Logo

Бизнес хатлови: тадбиркорлар нималарни билиши керак?

Бугун 18:4712 дақиқа

15-октябрдан бизнесни рўйхатга олиш тадбирига старт берилади, жараёнларда тадбиркорлардан қандай маълумотлар сўралади ва улар солиқ текширувларига сабаб бўлиши мумкинми? Vaqt.uz ушбу саволларга Миллий статистика қўмитасидан жавоб олди.

Бизнес хатлови: тадбиркорлар нималарни билиши керак?

Аввалроқ Ўзбекистонда 15-октябрдан 30-ноябрга қадар бизнесни рўйхатга олиш тадбири ўтказилиши ҳақида хабар берган эдик. Тадбирдан асосий мақсад мамлакатда яширин иқтисодиёт улушини камайтиришдан иборат. Аммо жараёнда қайси иқтисодий бирликлар қамраб олинади, тадбиркорлардан қандай маълумотлар сўралади ва уларнинг махфийлиги қандай таъминланади? Vaqt.uz Миллий статистика қўмитаси матбуот котиби Усмон Абдурасуловдан шу ва бошқа саволларга жавоб олди.

Бизнесни рўйхатга олишда иштирок этиш мажбурийми ва тадбиркорлар жараёнда қандай қатнашади?

Бизнесни рўйхатга олиш давлат миқёсида ташкил этилаётган статистик тадбир бўлиб, унинг асосий мақсади мамлакатда амалда фаолият юритаётган барча иқтисодий бирликларни тўлиқ қамраб олиш, уларнинг фаолият йўналишлари, бандлик ҳолати ва асосий иқтисодий кўрсаткичлари тўғрисида ишончли маълумотларни шакллантиришдан иборат.

«Расмий статистика тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддасида респондентларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган. Унга кўра, статистик кузатувларда иштирок этиш ва маълумотларни тақдим этиш тартиби кузатувнинг тури ҳамда респондентнинг мақомига қараб белгиланади. Жумладан, рўйхатга олиш жараёнига монелик қилмаслик шартлиги қонунда мустаҳкамланган.

Тадбиркорларнинг рўйхатга олишда иштирок этиши улар мансуб бўлган тоифага қараб турли усулларда ташкил этилади:

  • Респондентларнинг асосий қисми рўйхатга олувчилар томонидан фаолият юритаётган манзилларига ташриф буюрилган ҳолда, юзма-юз сўров орқали қамраб олинади. Олинган маълумотлар планшет ёрдамида электрон саволномага киритилади.

  • Ўзини ўзи банд қилган шахслар эса census.stat.uz ахборот тизими орқали саволномани мустақил равишда онлайн тўлдиради. 

Тадбиркорлар рўйхатдан ўтиш учун статистика идоралари ёки бошқа ташкилотларга бориши шарт эмас. Жараён уларнинг тоифасига мос равишда бевосита фаолият жойида ёки электрон тизимлар орқали ташкил этилади.

Муҳим жиҳати шундаки, мазкур тадбир тадбиркорлик субъектини янгидан давлат рўйхатидан ўтказиш, лицензия бериш ёки солиқ текширувини амалга ошириш эмас. Бу иқтисодиётнинг ҳақиқий ҳолатини статистик баҳолашга қаратилган умумдавлат тадбиридир.

Бизнесни рўйхатга олишда қандай маълумотлар сўралади?

Бизнесни рўйхатга олиш жараёнида барча иқтисодий бирликлардан бир хил ҳажмдаги маълумотлар талаб этилмайди. Саволномалар иқтисодий бирликнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, фаолият йўналиши ва ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилган.

Юридик шахслар бўйича корхонанинг расмий ва савдо номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, мулкчилик тури, амалдаги фаолият манзили, филиаллари, асосий ва қўшимча фаолият йўналишлари, ишчилар сони, интернетдан бизнес мақсадларида фойдаланиш, экспорт-импорт операциялари каби маълумотлар ўрганилади. Тегишли иқтисодий кузатув саволномасида молиявий ва ишлаб чиқариш кўрсаткичлари, жумладан, айланма, харажатлар ва маҳсулот захиралари ҳақида ҳам маълумотлар йиғилади.

