
Автомобиллар учун экостикерларни онлайн олиш мумкин
Ўзбекистонда автомобиллар учун экологик стикерларни my.gov.uz орқали онлайн олиш хизмати йўлга қўйилди.

Автомобиллар учун экологик стикерларни расмийлаштириш жараёни тўлиқ рақамлаштирилди. Эндиликда экологик тоифаси белгиланган автотранспорт воситаси эгалари экостикерни давлат хизматлари Ягона портали орқали масофадан туриб олиши мумкин. Бу ҳақда порталнинг расмий Telegram каналида маълум қилинди.
Хизматдан фойдаланиш учун фуқаролар my.gov.uz сайти ёки мобил иловасига кириб, «Экологик стикер» ёки «Транспорт» бўлими орқали «Автотранспорт воситасига экологик стикер олиш» хизматини танлаши кифоя.
Ариза жараёни соддалаштирилган. Автомобил ҳақидаги барча маълумотлар тизимда автоматик шаклланади ва фойдаланувчи фақат аризани тасдиқлайди. Тайёр экостикер 10 календар куни ичида почта орқали фуқаронинг манзилига етказиб берилади.
Экологик стикернинг ўзи ҳамда ариза топшириш хизмати мутлақо бепул. Фақатгина тайёр стикерни почта орқали уйга етказиб бериш хизмати учун 20 600 сўм миқдорида тўлов ундирилади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил ноябр ойида ҳукумат қарори билан автотранспорт воситаларини экологик тоифаларга ажратиш ва экостикер бериш тартиби тасдиқланган эди. Унга кўра, бензин, сиқилган ва суюлтирилган газда ҳаракатланувчи автомобиллар Евро-2 ва ундан юқори стандартларда «тоза», Евро-0 ва Евро-1 эса «ўрта» тоифага киритилади.
Дизел двигателли транспорт воситалари учун эса Евро-4 ва ундан юқори «тоза», Евро-3 «ўрта», Евро-0, Евро-1 ҳамда Евро-2 стандартларига жавоб берадиган автомобиллар «зарарли» тоифада белгиланади. Шунингдек, гибрид, муқобил ёқилғида ҳаракатланувчи ва ишлаб чиқарилганига уч йилдан ошмаган транспорт воситалари автоматик равишда «тоза» тоифага киритилади.
Аввалроқ экостикер бўйича жарималар 2026-йилдан қўлланилмаслиги ҳақида хабар берган эдик. Тизим доирасидаги жарималар фақат 2028-йилдан кучга киради, унгача эса ҳайдовчилар учун тушунтириш ва тайёргарлик даври бўлади.





