1 июндан ўзбекистонликлар ҳаётида нималар ўзгаради?

Бугун 17:5510 дақиқа

2026 йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигидаги қатор ўзгаришлар кучга киради. Vaqt.uz кутилаётган муҳим ўзгариш ва янгиликларни бир жойга жамлади.

Электр ва газ нархи ошади

1 июндан Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газ тарифлари оширилади. Амалдаги қоидаларга кўра, аҳоли газ ва электр учун олдиндан тўлов қилса, икки ой давомида эски тарифлардан фойдаланиши мумкин. Тадбиркорлар учун эса бу имтиёз бир ой амал қилади.

Энди электр ва газ учун тўлов қанча ишлатишингизга қараб ҳисобланади.

 Аҳоли учун электр нархлари:

• 200 kVtгача — 650 сўм

• 201 дан 500 kVtгача — 900 сўм

• 500 kVtдан юқори — 1 100 сўм

Юридик шахслар, жумладан, тадбиркорлар учун тарифлар қуйидагича белгиланади:

 — электр энергиясига — 1 kVt учун 1000 сўмдан 1100 сўмгача;

— табиий газга — 1 куб метр учун 1800 сўмдан 2000 сўмгача;

— метан «заправка»лар учун газга — 2500 сўмдан 2750 сўмгача.

Овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталар билан жиҳозланган кўпквартирали уйлар ва ётоқхоналарда яшовчи аҳоли учун нархлар арзонроқ бўлади:

 — ойига 200 kVtгача — 325 сўм;

— 201 kVt соатдан 500 kVtгача — 450 сўм;

— 501 kVt соатдан 1 000 kVtгача — 550 сўм.

Газ бўйича аҳоли лимит доирасида 1 100 сўмдан тўлайди. Қишда лимит 500 кубметр, бошқа мавсумларда эса 100 куб метр қилиб белгиланган. Лимитдан ташқарикўпчилик истеъмолчилар учун газ нархи 1 куб метрга 2 000 сўм бўлади. Газ заправкаларда эса нарх 2 750 сўм этиб белгиланди.

Алкогол ва тамаки маҳсулотларини нақд пулга сотишга рухсат

Ўзбекистонда спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини нақд пул эвазига сотишга рухсат берилди. Тегишли фармонни президент имзолади. У 1 июндан кучга киради. 1 июндан бошлаб Ўзбекистонда меҳмонхоналар ва овқатланиш корхоналари спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини сотишда нақд пул қабул қилишлари мумкин бўлади. Ҳужжатда меҳмонхона бизнеси ва овқатланиш корхоналари спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини нақд пул қабул қилиш имконияти билан сотиш ҳуқуқига эга бўлишлари айтилган.

Наслдор чорва импорти ҚҚСдан озод этилади

Ўзбекистонда 2026 йил 1 июндан 2029 йил 1 августгача хориждан олиб кириладиган наслдор қорамол, қўй ва эчкилар қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади. Бу 12 май куни қабул қилинган президент қарорида белгиланган. Қарорга кўра, 2026−2028 йилларда қорамоллар сонини 16,5 млн бошга, қўй ва эчкилар сонини 30 млн бошга, паррандалар сонини эса 141 млн бошга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, наслдор қорамоллар улушини 90 фоизга етказиш, гўшт ва сут маҳсулотларини саноат усулида қайта ишлаш даражасини 50 фоизга олиб чиқиш ҳамда озуқабоп экинлар майдонларини 1,5 бараварга кенгайтириш мақсад қилинган.

Зарарли ёнилғили иссиқхоналар тақиқ

Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда фаолият юритаётган иссиқхоналар учун 1 августдан бошлаб табиий газ етказиб бериш тўлиқ тўхтатилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси қарори эълон қилинди. Шу билан бирга, 1 июндан бошлаб пойтахт ва унинг атрофидаги айрим туманларда зарарли ёнилғилар билан ишлайдиган янги иссиқхоналар ташкил этиш ҳам тақиқланади. Амалдаги иссиқхоналарга нисбатан ҳам талаблар кескин кучайтирилади. Хусусан, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари сезиларли оширилади, атроф-муҳитни ифлослантирувчи ёнилғиларни қўллаган хўжаликлар учун эса компенсатсия тўловлари бир неча баробар кўпайтирилади. Бундан ташқари, уларга ажратиладиган субсидиялар ва янги кредитлар ҳажми қисқартирилади.

Қурилишда экологик назорат кучайтирилади

Қурилиш майдонлари фон мониторинг станциялари билан жиҳозланиб, Экология қўмитасининг ягона геоахборот тизимига интеграция қилинади. Шунингдек, қурилиш ҳудуди ва чиқиш нуқталарида онлайн камералар ўрнатилиб, жараёнлар масофадан туриб назорат қилинади. Қонунбузарликларга йўл қўйган қурилиш ташкилотларининг Шаффоф қурилиш миллий ахборот тизимидаги рейтинг баллари камайтирилади. Бундан ташқари, лойиҳа-смета ва шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказишда экологик экспертиза хулосасини тақдим этиш мажбурий этиб белгиланади. Янги қуриладиган, баландлиги 12 метрдан ва умумий майдони 500 квадратметрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотлар лойиҳаларида кўкаламзорлаштириш майдони ажратилган ер участкасининг камида 30 фоизини ташкил этиши шарт бўлади.

