add

Самолётдан қиммат поезд чипталари: субсидия бор, нарх нега ошяпти?

Bugun 17:187 daqiqa

Ўзбекистонда феврал ойидан барча йўловчи поезд чипталари нархи 15 фоизга ошади. 2026 йилда темирйўл соҳасига қарийб 700 млрд сўм субсидия ажратиш режалаштирилганига қарамай, навбатдаги юк яна йўловчилар елкасига тушмоқда.

Самолётдан қиммат поезд чипталари: субсидия бор, нарх нега ошяпти?

Ўзбекистонда 1 февралдан бошлаб яна бир қатор йўловчи поездларининг нархлари 15 фоизга оширилади. Маълумот учун, охирги марта роппа-роса бир йил олдин — 2025 йилнинг 1 февралидан бошлаб «Афросиёб» чипталари 20–25 фоизга, «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» чипта нархлари 30 фоизга, ётоқли поездларники эса 10,5 фоизга кўтарилган.

Сценарий ҳар сафар бир хил: сабаб сифатида юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларга техник хизмат кўрсатиш ва эҳтиёт қисмлар харажатлари ошгани, электр энергияси ва эксплуатация харажатларининг кўпайгани, ҳаракат хавфсизлигини тўлиқ таъминлаш ҳамда халқаро стандартлар даражасида хизмат кўрсатишни давом эттириш зарурати, электропоездлар инфратузилмасини сақлаш ва доимий модернизация қилиш ишлари ҳамда йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш айтилмоқда.

Хусусан, «Афросиёб» халқ орасида аллақачон «бойлар поезди» сифатида қараш бошланган. Нархларнинг осмонга ўралиб кетгани бир масала бўлса, унинг қанчалик чўнтакбоплиги бошқа масала.

Ҳисоблаб кўрилса, 2023 йилнинг ноябридан буён поезд чипталари нархи оз эмас, нақ 3,6 каррадан кўпга ошган. Охирги 2 йилда фоизга ҳисобласак, 200 фоизга кўтарилган.

Соддароқ қилиб тушунтирганда, 2 ярим йил аввал Тошкент–Бухоро йўналишида «Афросиёб» чиптаси 140 минг сўм бўлса, энди февралдан 509 минг сўм бўлади. Бу оддий талаба ёки йўловчининг имкониятларига мос эканлиги алоҳида савол остида.


«Афросиёб» чипталарининг эски ва янгиланадиган нархлари:

Toifa

Hozirgi narx (so‘m)

Yangi narx (so‘m)

Toshkent — Buxoro

VIP

875 ming

1 mln 138 ming 

Biznes

661 ming

760 ming

Ekonom

443 ming

509 ming

Toshkent — Qarshi

VIP

751 ming

976 ming

Biznes

558 ming

642 ming

Ekonom

372 ming

429 ming

Toshkent — Samarqand

VIP

616 ming

709 ming

Biznes

396 ming

455 ming

Ekonom

270 ming

311 ming

Жадвал eticket.railway.uz сайтидаги маълумотлар асосида тайёрланди


2023 йил октябрда 100 фоизга, 2024 йил 20 январдан 20 фоизга ҳамда 2024 йил 15 майдан эконом класс 20 фоизга, бизнес класс 30 фоизга ҳамда VIP класс 40 фоизга ошган. Сабаб эса доим бир хил: кредит мажбуриятлари, электр энергияси нархининг ошиши, техник кўрик ҳамда инфратузилма харажатлари қайд этилган.

«Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» йўловчи поездлари ҳам нархлар ошиши масаласида электропоезддан қолишмайди. Охирги марта 2025-йил 1 февралда уларнинг чипталари 30 фоизга оширилган.

Масаланинг бошқа томонларига ҳам савол билан ёндашсак. Нархлар ошишга ошади, лекин ҳануз нега энг катта субсидия яна транспортга ажратилади? Инфляция кутилмаларида ҳам аҳоли ва тадбиркорларнинг энг катта хавотирлари орасида доим транспорт омили етакчи? Хизматнинг сифати унинг таннархига мутаносиблигичи?

