Банклардаги муаммоли кредитлар ҳажми ярим йилда қарийб 5 трлн сўмга ошди
2026-йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон банкларида муаммоли кредитлар ҳажми қарийб 5 трлн сўмга кўпайди. Ўсишнинг қарийб тўртдан уч қисми давлат банклари ҳиссасига тўғри келган.
© Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva2026-йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, Ўзбекистон тижорат банкларининг муаммоли кредитлари (NPL) 4 трлн 887 млрд сўмга ошиб, 22 трлн 943 млрд сўмга етди.
Марказий банк маълумотларига кўра, бу даврда банклар кредит портфели ҳам ўсган бўлса-да, қайтмай қолиш хавфи юқори бўлган қарзлар ўсиши анча юқори суръатда давом этган.
2026-йил 1-июл ҳолатига кўра, республика банкларининг жами кредит портфели 642 трлн 810 млрд сўмни ташкил этган. Шундан 22 трлн 943 млрд сўми ёки 3,6 фоизи муаммоли кредитлар ҳиссасига тўғри келади.
Ярим йил давомида кредит портфели 38 трлн 807 млрд сўмга кўпайган. Шу билан бирга, NPL ҳажми ҳам 4 трлн 887 млрд сўмга ошган. Бу кредитлаш ҳажми ўсиши билан бир қаторда банк тизимида рисклар ҳам ортиб бораётганини кўрсатади.
Давлат банклари асосий ҳиссани ташкил қилди
Муаммоли кредитлар ўсишининг асосий қисми давлат иштирокидаги банкларга тўғри келди.
1-июл ҳолатига кўра, давлат банкларининг кредит портфели 422 трлн 259 млрд сўмни ташкил этган. Уларнинг 16 трлн 446 млрд сўми ёки 3,9 фоизи муаммоли кредитлардан иборат.
Ярим йил ичида давлат банклари кредит портфелини 17 трлн 790 млрд сўмга оширган. Бироқ шу даврнинг ўзида муаммоли кредитлар 3 трлн 612 млрд сўмга кўпайган. Бу эса республика бўйича жами ўсган муаммоли кредитларнинг қарийб 74 фоизи давлат банклари ҳиссасига тўғри келганини англатади.
Муаммоли кредитлари энг кўп ошган давлат банклари қуйидагилар бўлди:
«Mikrokreditbank» — 902 млрд сўм;
«Xalq banki» — 501 млрд сўм;
«Agrobank» — 493 млрд сўм;
«Asakabank» — 372 млрд сўм;
«Biznesni rivojlantirish banki» — 376 млрд сўм;
«Sanoatqurilishbank» — 344 млрд сўм;
«Aloqabank» — 304 млрд сўм;
«Milliybank» — 220 млрд сўм;
«Turonbank» — 99 млрд сўм.
Шу билан бирга, кредит портфели ҳажми давлат банклари орасида фақат икки банкда қисқарган. Хусусан, «Sanoatqurilishbank» кредит портфели 3 трлн 946 млрд сўмга, «Asakabank»ники эса 1 трлн сўмга камайган.
Хусусий банкларда ҳам ўсиш кузатилди
Хусусий ва чет эл капитали иштирокидаги банкларнинг кредит портфели 220 трлн 550 млрд сўмга етган. Улардаги муаммоли кредитлар ҳажми 6 трлн 497 млрд сўм ёки умумий портфелнинг 2,9 фоизини ташкил этган.
2026 йилнинг дастлабки олти ойида мазкур тоифадаги банклар кредит портфелини 21 трлн сўмга оширган. Муаммоли кредитлар эса 1 трлн 276 млрд сўмга кўпайган.
Энг катта ўсиш қуйидаги банкларда қайд этилди:
«Anorbank» — 421 млрд сўм;
«TBC Bank» — 418 млрд сўм;
«Ipak Yo‘li Bank» — 225 млрд сўм;
«Orient Finans Bank» — 203 млрд сўм;
«Hamkorbank» — 160 млрд сўм.
Айрим банклар эса аксинча, муаммоли кредитлар ҳажмини қисқартиришга эришган. Жумладан, «Kapitalbank»да бу кўрсаткич 199 млрд сўмга, ««Ipotekabank»да 163 млрд сўмга, «Poytaxt bank»да эса 32 млрд сўмга камайган.
Кредит портфели ҳажми бўйича энг катта қисқариш «TBC Bank»да кузатилиб, ярим йилда банкнинг кредит портфели 2 трлн 23 млрд сўмга қисқарган. Шунингдек, «Orient Finans Bank»да 1 трлн 63 млрд сўмга, «Tenge Bank»да 175 млрд сўмга ва «Saderatbank»да 1,7 млрд сўмга пасайиш қайд этилган.
Муаммоли кредитлар ўтган ойга нисбатан камайган
Ярим йил давомида муаммоли кредитлар кўпайганига қарамай, июнь ойида ижобий динамика кузатилди. Агар ярим йил якунларида муаммоли кредитлар ҳажми умумий ҳисобда 4 трлн 887 млрд сўмга ошган бўлса, июнь ойининг ўзида уларнинг ҳажми камайди. Хусусан, 1-июн ҳолатига 23 трлн 609 млрд сўмни ташкил этган муаммоли кредитлар 1-июл ҳолатига келиб 22 трлн 943 млрд сўмга тушди. Натижада бир ой ичида муаммоли кредитлар ҳажми 666 млрд сўмга қисқарди.

Манба: Марказий банк




