add

Баҳорги семестр учун ўқиш кўчириш бўйича аризаларни қабул қилиш бошланди

Кеча 17:302 дақиқа

Амалдаги тартибга кўра, талабалар баҳорги семестр олдидан ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш учун аризани 10–20 январ кунлари топшириши мумкин.

Баҳорги семестр учун ўқиш кўчириш бўйича аризаларни қабул қилиш бошланди

Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган низомга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, олий таълим ташкилотлари талабалари учун баҳорги семестр олдидан ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш тартиби янгиланди. Эндиликда аризалар ҳар йили 10 январдан 20 январгача, шу жумладан, 20 январ куни ҳам қабул қилинади.

Мазкур тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 578-сон қарори билан тасдиқланган низом асосида жорий этилди. Ўзгартишлар ўқишни кўчириш жараёнини аниқ муддатлар билан белгилаш ҳамда ягона тартибга солишни кўзда тутади. Бу талабалар учун жараённинг шаффофлиги ва режалаштириш имкониятини оширади.

Аризаларни бир неча усулда топшириш мумкин. Хусусан, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг расмий transfer.edu.uz портали орқали, Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали онлайн шаклда, шунингдек, вазир буйруғи билан ташкил этилган ҳудудий ишчи гуруҳлар орқали аризалар қабул қилинади.

Ариза билан бирга тегишли ҳужжатлар тақдим этилиши шарт. Уларга рейтинг дафтарчаси, академик маълумотнома ёки транскрипт нусхаси, шунингдек, ўқишни кўчириш ёки қайта тиклаш сабабларини тасдиқловчи ҳужжатлар киради.

Янги тартибда айрим чекловлар ҳам белгиланган. Баҳорги семестр олдидан бир олий таълим ташкилотидан бошқасига кўчириб тиклаш бўйича аризалар қабул қилинмайди. Шунингдек, 1-босқичнинг 1-семестрига ўқишни кўчиришга рухсат этилмайди, айрим истисно ҳолатлар бундан мустасно.

Қоидаларга кўра, ўқишни кўчиришда фанлар фарқи тўрттадан ошмаслиги, талабанинг GPA кўрсаткичи эса камида 2,4 бўлиши лозим. Топширилган аризалар 21 январдан 10 февралгача Давлат комиссияси, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда олий таълим ташкилотлари томонидан кўриб чиқилади ва натижалар ариза берувчиларга белгиланган тартибда етказилади.

Теглар

Мавзуга оид