
Бухорода 20 нафар ўқувчи заҳарланди
Қоракўл туманидаги ўқув марказида таҳсил олаётган 20 нафар абитуриентнинг саломатлиги ёмонлашгани ҳақида тез тиббий ёрдам хизматига хабар келиб тушган.

11 январ куни Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида жойлашган ўқув марказида таҳсил олаётган 20 нафар абитуриент саломатлиги ёмонлашгани ҳақида тез тиббий ёрдам хизматига хабар келиб тушган. Ҳолат зудлик билан назоратга олиниб, беморлар туман тиббиёт бирлашмасига етказилди, деб хабар бермоқда Бухоро вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати.
Маълумотларга кўра, вилоят ҳокимининг тезкор топшириғига биноан, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Элёр Олтиев раҳбарлигида ишчи гуруҳ тузилган.
Барча беморлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг амалдаги стандартлари асосида лаборатор ҳамда инструментал текширувлардан ўтказилган. Шифокорлар томонидан зарур тиббий чора-тадбирлар кўрилиб, беморларнинг ҳолати доимий кузатувга олинган.
Кўрилган муолажалар натижасида 20 нафар абитуриентнинг аҳволи барқарорлашган. Улар амбулатор даволаниш учун уйига жавоб берилган.
«Ҳар бир беморга ҳудудий оилавий шифокор ва патронаж ҳамшираси бириктирилган бўлиб, уларнинг кейинги ҳолати маҳаллий тиббий хизмат томонидан назорат қилинади»,— дейилади хабарда.
Айни пайтда барча беморларнинг аҳволи қониқарли, қўшимча шикоятлар қайд этилмаган. Шу билан бирга, ҳолат сабабларини аниқлаш мақсадида беморлардан қон намуналари олиниб, белгиланган тартибда экспертизага юборилган.





