Афғонистон масаласи: БМТ резолюцияси ва Халқаро Суд қарори фонида мамлакат атрофидаги минтақавий сиёсат
10.07.2025 | 12:0011 дақиқа
БМТ Бош Ассамблеяси 8 июл куни «Толибон» нинг Афғонистондаги аёллар ва қизлар ҳуқуқларини чекловчи сиёсатини кескин танқид қилувчи резолюцияни қабул қилди. Ҳужжатни Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонни ўз ичига олган 116 давлат қўллаб-қувватлади.
Резолюцияда толиблардан аёлларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши ва ижтимоий ҳаётда иштирок этишига қўйилган тақиқларни бекор қилиш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ҳимояси, сўз эркинлиги ва гуманитар ёрдамдан фойдаланишни таъминлаш талаби қўйилган.
Ҳужжат Афғонистонда инклюзив ҳукумат тузиш, экстремизм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний ишлаб чиқарилиши ва инсон ҳуқуқларининг бузилишига қарши курашни кучайтиришга чақиради.
Резолюцияга нисбатан давлатларнинг реакцияси турлича бўлди. Хусусан,Тожикистон ҳукумати Афғонистондан келган қочқинларга мамлакатни 15 кун ичида тарк этишни буюрди. Бу қарор ҳатто расмий яшаш ҳужжатига эга бўлган шахсларни ҳам қамраб олмоқда. Сўнгги ҳафталарда ҳукумат томонидан рейдлар кучайтирилган бўлиб, ҳар куни ўнлаб афғон эркаклари ҳибсга олинмоқда. Улар кўпинча иш жойидан тўсатдан, оиласига хабар берилмасдан олиб кетилмоқда. Ушбу шахсларнинг аксарияти учинчи давлатларга, жумладан, Канадага кўчиб ўтиш бўйича ариза жавобини кутаётганлар бўлиб, мажбурий депортация уларнинг ҳаёти, хавфсизлиги ва келажак режалари учун жиддий таҳдид туғдирмоқда.
Тожикистонда афғон қочқинларига қарши бошланган кампания бутун минтақада бу гуруҳга нисбатан босим кучайиб бораётганини кўрсатмоқда. Хусусан, Эрон ва Покистон ҳам сўнгги ойларда афғонларни оммавий равишда депортация қилмоқда, деб хабар бердирасмий агентлик.
Ҳозирда Тожикистонда 13 мингдан ортиқ афғон истиқомат қилмоқда. Улар орасида собиқ ҳукумат ходимлари, ҳарбийлар ва амалдорлар ҳам бор. 2021 йилда Толибон ҳокимиятга келгач, бу одамлар қатағонлардан қочиб, қўшни давлатларга, жумладан Тожикистонга бошпана излаб келган эди.
Энди оммавий депортациялар бошлангач, уларнинг яна хавф остида қолаётгани ҳақида хавотирлар ортмоқда.
АҚШ қарши овоз берди, Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Эрон бетараф қолди.
ХЖСнинг «Толибон» раҳбарларини ҳибсга олиш бўйича расмий ордери
Халқаро жиноий суд (ХЖС) «Толибон» раҳбарлари – Ҳайбатуллоҳ Охундзода ва Абдулҳаким Ҳаққонийни ҳибсга олиш бўйича расмий ордер берди. Улар аёллар ва қизларга нисбатан мунтазам таъқиблар ва инсониятга қарши жиноятларда айбланмоқда.
Бу тарихда илк бор «Толибон» раҳбарлари халқаро суд томонидан аёлларни таъқиб қилиш учун жавобгар, дея эълон қилинди. Бу ҳолат Толибон режимининг қонунийлиги, ҳамда Афғонистоннинг дунё билан алоқаларига жиддий таъсир қилиши мумкин.
ХЖС маълумотига кўра, Охундзода ва Ҳаққоний аёлларни жинсига қараб камситиш, уларнинг ҳуқуқларини бузиш бўйича бевосита буйруқ берган. Суд даъвосига кўра, жиноятлар 2021 йил августидан (яъни Толибон ҳокимиятни олганидан кейин) 2025 йил январигача давом этган.
Судга кўра, 2021 йил августидан 2025- йил январигача Толибон раҳбарлари қуйидаги қоидабузарликларга йўл қўйган:
- Аёллар ва қизларнинг ўқиши ва эркин ҳаракатланишини тақиқлаш;
- Қийноқлар, қотиллик ва куч билан йўқ қилиш;
- Аёлларни қўллаган ёки фақатгина қаршилик кўрсатмаган одамларни жазолаш.





