
«20 фоизи ишсиз, 30 фоизи оддий мутахассис» – «Эл юрт умиди» битирувчиларининг ишга жойлашишидаги статистика бўйича изоҳ сўралди
28 ноябр куни Миллий матбуот марказида “Эл-юрт умиди” жамғармаси масъуллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Жамғарма эълон қилаётган стипендиялар, улардаги асосий ўзгаришлар масаласига бағишланган тадбирда Vaqt.uz мухбири томонидан хорижда ўқиб қайтган ёшларнинг Ўзбекистонда ишга жойлашиши масаласидаги статистика борасида савол билан мурожаат қилинди.
Жумладан, “Яқинда жамғарма масъул ходими Жасур Қайнарбековнинг жамғарма битирувчилари билан ўтказган учрашувидаги аудиосини эшитдим. Учрашувда битирувчиларнинг ишга жойлашишидаги муаммолар ҳақида сўз боради.

Масалан, унда айтилишича, шу кунга қадар 500дан ошиқ стипендиат жамғарма орқали кетиб, ўқишни битириб келган. Аммо ҳозирда улардан 20 фоиздан ошиғи ишсиз, 27-30 фоизи етакчи мутахассис бўлиб ишлаяпти. 157 нафари таълим соҳасида ишлаяпти, лекин паст лавозимларда. Атиги 22 таси миллий даражадаги ташкилотларда ишлаяпти. 30 дан ошиғи бошқарма бошлиғи ёки департамент, ёки бўлим бошлиғи бўлиб ишламоқда экан.
Хўш, одамлар тўлаётган миллиардлаб сўм солиқлар ҳисобидан ўқиб келаётган ёшларнинг ишга жойлашиши, яхши лавозим эгаллаши нега бунчалик қийин кечмоқда, муаммо уларга эътибор қаратмаётган ҳукуматдами ёки битирувчилар билими ҳукумат талабига жавоб бермаяптими”, – дея савол билан юзланди нашр мухбири.

Қўйилган саволга “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрoчи директoрининг биринчи ўринбoсари Даврoн Абдурашидoв жавоб берди. Жумладан, у рақамларга тўлиқроқ яна аниқлик киритилиши кераклигини таъкидлади.
“Битирувчиларнинг 20 фоизи ишсиз дегани бу узун бўлган баҳс, фикр алмашинувлари эди. Рақамларга аниқлик киритамиз, лекин тўғри, жамғарманинг аввалги вазиятида шундай бўлганки...
Ҳозирги кунда биз жамғарма битирувчилари, стипендиантлари билан мунтазам равишда учрашувлар, айтайлик, тест сўровлари ўтказиб боряпмиз. Шундай, битирувчилар орасида ўз ишидан қониқмаслик, ишсиз бўлган ҳолатлар ҳам бор. Лекин янги жамғарма кадрларни тайёрлаш кластери сифатида ташкил этилгани учун биз уларнинг ҳар бирининг мониторингни олиб боряпмиз. Уларнинг ҳар бирини ўзига муносиб иш жойлари билан таъминлаш бўйича ҳам ишлар боряпти.

Тўғри, биз янги жамғармамиз ҳамда биздан талаб қилинаётган вазифа ва масалалар жуда кўп. Лекин уларни иш билан таъминлаш асосий эътибор марказимиздаги ишлардан бири”, – Даврoн Абдурашидoв.
Аввалроқ «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиантларининг Телеграм гуруҳида ўтказилган ва жамғарманинг рақамлаштириш ҳамда дата аналитика бўлими бoшлиғи Жасурбек Қайнарбековга тегишли экани айтилган аудио бўйича хабар эълон қилган эдик. Унда битирувчиларининг ишга жойлашишидаги статистика ва бошқа муаммолар ҳақида сўз борган.
Теглар






