марказлари фаолиятини йўлга қўйиш ижобий ва зарур қадам ҳисобланади. Бироқ уларнинг ҳақиқий самараси фақат ташкилий қарорлар билан эмас, бутун илмий экотизимнинг қандай ишлаши билан белгиланади. Агар таълимдан тортиб молиялаштиришгача бўлган тизим уйғун ва изчил ривожланса, тадқиқот марказлари ҳақиқатан ҳам илмий муҳитни шакллантирувчи, сифатли тадқиқотларни яратадиган ва жамият учун аҳамиятли натижалар берувчи институтларга айланиши мумкин.
Умид Собиров,
Тошкент давлат юридик университети тадқиқот маркази илмий ходими





