
2025 йилнинг ҳашамати — шахсий спорт клуби: миллиардерлар нега спортга пул тикмоқда?
Fortune нашри маълумотига кўра, 2025 йилда миллиардерлар учун энг жозибали сармоя — шахсий спорт жамоаси ҳисобланмоқда.

GPMorgan Private Bank ўтказган сўровномага кўра, анъанавий инвестиция турлари — қимматбаҳо санъат асарлари, винтаж автомобиллар ёки тўпламлар — замонавий миллиардерлар учун ўрнига эга бўлмай қолди. Энди спорт жамоалари ва ареналар уларнинг эътибори марказида, деб ёзади нашр.
Банк маълумотларига кўра, 34 фоиз раҳбарлар жамоалар ва ареналарга сармоя киритмоқда, санъатга эса 23 фоиз, автомобилларга эса атиги 10 фоиз сармоя йўналтирилмоқда. 2022 йилда спорт жамоаларидаги улушга эга бўлган сармоядорлар улуши 6 фоиз бўлган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 20 фоизга етган.
Масалан, Guggenheim Partners компанияси бош директори Марк Уолтер «Лос-Анжелес Лейкерс» жамоасининг назорат пакетини тахминан 10 млрд долларга сотиб олган. У шунингдек, бейсболдаги «Лос-Анжелес Дожерс» жамоасига ҳам эгалик қилади. Унинг молиявий қурби 7,3 млрдга баҳоланмоқда.
Марк Кюбан эса 2000 йили 285 млн долларга сотиб олган «Даллас Маверикс»ни 2023 йил охирида 3,5 млрд долларга сотган. Бу мисоллар спорт жамоаларига киритилган сармоялар қанчалик тез фойда келтираётганини кўрсатади.
GPMorgan ҳисоботида таъкидланишича, энди NBA ва NFL каби йирик лига жамоаларининг аксариятида хусусий инвестициялар иштирок этади. Бу спорт соҳасига институционал сармоянинг янада чуқур кириб келаётганидан далолат беради.
Ажабланарлиси, аёллар спортига қизиқиш ҳам ортиб бормоқда. McKinsey&Company баҳосига кўра, АҚШда аёллар спорти 2030 йилгача 2,5 млрд доллар тушум келтириши мумкин — бу 2024 йилдаги 1 млрд долларлик кўрсаткичдан 250 фоизга кўп.





