Ёпиладиган кўчалар, арзонлашган олтин қуймалар ва аҳоли хавотирлари — 18 феврал дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Тошкентда Рамазон ойида айрим кўчалар бир ойга ёпилади
Тошкент шаҳрида Рамазон ойи муносабати билан 18 февралдан бошлаб Таровеҳ намозлари вақтида (соат 18:00 дан 00:00 гача) масжидлар атрофидаги йўллар ҳаракат учун ёпилади. Чекловлар асосан Мирзо Улуғбек, Бектемир, Яшнобод, Миробод, Сергели, Яккасарой, Янгиҳаёт, Шайхонтоҳур, Олмазор, Юнусобод, Учтепа ва Чилонзор туманларидаги йўналишларни қамраб олади.
Жумладан, Кўкча Дарвоза, Нурафшон, Бунёдкор, Қорасарой, Боғишамол ва КХАЙ каби марказий кўчаларнинг масжидларга туташ қисмларида транспорт қатнови вақтинча тўхтатилади. Ушбу ҳудудларда фақатгина тез тиббий ёрдам, ўт ўчириш ва бошқа махсус хизмат транспорт воситаларининг ҳаракатланишига рухсат этилади. Ҳайдовчиларга ушбу вақт оралиғида айланма йўллардан фойдаланиш тавсия этилади.
Солиқ қарздорлиги юқори бўлган ишлаб чиқариш корхоналари маълум қилинди
2026 йил 1 феврал ҳолатига кўра, солиқ қарзи 100 миллион сўмдан юқори бўлган 925 та ишлаб чиқариш корхонасининг умумий қарздорлиги 1 триллион 474,8 миллиард сўмга етди. Ушбу қарзнинг учдан бир қисмидан кўпроғи (34,3 фоизи) энг йирик 10 та корхона ҳиссасига тўғри келади. Қарздорлар рўйхатида «Navoiyazot» АЖ (107 млрд сўм), «Granula Plast Sifat» МЧЖ (89,8 млрд сўм) ва «Silikon Color» МЧЖ (73,6 млрд сўм) етакчилик қилмоқда.
Ҳудудлар кесимида энг юқори қарздорлик Тошкент вилоятида кузатилиб, 335,7 миллиард сўмни ташкил этди. Шунингдек, Фарғона (194,5 млрд сўм) ва Андижон (176,3 млрд сўм) вилоятлари ҳам юқори қарздорликка эга ҳудудлар қаторидан жой олди. Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистондаги корхоналарнинг солиқ қарзи ҳам салмоқли бўлиб, Бухоро, Наманган ва Сирдарё вилоятларида бу кўрсаткич 50 миллиард сўмдан юқори экани қайд этилган.
Ўзбекистонда олтин қуймалар нархи арзонлашди
Ўзбекистонда охирги 20 кундаги рекорд ўсишдан кейин 5 граммли олтин қуйма нархи 10 млн сўмдан пасайди. Марказий банкнинг 18 феврал куни эълон қилган маълумотларига кўра, бир грамм олтиннинг нархи 1 987 200 сўмни ташкил этди.
Янги нархларга кўра:
— 10 граммли қуйма 19 миллион 872 минг сўм;
— 20 граммли 39 миллион 744 минг сўм;
— 50 граммли 99 миллион 361 минг сўм;
— 100 граммли қуйма 198 миллион 722 минг сўмдан сотилмоқда.
Ўзбекистонда инфляция кутилмалари 11,2 фоизга тушди
2026 йил январь ойида Ўзбекистонда аҳолининг келгуси 12 ой учун инфляция кутилмалари 0,3 фоиз пунктга камайиб, 11,2 фоизни ташкил этди. Фуқаролар ва тадбиркорлар нархлар ўсишининг асосий омиллари сифатида коммунал хизматлар тарифлари, ёқилғи-энергия ресурслари қимматлашуви ҳамда валюта курси тебранишларини кўрсатган. Ҳудудлар кесимида энг юқори кутилмалар Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятида, энг паст кўрсаткич эса Навоий вилоятида қайд этилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, аҳолининг даромад даражаси юқори бўлгани сари инфляция кутилмалари ҳам ортиб борган: масалан, 30 млн сўмдан кўп даромад топувчилар нархлар 16,1 фоизга ўсишини прогноз қилмоқда. Истеъмолчилар томонидан январда ҳақиқатда сезилган инфляция 11,7 фоизни ташкил этган бўлиб, асосий қимматлашув гўшт, сут маҳсулотлари, бензин ва дори-дармонлар ҳиссасига тўғри келган.
Ўзбекистонда пенсиядан ушлаб қолишларга чегара қўйилади
2026 йилги давлат дастурига мувофиқ, пенсионерларнинг қарздорликни ундириш жараёнидаги ижтимоий ҳимояси кучайтирилмоқда. Янги тартибга кўра, жарима ва бошқа тўловлар учун пенсиянинг 50 фоизидан ортиғини ушлаб қолиш тақиқланади ҳамда пенсионер ихтиёрида қоладиган маблағ минимал истеъмол харажатларидан (ҳозирда 669 минг сўм) кам бўлмаслиги шарт. Шунингдек, йил якунига қадар шахсий жамғариб бориладиган пенсия маблағларини инвестиция лойиҳаларига йўналтириш ва капитал бозорини ривожлантириш бўйича янги механизмлар жорий этилиши белгиланган.
Ислоҳотлар доирасида пенсия ёшини аёллар учун 58 ёшга, эркаклар учун эса 63 ёшгача босқичма-босқич ошириш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда. Маълумот учун, қўшни Қозоғистонда фуқароларга пенсия жамғармаларини уй-жой ёки даволаниш учун ишлатишга рухсат берилган. Ўзбекистонда эса ижтимоий нафақаларни қарз учун автоматик ушлаб қолиш аввалроқ тақиқланган эди.