Якка тартибдаги ва оилавий тадбиркорлар ҳамда ҳунармандлар жисмоний шахс сифатида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи иқтисодий бирликлар тоифасига киради. Шу боис улар учун ягона саволнома қўлланади.

Ушбу тоифадаги респондентлар бўйича асосий ва қўшимча фаолият йўналишлари, фаолият бошланган йил, амалдаги фаолият манзили, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ёки кўрсатиладиган хизматлар, асосий мижозлар тоифаси, фаолиятда иштирок этаётган оила аъзолари ва ёлланма ходимлар сони, шунингдек, бошқа тегишли иқтисодий кўрсаткичлар ҳақида маълумотлар йиғилади.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар бўйича уларнинг бандлик фаолияти ва иқтисодий фаолият турига оид тегишли маълумотлар йиғилади. Ушбу тоифа учун маълумотларни электрон шаклда мустақил тақдим этиш механизми ҳам назарда тутилган.

Деҳқон ва фермер хўжаликлари тегишли иқтисодий кузатув саволномаси орқали қамраб олинади. Бунда қишлоқ хўжалиги фаолиятининг хусусиятлари, ишлаб чиқариш ва иқтисодий кўрсаткичларга оид саволлар қўлланади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари бўйича уларнинг ташкилий-ҳуқуқий мақоми, фаолият йўналиши, жойлашуви, бандлик кўрсаткичлари ҳамда тегишли иқтисодий фаолиятига оид маълумотлар йиғилади.

Расмий рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритаётган шахслар бўйича эса амалда қандай иқтисодий фаолият олиб бораётгани, қаерда ишлаши, қандай маҳсулот ишлаб чиқариши ёки хизмат кўрсатиши ҳамда фаолиятда иштирок этаётган шахсларга оид маълумотлар аниқланади. 

Шунингдек, айрим саволномаларда 2025-йилга оид йиллик иқтисодий кўрсаткичлар, жумладан, ишчиларнинг ўртача сони, айланма ва харажатлар тўғрисидаги маълумотлар назарда тутилган.

Бунда саволнома таркиби респондент тоифасига қараб фарқланишини алоҳида айтиш керак. Масалан, йирик корхонадан талаб этиладиган молиявий кўрсаткичларнинг барчаси ўзини ўзи банд қилган шахсдан сўралмайди.

Ўзини ўзи банд қилганлар ва норасмий фаолият юритувчилар қандай аниқланади?

Бизнесни рўйхатга олишда нафақат расмий рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари, балки амалда иқтисодий фаолият юритаётган, бироқ мавжуд расмий регистрларда тўлиқ акс этмаган иқтисодий бирликларни аниқлаш ҳам асосий вазифалардан биридир. Бунинг учун маъмурий маълумотлар ва жойларда ўтказиладиган рўйхатга олиш ишлари биргаликда қўлланади.

Дастлабки рўйхатларни шакллантиришда Адлия вазирлиги, Солиқ қўмитаси ва бошқа тегишли давлат органларининг маълумотларидан фойдаланилади. Хусусан, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг дастлабки рўйхати Солиқ қўмитасидаги мавжуд маълумотлар асосида шакллантирилади.

Электрон савдо платформалари, уларга уланган сотувчилар ва агрегаторларга оид дастлабки маълумотларни шакллантиришда тегишли ваколатли ташкилотларнинг маъмурий ахборотларидан ҳам фойдаланиш назарда тутилган.

