
825 трлн сўмдан ошган аҳоли даромади, арзонлаган ун ва пахта ёғи ҳамда рақобат қилишга интилмайдиган банклар — 28 октябр дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Uzum акцияларини Лондон фонд биржасига қўймоқчи
Ўзбекистоннинг Uzum компанияси 2027 йилда ўтказишни режалаштираётган илк оммавий акциялар жойлаштирилишига Лондоннинг эҳтимолий майдончалардан бири сифатида кўриб чиқмоқда, дея хабар қилмоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Uzum компаниясининг ҳаммуассиси Николай Селезнёв «Reuters» агентлигига берган интервюсида Лондон фонд биржаси компаниянинг халқаро капитал бозоридаги дебюти учун кўриб чиқилаётган вариантлар орасидалигини айтган.
Бундан ташқари, компания Ню-Йоркдаги «Nasdaq», шунингдек, Абу-Даби ва Гонконг биржаларидаги имкониятларни ҳам ўрганмоқда.
Йил бошидан бери аҳолининг умумий даромадлари 825 трлн сўмдан ошди
2025 йилнинг январ–сентябр ойларида аҳолининг умумий даромадлари 825,3 трлн сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар қилди.
Қайд этилишича, истеъмол нархларининг ўзгариши сабабли ўтган йилнинг мос даврига нисбатан аҳоли умумий даромадларининг реал ўсиш суръати 108,4 фоизни ташкил этди.
Жорий йилнинг январ–сентябр ҳолатига кўра, аҳоли жон бошига умумий даромадлар 21,8 млн сўм бўлиб, аҳоли жон бошига умумий даромадларнинг номинал ўсиш суръати 116,1 фоизни ва реал ўсиш суръати эса 106,3 фоизни ташкил этди.
Биржа савдоларида ун ва пахта ёғи нархлари пасайди
Ўтган ҳафта, яъни 20–26 октябр кунлари «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» АЖнинг барча савдо платформаларида 40 453 та битим тузилди. Бу ҳақда биржа ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, давлат харидлари тизимларида ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларнинг қарийб 219,3 млрд сўмлик маблағлари тежалди. Шунингдек, очиқ биржа савдолари орқали жами 16 956 та битим тузилди.
Биржа савдоларига кўра, ўтган ҳафта давомида бир тонна уннинг ўртача нархи 4 млн 118,1 минг сўмдан 3 млн 722,5 минг сўмгача пасайди.
Шароф Рашидов тумани ҳокими озодликка чиқдими? Олий суд расмий изоҳ берди
Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокими лавозимида ишлаган Маҳмуд Холбўтаев озод этилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов бу хабарларни рад этди.
Собиқ ҳоким айни вақтда Жиноят кодексининг 167, 205, 206, 209, 210 ва 229-4-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Абидовга кўра, жорий йилнинг 10 июл кунидаги жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг ажрими билан Маҳмуд Холбўтаевга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган бўлиб, айни пайтда у тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.
Ўзбекистонда банклар рақобати етарли эмас — Марказий банк
Марказий банк асосий ставка бўйича матбуот анжуманида банклар ўртасидаги рақобат масаласига алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, охирги 2,5 йил ичида мамлакатда бирорта ҳам янги банк очилмаган, аммо мижозлар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.
Охирги марта 2023 йил май ойи бошида «Янги банк» лицензия олган эди. Шу йилнинг август ойида эса «Евроосиё банк» лицензияси бекор қилингач, банклар сони 35 тага камайди.
Марказий банк маълум бир миқдорда банклар сонини таъминлашни мақсад қилмаган. Ташкилот учун асосий устуворлик — бозорда рақобат сифатини оширишдир.
«Ҳатто мавжуд банклар сони билан ҳам етарли даражада рақобатни кўрмаяпмиз. Деярли барча банклар бир хил сиёсат юритмоқда. Бироқ биз бу соҳада ўзгаришлар бўлишига умид қиламиз. Мен учун банклар сони эмас, рақобат муҳитининг сифати муҳим», — дейилади баёнотда.