Темирйўл учун ажратилган субсидия

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тақдим қилинган 2026–2028-йилги бюджетномага кўра, 2026 йилда бериладиган субсидияларнинг ярмидан кўпи муаммолар ўчоғи бўлган энергетика ва транспортга берилади.

afrosiyob narx 02

Хусусан, темирйўл учун 2025-йилдан 721 млрд сўм ажратилган бўлса, 2026-йилда 700 млрд сўм бериш прогноз қилинган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров бунга «ҳам устидан, ҳам остидан ишлаш» деб баҳо берган:

«Самарасизлик учун ҳам солиқ билан, ҳам тинмай ошиб бораётган тарифлар билан тўлаяпмиз», — деб ёзган у.

Яна бир очиқ қолган савол бор. Аввалроқ парламентда Халқ демократик партияси вакиллари бу 700 млрд сўм субсидия нимага кераклиги ва темирйўл қачон аҳолига хизмат кўрсатишда фойдага чиқишини сўраган эди.

Ўшанда масъуллар «вагонларнинг аксарияти эски, СССРдан қолган», «келажакда йўллар тушиб, хусусийлаштиришга ўтилади» деган баёнот берган. Шунингдек, поездлар зарар билан ишлаётгани боис қонунга ўзгартириш киритилгани важ қилинган. Хусусан, темирйўлчиларнинг Kun.uz’га берган интервьюсида эса тўртта «Афросиёб» поезди 2024-йилнинг 1-январида ўз харажатларини ўзи қоплашга ўтгани айтилган.

Аммо аниқ саволга жавоб тақдим этилмаган, табиийки, яна бюджетдан ажратилаётган маблағнинг қаерга кетаяпгани ҳануз очиқ қолмоқда.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Темирйўл ва метро учун жами 7,5 млрд сўмдан ортиқ инвестициялар ҳам ажратилиши режалаштирилган.

afrosiyob narx 03

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ раиси биринчи ўринбосари Ҳикматулла Раҳматов «Афросиёб» ва бошқа поездлар нархи аслида ҳозиргидан икки баробар қиммат бўлиши кераклигини айтган эди.

Чипта қиммат, лекин борми ўзи?

«Чипталар нархи ошса, хизмат сифати яхшиланади ва чипта топиш осонлашади», деган умид бор эди. Аммо байрам арафасида вазият яна ўзгармади — халқона айтганда, «эски ҳаммом, эски тос». Чегирмалар эълон қилинмоқда, бунинг учун давлат бюджетидан маблағ ажратилмоқда, бироқ шунга қарамай чипта масаласи ҳануз муаммо бўлиб қолмоқда.

Масалан, Янги йил арафасида ижтимоий тармоқларда 23 декабрдан 27 декабргача Тошкент — Нукус йўналиши бўйича бирорта ҳам чипта қолмаган суратлар тарқалганини кўриш мумкин. Бундан ташқари,  Тошкент — Бухоро йўналишида ҳам билетлар деярли қолмаган ҳолатларга гувоҳ бўлинган.

Ҳикматулла Раҳимов эса поездларда чипталар етишмаётганини халқ бойиб бораётгани туфайли саёҳат қилувчилар кўпайгани билан изоҳлаган:

«Ўзбекистоннинг ички ялпи маҳсулоти ошиб боргани сари халқимиз бойимоқда. Натижада бошқа шаҳарларга саёҳат қилиш, туризм кучаймоқда. Шунинг учун поездлар ва чипталар етишмаяпти. Ҳозирда поездларда йилига 12 миллион йўловчи ташилади. Бундан кейинги 10 йилда бу кўрсаткични тўрт баробарга оширмоқчимиз. Охирги 2,5 йилда вагонлар сонини салкам 1,5 баробарга кўпайтирдик. Бугун оддий поездларимизда юрган йўловчилар улуши 110 фоизни ташкил этяпти. Яъни поездлар етказиб бера олмаяпти. Етишмовчилик жуда юқори. Чунки сервисимиз кўлами ҳам ошиб бормоқда», — деди «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ раиси биринчи ўринбосари.

Нархлар аҳоли учун қанчалик мутаносиб?

Поезд чипталари нархининг кескин ошишини баҳолашда уни фақат инфляция ёки харажатлар ўсиши билан эмас, аҳолининг реал даромадлари билан қиёслаб кўриш муҳим. Чунки транспорт аҳоли учун люкс эмас, балки кундалик эҳтиёж ҳисобланади.

Расмий маълумотларга кўра, 2024–2025 йилларда Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал иш ҳақи 4,5–5 миллион сўм атрофида шаклланган. Бироқ бу кўрсаткич барча учун бир хил эмас: ҳудудлар кесимида, соҳалар бўйича ва ижтимоий қатламлар ўртасида жиддий фарқлар мавжуд.

