add

Пропагандага кескин жавоб, оммавий заҳарланиш ва кутилаётган қор — 12 январ дайжести

Kecha 23:383 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Пропагандага кескин жавоб, оммавий заҳарланиш ва кутилаётган қор — 12 январ дайжести

Ҳафта давомида айрим ҳудудларда ёмғир ва қор ёғиши кутилмоқда

Ўзбекистонда жорий ҳафта об-ҳавонинг кескин ўзгариши билан бошланмоқда. «Ўзгидромет» хабарига кўра, ҳафтанинг биринчи ярмида ҳаво ҳарорати сезиларли даражада иссиқ бўлиб, айрим жанубий ҳудудларда +20 даражагача илиқлик кузатилади. Бироқ ҳафта ўртасидан бошлаб мамлакатнинг деярли барча вилоятларида ёмғир ва қор ёғиши, ҳароратнинг эса -7 даражагача совуши кутилмоқда.

Хусусан, Тошкент, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида 16-17 январь кунлари ёғингарчилик бўлиши, Қорақалпоғистон ва Хоразмда эса кучли шамол (секундига 17 метргача) эсиши прогноз қилинмоқда. Тоғли ҳудудларда ҳам ҳафта охирига бориб совуқ тушиши ва қор ёғиши кутиляпти.

«Ягона норозилик нотаси берилиши керак» — фикр етакчилари Соловёвнинг таҳдидли чиқиши ҳақида

Пропагандачи бир неча кун аввалги эфирларидан бирида Россия, худди АҚШ Венесуэлада қилганидек, «халқаро ҳуқуққа тупуриши» ва Арманистон ҳамда Марказий Осиё республикаларининг Россия «таъсир доираси»дан чиқиб кетишига йўл қўймаслик учун уларнинг ички ишларига куч билан аралашиш имкониятини кўриб чиқиши кераклиги ҳақида аҳмоқона фикр билдирганди.

«Арманистондан айрилиш — бу биз учун стратегик инқироздир. «Бизнинг Осиё», яъни улар Марказий Осиё деб атайдиган минтақадаги муаммолар эса Россия учун ҳалокатли хавф туғдириши мумкин. Биз ниҳоят мақсад ва вазифаларимизни кескин ва аниқ белгилаб олишимиз шарт. Шуни очиқ айтиш керакки: ўйинлар тугади. Халқаро ҳуқуқ ва сохта тартиб-қоидаларга қарашнинг ҳожати йўқ. Агар миллий хавфсизлигимизни ҳимоя қилиш учун Украинада махсус ҳарбий операция бошлашга мажбур бўлган бўлсак, нима учун айнан шу мантиқ билан таъсир доирамизнинг бошқа стратегик нуқталарида ҳам худди шундай ҳаракатларни амалга ошира олмаймиз?» — деганди у.

Марказий Осиё давлатларида ҳам жамоатчилик орасида бу фикрлар кескин норозиликни келтириб чиқарди. Хусусан, ўзбекистонликлар буни шунчаки «ҳайп» эмас, балки мустақил давлатлар суверенитетига очиқдан-очиқ тажовуз сифатида баҳоламоқда.

Профессор Шерзодхон Қудратхўжа буни Украина сценарийсининг «репетицияси» деб атаган бўлса, журналист Илёс Сафаров Соловёвга нисбатан «персона нон грата» (хоҳланмаган шахс) мақомини беришни таклиф қилди. Жамоатчилик фаоли Азиза Умарова эса миллий иммунитетни мустаҳкамлаш учун тақиқланган «Отамдан қолган далалар» фильмини экранларга қайтаришни сўради. Иқтисодчи Отабек Бакиров эса минтақа давлатларини ягона норозилик нотаси бериш орқали кучли позиция кўрсатишга чақирди.

Бухорода 20 нафар ўқувчи заҳарланди

11 январ куни Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги ўқув марказида 20 нафар абитуриент овқатдан заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилди. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг маълум қилишича, беморлар зудлик билан туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган ва зарур муолажалар кўрсатилган.

Кўрилган муолажалар натижасида 20 нафар абитуриентнинг аҳволи барқарорлашган. Улар амбулатор даволаниш учун уйига жавоб берилган. Ҳозирда ҳолат сабабларини аниқлаш мақсадида беморлардан қон намуналари олиниб, белгиланган тартибда экспертизага юборилган.

Хорижий тил ўқитувчилари мажбуран ишдан бўшатиляпти — Меҳнат инспекцияси

Давлат меҳнат инспекцияси хорижий тил ўқитувчиларининг меҳнат ҳуқуқлари бузилаётгани юзасидан кескин баёнот билан чиқди. Маълум бўлишича, айрим иш берувчилар сертификати бўлмаган ўқитувчиларга ойлик бермаслик, уларни ишдан четлатиш ёки мажбуран бўшатиш ҳолатларига йўл қўймоқда.

Аслида, B2 даражадаги сертификат олиш талаби 2026 йил 1 январгача узайтирилган ва унгача ўқитувчиларнинг ишлашига расман рухсат берилган. Вазирлик ҳам ишдан бўшатиш бўйича ҳеч қандай кўрсатма берилмаганини тасдиқлади. Меҳнат инспекцияси бундай ҳолатларни қонунбузарлик деб атаб, жабрланган ўқитувчиларни ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун мурожаат қилишга чақирди.

Teglar

Mavzuga oid