Божхона тўловларини кечиктириб тўлашга рухсат

17 декабрдаги президент фармонига кўра, 1 июндан тадбиркорларга божхона божини 120 кунгача кечиктириб ёки бўлиб бўлиб тўлаш имконияти яратилади.Шунингдек, божхона тўловлари тўланишини таъминлашнинг бош таъминоти туридан фойдаланишда хавфларни бошқариш тизимининг натижаларидан келиб чиқиб, тадбиркорларга пасайтирилган миқдорда таъминот тақдим этилади.

Қурилиш майдонлари ҳаво мониторинги станциялари ва камералар билан жиҳозланади

Президентнинг 25 март куни имзоланган фармонига мувофиқ, 2026−2030 йилларда амалга ошириладиган умуммиллий «Тоза ҳаво» лойиҳаси доирасида қурилиш соҳасида экологик талаблар кучайтирилади.

Жумладан, 1 июндан бошлаб қурилиш майдонларини фон мониторинги станциялари билан таъминлаш мажбурий ҳисобланади. Ушбу станциялар Экология қўмитасининг маълумотлар базасига уланиши лозим. Шунингдек, қурилиш майдонларининг периметри бўйлаб ҳамда чиқиш нуқталарида онлайн камералар ўрнатилиб, улар ҳам қўмита ахборот тизимига интеграция қилинади.

Жазони ижро этиш муассасаларида ёшларни рақамли касбларга ўқитиш йўлга қўйилади

Президентнинг 27 мартдаги ПҚ-117-сон қарорига асосан, жазони ижро этиш муассасаларидаги ёшларни замонавий рақамли касбларга ўқитиш тизими жорий этилади.

Лойиҳа 2026 йил 1 июндан Тошкент шаҳри, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида ишга туширилади. 2027 йил 1 мартдан эса бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич татбиқ этилади.

Курсларга 18−30 ёш оралиғидаги, ижтимоий хавфи юқори бўлмаган, унча оғир бўлмаган ёки оғир жиноят учун жазо ўтаётган ёшлар жалб қилинади. Ахборот технологиялари орқали жиноят содир этган шахслар мазкур дастурда иштирок этмайди.

Фармацевтика корхоналарига янги имтиёзлар берилади

Президентнинг 5 мартдаги фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 июндан айрим харажатлар Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Хусусан, дори воситалари ишлаб чиқарувчилари учун YE GMP ва US FDA GMP сертификатларини жорий этиш, шунингдек Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг преквалификатсиясини олиш жараёнидаги хорижий консалтинг хизматлари ҳамда сертификатлаш харажатларининг 50 фоизи, бироқ 50 минг доллардан кўп бўлмаган қисми компенсация қилинади.

Шу билан бирга, илмий-тадқиқот институтлари ва таълим муассасалари томонидан яратилган, мамлакатда ишлаб чиқарилмайдиган дори воситалари ва тиббий жиҳозларни ишлаб чиқарувчиларга рўйхатдан ўтказиш, клиник синовлар ва биоэквивалентлик тадқиқотлари харажатларининг 80 фоизи, лекин 8 минг доллардан ошмаган қисми қоплаб берилади.

Бундан ташқари, 1 июндан фармацевтика ва бошқа ишлаб чиқарувчи корхоналарга солиқлар ва йиғимлар бўйича қарздорлик белгиланган меъёрдан ошмаган ҳолларда давлат харидларида қатнашиш ҳуқуқи берилади. Агар қарздорлик юқорироқ бўлса, у шаклланган санадан бошлаб ўн кун ичида иштирок этиш имконияти сақлаб қолинади.

Сув ва салқин ичимликлар учун хорижий маркировка кодлари тан олинади

Ҳукуматнинг 11 февралдаги 56-сон қарорига мувофиқ, 1 июндан бошлаб Ўзбекистон ва ҳамкор давлатлар ўртасида сув ҳамда салқин ичимликларга оид рақамли маркировка кодларини ўзаро тан олиш амалиёти жорий қилинади.

Қарорга кўра, ҳамкор давлатлар кодларини мамлакат ҳудудида тан олиш бўйича ваколатли орган сифатида Солиқ қўмитаси белгиланган. Кодлар электрон ҳисобварақ-фактуралар ва чекларда акс эттирилади, маълумотлар эса «Асл белгиси» тизимида сақланади.

Ягона миллий архив ахборот тизими ишга туширилади

24 ноябрда қабул қилинган президент фармони архив соҳасини 2030 йилгача рақамлаштириш ва бошқарувни такомиллаштиришни назарда тутади.