2026 йил 1 февралдан бошлаб Тошкент — Бухоро йўналишида «Афросиёб» эконом класс чиптаси 509 минг сўмни ташкил этади. Бу ўртача ойлик иш ҳақининг тахминан 10–11 фоизи демакдир. Агар йўловчи бориб-келиш чиптасини олса, ойлик даромадининг қарийб 20–22 фоизи фақат йўл харажатига сарфланади.

Бу номутаносиблик талабалар мисолида янада яққол намоён бўлади. Ҳозирда олий таълим муассасаларида талабаларнинг базавий ойлик стипендияси 569 минг сўмни ташкил этади. Яъни «Афросиёб» эконом класс чиптасининг нархи деярли бир ойлик стипендияга тенг. Соддароқ айтганда, талабага поездда бир томонга сафар қилиш учун бутун бир ой ўқиш учун оладиган маблағини сарфлашга тўғри келади, бориб-келиш эса стипендиядан анча ошиб кетади.

Агар оилавий сафарни олсак, масала янада оғирлашади. Икки нафар катта ва бир боладан иборат оила учун Тошкент — Бухоро йўналишида «Афросиёб» эконом класс чипталари қиймати 1,4–1,5 миллион сўмга яқинлашади. Бу кўплаб оилалар учун бир ойлик даромаднинг учдан бир қисмига яқин маблағни ташкил этади.

Шу нуқтаи назардан қаралганда, «Афросиёб» тобора оммавий транспорт воситасидан кўра, маълум қатлам учун мўлжалланган хизматга айланиб бораётгандек таассурот уйғотмоқда. Савол эса очиқ қолмоқда: агар поезд чиптаси ойлик даромаднинг сезиларли қисмини ташкил этса, у ҳали ҳам ижтимоий транспорт ҳисобланадими?

Маълумот учун, аввалроқ интервьюда «Афросиёб»га масъул ташкилот вакили Шаҳзод Мўминов нархларни бошқа давлатлар билан таққослаган. «Жанубий Кореяда Сеул ва Пусан шаҳарлари ўртасидаги масофа 300 километр, худди  «Афросиёб»дек поезд чиптаси нархи 27 доллар. Бизда эса шундай масофадаги Тошкент — Самарқанд чиптаси 19 доллар», — дейди у. Аммо турган гапки, икки давлатдаги аҳоли даромадларини таққослаб бўлмайди.

Бундан ташқари, Сенат мажлисида сенатор Абдураҳим Эркаев тезюрар поезд чипталари самолёт чипталаридан қиммат бўлиб кетганини айтган эди. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ раиси Зуфар Нарзуллаев эътирозга жавобан, бу нормал ҳолат эканини билдирган. У бутун дунёда тезюрар поездлар чипталари самолёт ва оддий поездларникидан қиммат юришини таъкидлаган.

Tаннархни 20 фоизга тушириш ҳақидаги гаплар қаерда қолди?

Темир йўл ва маҳаллий авиақатновлар чипталари кетма-кет қимматлашаётган бир пайтда, вазирнинг «Uzbekistan Airways», «Uzbekistan Airports» ҳамда «Ўзбекистон темир йўллари» хизматлари таннархини камида 20 фоизга камайтириш зарурлиги ҳақида айтган баёноти яна ёдга тушади.

Бу сўзлар ваъда сифатида айтилганми ёки аниқ вазифа бўлганми — ҳар ҳолда, баёнот эълон қилинганига ҳали уч ой ҳам тўлгани йўқ. Аммо амалиётда харажатларни қисқартириш ўрнига, тарифларни ошириш ҳақидаги хабарлар янграмоқда.

Шу билан бирга, давлат раҳбари 2026 йил учун барча даражадаги раҳбарлар олдига харажатларни кескин қисқартириш ва самарадорликни ошириш талабини қўйган эди. Бироқ транспорт соҳасидаги охирги қарорлар бу талабнинг ижроси шубҳа остида қолаётганини кўрсатмоқда.

Темир йўл тарифларни ошириш сабабларини санар экан, харажатлар камаймаганини, аксинча, янада ўсганини таъкидламоқда. Бу эса таннархни пасайтириш ҳақида айтилган гаплар амалда қай даражада бажарилаётгани бўйича янги саволларни кун тартибига олиб чиқяпти.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 35

Barchasi

Mavzuga oid