Африкаликлар «фитна» деяётган Эбола иситмаси: 200 киши вафот этди, аммо вакцина ёки дори йўқ

Касалликка қарши кураш нафақат тиббий, балки хавфсизлик муаммосига ҳам айланган. Хўш, глобал эпидемия хавфидан хавотирланиш вақти келдими?

Африкаликлар «фитна» деяётган Эбола иситмаси: 200 киши вафот этди, аммо вакцина ёки дори йўқ

Африкада Эбола вируси келтириб чиқарган касаллик Конго Демократик Республикасида (КДР) шиддат билан тарқалмоқда.

«Мамлакатда Бундибужио Эбола вируси билан касалланишнинг 900 дан ортиқ эҳтимолий ҳолати аниқланди, улардан 220 таси ўлим билан якун топди», - деди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесус.

1

Ҳозирга қадар тиббиёт ходимлари вирус юқиши эҳтимоли бўлган шахсларнинг бор-йўғи 20 фоизини (1745 нафар) кузатувга олишга муваффақ бўлишди. Қўшни давлатлар чегараларни ёпиб, қатъий назорат ўрнатган бўлса-да, эпидемияни секинлаштиришнинг имкони бўлмаяпти. КДР ичкарисидаги вазият эса тартибсизликларга айланиб кетган: инфекция юқтирганликда гумон қилиниб, сақлаш марказига жойлаштирилган камида 18 киши қочиб кетган ва уларнинг қаердалиги ҳануз номаълум. Қуролли исёнчи гуруҳларнинг ҳаракатлари, ички кўчирилганларнинг кўплиги, маҳаллий ҳукуматнинг лаёқатсизлиги ҳамда халқаро ёрдамнинг қисқаргани вазиятни янада оғирлаштирмоқда.

Ҳозирча касаллик тарқалишини назоратга олишнинг иложи бўлмаяпти — у жуда кеч аниқланган

ЖССТ 2026 йилнинг май ойи ўрталарида расман халқаро миқёсдаги фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бироқ вирус бундан бир неча ҳафта олдин тарқалишни бошлаган ва эътибордан четда қолган эди. Мутахассисларнинг тахминича, касаллик расман қайд этилгунига қадар минтақада бир неча ой давомида яширинча айланиб юрган бўлиши мумкин. «The New York Times» нашрининг ёзишича, эболавирус инфекцияси тарқалгани эълон қилинганидан бор-йўғи ўн кун ўтиб, бу ҳодиса кузатувлар тарихидаги энг йирик учинчи ҳолатга айланиб улгурди.

2

Бу сафар вазиятни назорат қилишни вируснинг айнан шу турига қарши курашиш воситаларининг йўқлиги ҳам қийинлаштирмоқда. Ҳозирча тасдиқланган дори-дармон ва вакциналар ишлаб чиқилмаганлиги сабабли, тиббиёт ходимлари чекланган чоралар билан кифояланишга мажбур. Улар беморларни изоляция қилиш, касаллар билан мулоқотда бўлганларни кузатиш ва умумий терапияни қўллашдан нарига ўта олишмаяпти.

Шифокорлар ва дори-дармонлар кескин етишмаяпти. Бунга минтақадаги ички вазият ва Трамп сиёсати таъсир кўрсатмоқда

Гуманитар ташкилотлар минтақа энг оғир дамларда зарур ресурсларсиз қолиб кетганини очиқ таъкидламоқда. Хусусан, қуролли гуруҳлар билан тўқнашиш хавфи тиббиёт ходимларининг фаолиятига жиддий тўсқинлик қиляпти.

«Итури провинциясида давом этаётган низо кузатув гуруҳларининг ҳаракатланишини, тезкор реакция гуруҳларини жойлаштиришни ва лаборатория намуналарини ташишни чеклаб қўймоқда», - дейилади ЖССТ ҳисоботида.

3

Вазиятнинг яна бир чигал томони АҚШнинг гуманитар ташаббуслар борасидаги сиёсатига бориб тақалади. Доналд Трамп маъмурияти ЖССТни молиялаштиришни тўхтатди ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигини (USAID) тарқатиб юборди. Бундан ташқари, Конго Демократик Республикасига бевосита кўрсатиладиган тиббий ёрдам ҳажми ҳам муттасил қисқартирилмоқда.