Шу билан бирга, маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари, ҳудудий статистика органлари ва бошқа масъул ходимлар иштирокида жойлардаги иқтисодий фаолият қамрови аниқлаштирилади. Масалан, фуқаро уй шароитида тикувчилик билан шуғулланса, буюртма асосида озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрласа, маиший хизмат кўрсатса ёки интернет орқали мунтазам маҳсулот сотса, унинг фаолияти тегишли рўйхатга олиш мезонларига жавоб берса, иқтисодий фаолият сифатида қамраб олинади. Бунда фақат тадбиркорлик субъектининг расмий ҳужжатларда мавжудлиги эмас, балки унинг амалда иқтисодий фаолият юритаётгани ҳам эътиборга олинади. Расмий рўйхатдан ўтмаган иқтисодий бирликларни аниқлашнинг асосий мақсади уларнинг фаолиятини текшириш ёки ҳуқуқий мақомини баҳолаш эмас, балки иқтисодиётда амалда яратилаётган маҳсулот ва хизматлар ҳамда бандлик кўрсаткичларини тўлиқроқ статистик ҳисобга олишдир.

Бир нечта фаолият тури билан шуғулланувчи, мавсумий ишлайдиган ёки вақтинча фаолиятини тўхтатган субъектлар қандай ҳисобга олинади?

Бир вақтнинг ўзида бир нечта фаолият тури билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг асосий ва қўшимча фаолият йўналишлари алоҳида аниқланади. Бунда асосий фаолият тури, биринчи навбатда, энг кўп қўшилган қиймат яратиладиган фаолият асосида белгиланади. Агар қўшилган қийматни аниқлаш имкони бўлмаса, энг юқори айланмага эга фаолият йўналиши асосий фаолият сифатида қабул қилинади.

Масалан, корхона бир вақтнинг ўзида маҳсулот ишлаб чиқариш, чакана савдо ва етказиб бериш хизматлари билан шуғулланса, унинг асосий фаолият йўналиши белгиланган иқтисодий мезонлар асосида аниқланади. Қолган йўналишлар эса қўшимча фаолият сифатида қайд этилади.

Мавсумий фаолият юритувчи корхоналар бўйича фаолиятнинг мавсумийлиги инобатга олинади. Бундай корхоналар йилнинг муайян даврида ишламаслиги уларни автоматик равишда иқтисодий фаолият юритмайдиган субъект деб ҳисоблаш учун етарли асос эмас. Тегишли саволларда уларнинг амалдаги фаолият ҳолати ва йиллик кўрсаткичларига аниқлик киритилади.

Вақтинча фаолиятини тўхтатган субъектлар бўйича эса ҳисобга олиш санаси муҳим. Тадбир 2026-йил 1-октябр ҳолатига ўтказилади. Шу сабабли айнан ушбу санадаги фаолият ҳолати асосий мезон ҳисобланади. Ҳисобга олиш санасидан кейин фаолиятини тўхтатган иқтисодий бирликлар ҳам белгиланган тартибда қамраб олинади.

Уй шароитида маҳсулот ишлаб чиқарувчи ёки хизмат кўрсатувчи шахслар эса фаолиятининг хусусиятига қараб тегишли иқтисодий бирлик сифатида ўрганилади.


Умуман, мазкур ёндашув орқали иқтисодий фаолиятнинг асосий ва қўшимча йўналишлари, мавсумий хусусиятлари ҳамда амалдаги ҳолати статистик ҳисобда тўлиқроқ акс эттирилади.

Бир нечта савдо нуқтаси, филиали ёки ишлаб чиқариш объекти бўлган корхоналар қандай ҳисобга олинади?

Бизнесни рўйхатга олишда корхоналарнинг ташкилий тузилмаси, бош офиси, филиаллари ва алоҳида фаолият юритувчи бўлинмалари тўғрисидаги маълумотларни аниқлаштириш назарда тутилган. Суҳбат давомида иқтисодий бирликнинг мустақил корхона, бош офис, филиал ёки бошқа турдаги бўлинма сифатида фаолият юритаётгани аниқланади.

