Apple Pay ва Google Pay Ўзбекистонда яқин ойларда ишга тушиши мумкин
Марказий банк Apple Pay ва Google Pay хизматларини Ўзбекистонда ишга тушириш бўйича ишлар фаол давом этаётганини маълум қилди. Регулятор маҳаллий Humo ва Uzcard карталарини ҳам ушбу платформаларга улашни режалаштирмоқда.

Apple Pay ва Google Pay тўлов хизматлари яқин ойларда Ўзбекистонда ишга тушиши мумкин. Бу ҳақда Марказий банкнинг Тўлов тизимларини ривожлантириш департаменти раҳбари Жамшид Усмонов Spot нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартишлардан сўнг Марказий банк тижорат банклари, Humo ва Uzcard миллий тўлов тизимлари ҳамда Apple ва Google компаниялари билан музокараларни бошлаган. Шу билан бирга, хизматларни техник жиҳатдан интеграция қилиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
«Ҳозирда тижорат банклари интеграция ишларини фаол олиб бормоқда. Карталарни токенизатсия қилиш билан боғлиқ жиҳатлар бор», — деди Усмонов.
Марказий банк вакили таъкидлашича, гап фақат Visa ва Mastercard халқаро карталарини қўллаб-қувватлаш ҳақида эмас. Регулятор Apple Pay ва Google Pay тизимларига маҳаллий Humo ва Uzcard карталарини ҳам улаш устида иш олиб бормоқда.
Унинг айтишича, яқин бир неча ой ичида лойиҳа бўйича ижобий янгиликлар эълон қилиниши мумкин. Дастлаб хизматни бир ёки бир нечта тижорат банки ишга тушириши эҳтимоли бор. Шунингдек, миллий тўлов операторларидан бири орқали ҳам хизматни йўлга қўйиш имконияти кўриб чиқилмоқда.
Жамшид Усмонов Марказий банк Apple ва Google вакиллари билан музокаралар ўтказганини ҳам тасдиқлади. Унинг маълум қилишича, учрашувлар жорий йилнинг апрель ва май ойларида бўлиб ўтган.
Қонунчиликдаги ўзгаришлар жараённи тезлаштирди
Эслатиб ўтамиз, 26 март куни президент «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонунни имзолаган эди.
Унга кўра, барча шахсий маълумотларни фақат Ўзбекистондаги серверларда сақлаш бўйича мажбурий талаб бекор қилинди. Энди бу талаб фақат биометрик ва генетик маълумотлар, шунингдек, телекоммуникация операторлари абонентларининг маълумотларига нисбатан сақланиб қолди. Қолган шахсий маълумотларга эса белгиланган шартларга риоя қилинган ҳолда хорижда ишлов беришга рухсат берилди.
Қўшни давлатлар аллақачон ишга туширди
Ўзбекистоннинг икки қўшни давлати — Қирғизистон ва Тожикистонда Apple Pay хизмати аллақачон ишга туширилган.
2026 йил 28 июлдан бошлаб Қирғизистонда банк карталари эгалари Apple Pay орқали смартфон ёки ақлли соат ёрдамида контаксиз тўловларни амалга ошириш, интернет ва мобил иловаларда ҳисоб-китоб қилиш имконияти яратилди. Мамлакат Марказий банки буни миллий молиявий инфратузилмани глобал тўлов тизимига интеграция қилишда муҳим қадам деб баҳолаган.
Тожикистонда ҳам хизмат айрим банклар мижозлари учун йўлга қўйилди. Хусусан, Alif Bank ва Humo Bank мижозлари банк карталарини Apple Wallet иловасига боғлаб, смартфон ёки ақлли соат орқали тўловларни амалга ошириши мумкин.
Қўшни давлатларда Apple Pay'нинг ишга туширилиши мазкур хизматнинг Ўзбекистонда ҳам тез орада жорий этилиши эҳтимолини оширмоқда. Аввалроқ мамлакатда бундай контаксиз тўлов тизимларини ишга тушириш учун зарур инфратузилма тайёр экани маълум қилинган эди. Шу боис, Марказий банк билдирган баёнот ушбу жараён якунига яқинлашаётганини кўрсатади.