Эпидемия ўчоғини жиловлашга уринаётган тиббиёт муассасаларига маҳаллий аҳоли томонидан шу пайтгача уч марта ўт қўйилди

Одамларнинг касалликка қарши кураш чораларига нисбатан кескин қаршилиги жойлардаги ёрдам марказлари ишини бутунлай издан чиқармоқда. «Associated Press» агентлигининг хабар беришича, биргина ўтган ҳафтанинг ўзида шифохоналарга учта ҳужум қайд этилган.

4

Воқеалар хронологиясига кўра, биринчи ҳужум 21 май куни Рвампара шаҳрида юз берди: инфекциядан вафот этган беморнинг жасадини оиласига бериш рад этилгач, ғазабланган маҳаллий аҳоли шифохонага ўт қўйган. Орадан икки кун ўтиб, 23 май куни Монгбвалу шаҳрида касалланганлар изоляция қилинган тиббий чодирлар ёқиб юборилди. Оқибатда инфекция юқтирганликда гумон қилинган 18 киши қочиб кетган ва уларнинг қаердалиги ҳанузгача номаълум. 24 май куни эса худди шу шаҳардаги шифохонага яна бир қуролли ҳужум уюштирилиб, босқинчилар бу сафар ҳам вафот этганларнинг жасадларини топширишни талаб қилишган.

Тиббиёт марказларига уюштирилаётган ҳужумларга ёлғон маълумотлар ва дафн маросимларини тақиқлаш сабаб бўлмоқда

Конго Демократик Республикаси аҳолисининг аксарияти вируснинг табиий йўл билан пайдо бўлганига ишонмайди. Улар Эбола инфекциясини нотижорат ташкилотлар ва шифохоналарнинг пул ишлаш мақсадида ўйлаб топган фитнаси, деб ҳисоблайди. Бундай асоссиз миш-мишлар ортидан беморлар профессионал тиббий ёрдамдан бош тортиб, маҳаллий табибларда даволанишга ҳаракат қилмоқда.

5

Вазиятнинг бу қадар кескинлашувига минтақада кенг оммалашган анъанавий дафн маросимлари ҳам жиддий таъсир кўрсатяпти. Одатда бир неча кунлаб давом этадиган ва кўп одам тўпланадиган бундай маросимларда марҳумнинг жасадини қўл билан ювиш талаб этилади. Ваҳоланки, вирус тарқалишининг олдини олиш учун вафот этганларни дафн этишда қатъий санитария қоидаларига амал қилиш ўта муҳимдир. Шу сабабли, касаллик ўчоғини жиловлаш мақсадида ҳукумат 50 кишидан ортиқ одам қатнашадиган дафн маросимлари ва бошқа йиғинларни ўтказишни аллақачон тақиқлаб қўйган.

Бу воқеалар минтақа учун янгилик эмас

Эбола инфекциясининг аввалги тарқалиш даврларида ҳам тиббиёт ходимлари ва даволаш марказларига ҳужумлар мунтазам равишда содир бўлиб турган. Хусусан, БМТ маълумотларига кўра, биргина 2019 йилнинг биринчи ярмида бундай ҳолат 198 марта қайд этилган.

Касалликнинг бу қадар шиддат билан тарқалиши ҳам биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Худди шу ҳудудда 2018–2020 йилларда тарихдаги энг йирик эпидемиялардан бири — Заир эболавируси тарқалганида ҳам, инфекция КДР ва Уганда чегараларидан ташқарига чиқиб кетмаган эди. Шунинг учун, гарчи ҳозирда ЖССТ, БМТ ва бошқа халқаро гуманитар ташкилотлар вазиятнинг қалтислигидан бонг ураётган бўлса-да, уларнинг расмий позицияси ўзгаришсиз: касалликнинг глобал миқёсда, яъни дунё бўйлаб тарқалиш хавфи ҳамон «паст» даражада баҳоланмоқда.

Теглар

Мавзуга оид