Агар корхонанинг бир нечта савдо нуқтаси, ишлаб чиқариш цехи ёки ҳудудий филиали мавжуд бўлса, уларнинг амалдаги жойлашуви ва фаолият хусусиятлари тўғрисидаги маълумотлар белгиланган саволнома асосида қайд этилади.

Бунда ҳар бир савдо нуқтаси ёки ишлаб чиқариш манзилини автоматик равишда алоҳида юридик шахс деб ҳисоблаш тўғри эмас.

Масалан, битта масъулияти чекланган жамиятга тегишли учта савдо дўкони мавжуд бўлса, уларнинг ҳар бири иқтисодий фаолият амалга оширилаётган жой сифатида ўрганилиши мумкин. Бироқ бу ҳолат бир корхонанинг учта мустақил юридик шахс сифатида ҳисобланишини англатмайди.

Шунингдек, бош офис ва филиаллар томонидан тақдим этилган маълумотларни такрор ҳисобга олишнинг олдини олиш муҳим вазифалардан биридир. Бунинг учун маъмурий маълумотлар ва саволнома натижалари ўзаро солиштирилади, аниқланган тафовутларга тегишли тартибда аниқлик киритилади.

Натижада бир томондан иқтисодий фаолият амалга оширилаётган барча жойлар тўлиқ қамраб олинади, иккинчи томондан эса корхоналар сони ва иқтисодий кўрсаткичларда такрорий ҳисобга олиш ҳолатларининг олди олинади.

Бизнес хисоби якунлангач, кузатилмайдиган иқтисодиёт кўлами қайта баҳоланадими?

Бугунги кунда иқтисодий фаолиятнинг айрим йўналишлари мавжуд маъмурий ва статистик маълумотларда етарли даражада тўлиқ акс этмаслиги мумкин. Масалан, расмий рўйхатдан ўтган, бироқ амалда фаолият юритмаётган субъектлар, фаолиятини вақтинча тўхтатган корхоналар ёки аксинча, расмий рўйхатдан ўтмасдан иқтисодий фаолият юритаётган шахслар мавжуд бўлиши мумкин. Рўйхатга олиш натижаларида айнан шундай ҳолатларга аниқлик киритилади.

Йиғилган маълумотлар қайта ишланиб, амалдаги бизнес регистрлари ва бошқа маъмурий маълумотлар билан солиштирилади. Натижаларга кўра, иқтисодий бирликлар сони, фаолият ҳолати, бандлик ва тегишли иқтисодий кўрсаткичлар бўйича статистик баҳолашлар аниқлаштирилиши мумкин. Бу, ўз навбатида, кузатилмайдиган иқтисодиёт кўламини баҳолаш методологияси ва зарур ҳисоб-китобларни такомиллаштириш учун асос бўлади.

Бироқ бу барча макроиқтисодий кўрсаткичлар тадбир якунланиши билан автоматик равишда қайта ҳисобланади, дегани эмас. Бундай қарорлар йиғилган маълумотларнинг сифати, қамрови ва тегишли статистик методологиялар асосида қабул қилинади.

Хатлов натижасида аниқланадиган иқтисодий бирликлар сони амалдаги регистрдан қанчага фарқ қилишини олдиндан аниқ айтиш мақсадга мувофиқ эмас. Ушбу тафовут рўйхатга олиш якунлари умумлаштирилиб, мавжуд маълумотлар билан солиштирилганидан сўнг аниқланади.

Тадбир давомида йиғилган маълумотлар Солиқ қўмитаси, банклар ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга бериладими?

Бизнесни рўйхатга олиш доирасида йиғиладиган маълумотларнинг махфийлиги қонунчилик билан кафолатланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2021-йил 11-августдаги ЎРҚ–707-сон «Расмий статистика тўғрисида»ги қонунининг 27-моддасига мувофиқ, расмий статистикани тайёрловчилар тасарруфидаги индивидуал маълумотлардан фақат статистик мақсадларда, жамланма статистик маълумотларни шакллантириш учун фойдаланилади.

