Тошкент бекатларидаги дўконлар тақдири, сув танқислиги хавфи ва «метан заправкалар»га чеклов — 4-март дайжести

04.03.2026 | 23:123 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Тошкент бекатларидаги дўконлар тақдири, сув танқислиги хавфи ва «метан заправкалар»га чеклов — 4-март дайжести

«Метан заправкалар» фаолияти вақтинча тўхтатилди

Ҳаво ҳарорати пасайиши сабабли 4-март куни соат 19:00 дан 5-март куни соат 10:00 гача «метан заправкалар» фаолиятига вақтинча чеклов киритилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

«Республика ҳудудларига совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши натижасида табиий газга бўлган талаб ошди. Шу боис магистрал газ қувурларида босимнинг пасайиши кузатилмоқда. Шундай ҳолларда биринчи навбатда аҳоли хонадонлари, шунингдек, ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади. Шу муносабат билан, бугун, 4 март куни соат 19:00 дан 5 март куни соат 10:00 гача Республикамиздаги «метан заправкалар» фаолиятига вақтинча чеклов жорий этилади», - дейилади хабарда.

Вазирликка кўра, ижтимоий соҳа объектларига хизмат кўрсатувчи ва жамоат транспорт воситалари учун газ таъминоти чекловларсиз, барқарор тарзда таъминланади.

Кейинги уч ойда Ўзбекистон иқтисодиёти қандай ўсади?

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази прогнозига кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсиши йиллик ҳисобда 7–7,2 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Прогноз динамик фактор модели асосида тайёрланган бўлиб, иқтисодий фаолликни акс эттирувчи 35 та асосий ойлик ва ҳафталик кўрсаткич таҳлил қилинган. Таҳлилларга кўра, ўсишга асосий ҳиссани ишбилармонлик фаоллиги, пул-кредит ва молия тизими, банк операциялари, саноат ишлаб чиқариши ҳамда чакана савдо қўшади.

Ҳисоб-китобларга кўра, иқтисодий ўсишда ишбилармонлик фаоллиги 3,1 фоиз банд, молия соҳаси 1 фоиз банд, банк транзаксиялари 0,9 фоиз банд, саноат ишлаб чиқариши 0,6 фоиз банд ва чакана савдо 0,3 фоиз банд ҳисса қўшиши мумкин. Шунингдек, машинали ўқитиш усуллари ва интернет қидирув сўровлари таҳлили ҳам ўсиш 7,2 фоиз атрофида бўлишини кўрсатган. Маълумот учун, 2025 йил якунларига кўра Ўзбекистон иқтисодиёти 7,7 фоизга ўсган эди.

Тошкентда автобус бекатларидаги дўконлар олиб ташланади

Тошкентда жамоат транспорти бекатлари ҳудудида жойлашган савдо объектларини босқичма-босқич олиб ташлаш режалаштирилмоқда. Текширувлар натижасида бекат мажмуаларида жами 110 та савдо нуқтаси фаолият юритиб келаётгани аниқланган. Уларнинг 61 таси бекат ҳудудидан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим эта олмаган.

Шаҳар маъмуриятига кўра, бекатлар босқичма-босқич янгиланади. Рухсат берувчи ҳужжатларга эга тадбиркорларнинг савдо нуқталарини эса бошқа жойга кўчириш ва компенсация бериш механизмини жорий этиш режалаштирилган.

Марказий Осиёда суғориш суви захиралари кам бўлиши мумкин

Марказий Осиё мамлакатлари келгуси вегетация мавсумига ўтган йилга нисбатан камроқ сув захираси билан кириб келмоқда. Давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув хўжалиги комиссияси маълумотига кўра, Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида сув оқими меъёрдан паст қайд этилган. Амударё ҳавзасида сувлилик 66,8 фоизни ташкил этган бўлиб, бир йил аввал бу кўрсаткич 101,8 фоиз эди. Бу ҳолат Туямўйин сув омборидаги захиралар камайишига ҳам таъсир қилган.

Сирдарё ҳавзасида вазият нисбатан барқарор бўлса-да, умумий кўрсаткичлар кўп йиллик меъёрдан паст. Ҳавзага 10 255 млн куб метр сув келиб тушган бўлиб, бу меъёрнинг 87 фоизига тенг. Норин–Сирдарё каскади сув омборларидаги умумий захира 16 774 млн куб метрни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 2 511 млн куб метрга камайган. Мутахассислар бу ҳолат келгуси мавсумда суғориш суви танқислиги эҳтимолини ошириши мумкинлигини таъкидламоқда.

Teglar

Mavzuga oid