Шу муносабат билан 2026 йил 1 июндан архив хизматларини рақамлаштиришда қўлланилаётган мавжуд тизимлар негизида Ягона миллий архив ахборот тизими жорий этилади.

Шунингдек, «Ўзархив» агентлиги тизимидаги давлат архивларида сақланаётган алоҳида қимматли ва ноёб ҳужжатлар ҳаракатини автоматлаштириш мақсадида РФИД технологияси қўлланилади. Ушбу технология миллий архивларда мажбурий тартибда жорий этилади.

Зиёратгоҳлар ҳудудлари учун махсус дизайн-код ишлаб чиқилади

Президентнинг 30 апрелда қабул қилинган қарорига асосан, 2026 йил 1 июндан Ўзбекистонда туристлар энг кўп ташриф буюрадиган зиёратгоҳлар ҳудудларини ривожлантиришнинг янги тартиби амал қила бошлайди. Ушбу тартиб доирасида мазкур ҳудудлар учун алоҳида дизайн-код жорий этилади.

Туризм қўмитаси зиёратгоҳлар ҳудудларининг функционал жиҳатдан ажратилган чегараларини босқичма-босқич белгилаб боради.

Шу билан бирга, имконият мавжуд бўлган ҳолларда кўп қаватли бинолар қуриш орқали ушбу ҳудудларни кенгайтириш режалаштирилган. Зиёратгоҳлар атрофидаги қурилиш ишлари ва ҳудуддан фойдаланиш жараёнларида махсус дизайн-код талаблари татбиқ этилади.

Айрим давлат хизматчилари коррупцияга қарши барқарорлик бўйича диагностикадан ўтказилади

Президентнинг 6 декабрдаги фармонига мувофиқ, давлат органларида коррупцияга қарши барқарорлик даражасини баҳолаш мақсадида диагностика тизими жорий этилади.

Жумладан, 2026 йил 1 июндан бошлаб соҳавий назорат учун масъул инспекцияларда коррупциявий хавф даражаси «юқори» ва «ўрта» деб баҳоланган вазифаларни бажараётган ходимлар ҳамда ушбу лавозимларга даъвогар номзодлар диагностикадан ўтказилади.

Қурилиш чиқиндиларини қайта ишлаш бўйича янги тартиб амал қилади

Президентнинг 1 декабрдаги қарорига кўра, 2026 йил 1 июндан қурилиш чиқиндиларини қайта ишлаш, такрорий фойдаланиш ёки утилизация қилишга йўналтиришнинг янги механизми жорий этилади.

Унга мувофиқ, қурилиш ишлари учун лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланаётганда қурилиш жараёнида ҳосил бўладиган чиқиндилар ҳажми ва уларни йиғиш жойлари аниқ белгиланиши шарт бўлади. Шунингдек, чиқиндилар билан боғлиқ ишлар бўйича тегишли лойиҳавий ечимларни назарда тутиш мажбурий ҳисобланади.

Буюртмачилар эса қурилиш чиқиндиларининг атмосфера ҳавосига салбий таъсирини камайтириш мақсадида амалдаги шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ чанг ҳамда нохуш ҳидларни бартараф этиш чораларини кўриши лозим.

ҚҚС ва даромад солиғига ўтиш бўйича чегара 5 млрд сўмгача оширилади

2026 йил 1 июндан бошлаб кичик бизнес субъектлари учун умумий солиқ режимига ўтишдаги чегаравий миқдор 1 миллиард сўмдан 5 миллиард сўмгача оширилади.

Янги тартибга кўра, солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимига ўтиш учун белгиланган чегара базавий ҳисоблаш миқдорининг 12 минг баравари, яъни 4 миллиард 944 миллион сўм этиб белгиланади.

Тадбиркорлар ҚҚС бўйича соддалаштирилган тартибни танлаши мумкин бўлади

2026 йил 1 июндан қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади.

Мазкур тартибда ҚҚС ставкаси товарлар ва хизматларни реализация қилишдан тушган барча айланмалар учун 6 фоиз миқдорида белгиланади.

Шу билан бирга, фойда солиғи ставкаси 0 фоиз этиб белгиланади ва солиқ ҳисоботини тақдим этиш талаби бекор қилинади. Бироқ сотиб олинган товарлар ва хизматлар бўйича тўланган ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқи тақдим этилмайди.

Умумбелгиланган тартибдаги ҚҚС имтиёзлари, преференциялар ва солиқнинг бир қисмини қайтариш механизмлари ушбу тартибда қўлланилмайди. Шунингдек, мавжуд салбий ҚҚС фарқи ҳисобдан чиқарилади.

Бунда мазкур тартибда ишловчи тадбиркорлик субъектларидан товар ёки хизмат харид қилган мижозларга ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи сақлаб қолинади.

Теглар

Рухсора Жовлиева

Рухсора ЖовлиеваМақолалар сони: 1070

Барчаси

Мавзуга оид