Logo

Beeline эгаси Ўзбекистонда банк очиш ёки сотиб олишни режалаштирмоқда

Кеча 11:062 дақиқа

VEON Ўзбекистон ва Қозоғистон банк бозорларига кириш имкониятларини ўрганмоқда. Компания банкни нолдан ташкил этиши ёки мавжуд молия муассасасини сотиб олиши мумкин.

Beeline эгаси Ўзбекистонда банк очиш ёки сотиб олишни режалаштирмоқда © Veon

«Beeline Uzbekistan» эгаси бўлган халқаро телекоммуникатсия гуруҳи VEON Ўзбекистонда банк ташкил этиш ёки мавжуд банкни сотиб олиш орқали бозорга кириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Компания бу режаларини 16-ноябр куни Ню Йоркда ўтказилган Capital Markets Day тадбирида маълум қилди.

VEON тўловлар ва рақамли активлар бўйича директори Аҳмет Кайҳан инвесторлар билан суҳбатда гуруҳ Ўзбекистон ва Қозоғистонда банк литсензиясини оиш имкониятларини ўрганаётганини айтди.

«Ўзбекистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам имкониятлардан келиб чиқиб, мавжуд банкни сотиб олиш ёки янгисини ташкил этиш орқали банк литсензиясини олишга интилмоқдамиз», — деди у.

Компания АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси (SEC) базасида эълон қилган тақдимотда ҳам Ўзбекистон ва Қозоғистон молиявий хизматларни кенгайтириш ҳамда банк литсензияларини олиш режалаштирилаётган бозорлар сифатида кўрсатилган.

Банк литсензияси гуруҳга тўлов хизматлари доирасидан чиқиб, депозитлар жалб қилиш ва йирикроқ кредитлар ажратиш имконини беради. Келгусида компания суғурта ва инвеститсия маҳсулотларини ҳам ривожлантиришни режалаштирмоқда.

Ўзбекистондаги фаолияти ва молиявий кўрсаткичлар

Ўзбекистонда VEON аллақачон электрон ҳамён хизматларини кўрсатмоқда ва микрокредитлашни ривожлантирмоқда. Компаниянинг ўз баҳосига кўра, унинг электрон ҳамёни мамлакат бозорида тўртинчи ўринни эгаллаб турибди.

VEON'нинг сўнгги ҳисоботига кўра, 2026-йилнинг тўққиз ойи давомида «Beeline Uzbekistan» ва гуруҳнинг мамлакатдаги бошқа хизматлари даромади 5,9 фоизга ўсиб, 3,03 триллион сўмга, ЭБИТДА кўрсаткичи эса 4,4 фоизга ошиб, 1,1 трлн сўмга етган. Умумий даромаднинг 2,55 трлн сўми (+3,5 фоиз) телекоммуникатсия ва инфратузилма бизнеси ҳиссасига, 483,2 млрд сўми (+20,1 фоиз) эса рақамли хизматларга (жами даромаднинг 15,9 фоизи) тўғри келган. Beeline алоҳида тарзда Beepul тўлов хизматининг иккинчи чоракдаги даромади 87 млрд сўмдан ошганини маълум қилган.

2026-йил учинчи чораги ҳолатига кўра, «Beeline Uzbekistan» қарийб 7,4 млн мобил алоқа абонентига хизмат кўрсатмоқда. Гуруҳ телекоммуникатсия хизматларидан ташқари, Beepul молиявий иловаси, OQ рақамли бренди ва ҳамби супериловасини ҳам ривожлантирмоқда. Учинчи чорак якунларига кўра, Hambi аудиторияси 4,9 млн, Kinom 2,9 млн, Beepul ва OQ эса 800 минг нафардан фаол фойдаланувчини ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, 2026-йилнинг октябр ойида VEON гуруҳи Ўзбекистонда Perfectum алоқа операторини 207 млн долларга сотиб олганди.

Теглар

Мавзуга оид