Мазкур моддага кўра, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан индивидуал статистик маълумотлардан тергов, назорат, суд муҳокамаси ёки маъмурий қарорлар қабул қилиш мақсадларида фойдаланилишига йўл қўйилмайди.

Қонуннинг 28-моддасида жисмоний ёки юридик шахсни бевосита ёхуд билвосита аниқлаш имконини берувчи индивидуал статистик маълумотлар махфий ҳисобланиши белгиланган. 30-моддага мувофиқ эса расмий статистикани тайёрловчилар индивидуал маълумотларни расмий статистикадан фойдаланувчиларга ошкор қилмайди.

Шу боис бизнесни рўйхатга олиш саволномасида тадбиркор томонидан тақдим этилган индивидуал маълумотларни Солиқ қўмитаси, божхона органлари, банклар ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга текширув ўтказиш ёхуд муайян шахсга нисбатан маъмурий қарор қабул қилиш учун тақдим этиш назарда тутилмаган.

Шу билан бирга, давлат органларининг ўзида аввалдан мавжуд бўлган маъмурий маълумотларни Миллий статистика қўмитасига статистик мақсадлар учун тақдим этиш амалиёти мавжуд. Бу жараён рўйхатга олиш давомида олинган махфий индивидуал маълумотларни назорат органларига тарқатиш билан бир хил эмас. Рўйхатга олиш натижалари, асосан, республика ва ҳудудлар, иқтисодиёт тармоқлари ҳамда фаолият турлари бўйича умумлаштирилган статистик кўрсаткичлар шаклида эълон қилинади.

Норасмий фаолият аниқланса, тадбир доирасида жарима ёки бошқа жазо қўлланадими?

Бизнесни рўйхатга олиш солиқ текшируви ёки ҳуқуқбузарликларни аниқлашга қаратилган назорат тадбири эмас. Унинг асосий мақсади мамлакатдаги иқтисодий бирликларни, жумладан, расмий рўйхатдан ўтмасдан иқтисодий фаолият юритаётган шахсларни статистик ҳисобга олишдан иборат. Рўйхатга олувчиларнинг вазифаси тадбиркорлик фаолиятининг қонунийлигини текшириш, солиқ ҳисоблаш, жарима белгилаш ёки бошқа жазо чораларини қўллаш эмас. Улар тасдиқланган саволнома асосида маълумотларни йиғиш ва қайд этиш билан шуғулланади.

Ушбу масаланинг асосий ҳуқуқий кафолати «Расмий статистика тўғрисида»ги қонуннинг 27-моддасидир. Мазкур модда индивидуал статистик маълумотлардан тергов, назорат, суд муҳокамаси ёки маъмурий қарорлар қабул қилиш мақсадларида фойдаланишни тақиқлайди. Шунингдек, қонуннинг 28–30-моддалари бундай маълумотларнинг махфийлигини ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

Демак, шахснинг бизнесни рўйхатга олиш саволномасида ўз иқтисодий фаолияти тўғрисида маълумот бериши унинг фаолиятига нисбатан тадбирнинг ўзи доирасида жарима ёки бошқа жазо чораси қўллаш учун асос сифатида қаралмайди. Бироқ бу ҳолат амалдаги қонунчиликда белгиланган тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказиш, солиқ ва бошқа қонуний мажбуриятларни бекор қилмайди. Яъни бизнесни рўйхатга олиш тадбири алоҳида статистик жараён бўлиб, у умумий қонунчилик талабларидан озод қилиш ёки ҳуқуқбузарликларга нисбатан ҳуқуқий жавобгарликни бекор қилишни назарда тутмайди.

Норасмий ишлаётган шахс берган маълумотлар асосида солиқ текшируви ёки маъмурий жавобгарлик чораси қўлланиши мумкинми?

Бизнесни рўйхатга олиш жараёнида шахснинг иқтисодий фаолияти, даромадлари, ишчилари ёки бошқа кўрсаткичлари тўғрисида тақдим этган индивидуал маълумотлари статистик мақсадлар учун йиғилади. «Расмий статистика тўғрисида»ги қонуннинг 27-моддасига кўра, бундай индивидуал статистик маълумотлардан тергов, назорат, суд муҳокамаси ёки маъмурий қарорлар қабул қилиш мақсадида фойдаланиш мумкин эмас.

Шу сабабли бизнесни рўйхатга олиш саволномасида қайд этилган индивидуал маълумотлар солиқ текширувини тайинлаш, ўтган даврлар учун солиқ ҳисоблаш ёки шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораларини қўллаш мақсадида ишлатилмаслиги керак.

Масалан, фуқаро уй шароитида маҳсулот тайёрлаб сотиши, мустақил хизмат кўрсатиши ёки буюртма асосида ишлаши ҳақидаги маълумотни тақдим этса, ушбу маълумот статистик ҳисобга олиш учун ишлатилади. Бу жараёнда иқтисодий фаолиятнинг қамрови, бандлик ҳолати ва тегишли иқтисодий кўрсаткичлар ўрганилади.


Шу билан бирга, бизнесни рўйхатга олишда иштирок этиш шахсни бошқа қонуний мажбуриятлардан озод қилмайди.Солиқ ва бошқа ваколатли органлар ўз фаолиятини мустақил ҳуқуқий асослар ва қонунчиликда белгиланган тартиблар доирасида амалга оширади. Бироқ бу жараёнларни бизнесни рўйхатга олишда олинган махфий индивидуал статистик маълумотлардан назорат мақсадида фойдаланиш билан аралаштириш мумкин эмас.

Рўйхатга олувчилар кимлар? Тадбиркорлар фирибгарлардан қандай ҳимояланиши мумкин?

Тадбирни ташкил этиш ва ўтказишда Миллий статистика қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари, маҳаллий ҳокимликлар, ҳоким ёрдамчилари ва бошқа тегишли ташкилотлар ҳамкорлик қилади.

Маҳаллаларда иқтисодий бирликларни аниқлаш ва рўйхатга олиш ишларига ҳоким ёрдамчилари жалб этилади.

Деҳқон, ихтисослаштирилган ва буюм бозорлари, савдо марказларида эса рўйхатга олиш ишлари статистика органлари ходимлари томонидан бозор маъмурияти билан ҳамкорликда амалга оширилади. Рўйхатга олувчилар учун махсус тайёргарлик ишлари назарда тутилган. Ўқув машғулотларида уларга тадбирнинг мақсади ва вазифалари, норматив-ҳуқуқий асослари, саволномаларни тўлдириш тартиби, планшет дастуридан фойдаланиш, респондентлар билан мулоқот қилиш, маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш ҳамда техника хавфсизлиги қоидалари тушунтирилади.

Шунингдек, рўйхатга олиш жараёнини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш учун Миллий статистика қўмитаси томонидан ҳудудларга масъул супервайзерлар бириктирилган. Фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш масаласи ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Рўйхатга олувчи ходим ташриф давомида ўзини таништириши, ташрифининг мақсадини тушунтириши ва тегишли тартибда саволнома ўтказиши керак. Рўйхатга олувчилар махсус кийим ва бейжиклар билан таъминланган. Уларнинг ҳақиқий рўйхатга олувчи эканига шубҳа туғилган тақдирда, 1851 қисқа рақамли call-марказ орқали буни аниқлаштириш мумкин. Алоҳида таъкидлаш лозимки, бизнесни рўйхатга олиш учун тадбиркордан пул ундириш, банк картаси маълумотларини, PIN-код, СМС орқали келган тасдиқлаш коди ёки электрон тизимларга кириш паролларини талаб қилиш мазкур статистик сўровнинг вазифаларига кирмайди.

Теглар

Мафтуна Яхшиликова

Мафтуна ЯхшиликоваМақолалар сони: 207

Барчаси

Мавзуга оид

Бизнес хатлови: тадбиркорлар нималарни билиши керак? | Vaqt.uz