Чекка ҳудудлардаги мактабларда шарқ тиллари ўқитилади: ёш мутахассисларни жалб қилиш дастури ишга тушди
Иштирокчиларга қўшимча маош ва халқаро мақом берилади.
© Foto: t.me/Rasmiy_axborot_officialЎзбекистоннинг олис ва чекка ҳудудларидаги мактабларда хорижий тиллар, хусусан, шарқ тилларини ўқитиш сифатини ошириш мақсадида ёш мутахассислар жалб этилади. Бу ҳақда «Teach for Uzbekistan» (TFU) лойиҳаси ва Тошкент давлат шарқшунослик университети (ТДШУ) ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумида маълум қилинди.
Келишувга мувофиқ, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг иқтидорли битирувчилари чекка ҳудудлардаги мактабларга махсус икки йиллик «Fellowship» дастури доирасида йўналтирилади. Ёш мутахассислар мазкур мактабларда тўлиқ ставкада дарс бериши белгиланган. Бундан ташқари, улар педагогика ва бошқарув йўналишлари бўйича ташкил этиладиган интенсив тренингларда ҳам иштирок этади.
Мазкур дастур иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш тизими ҳам ишлаб чиқилган. Унга кўра, мактабларда фаолият юритаётган ёш ўқитувчиларга асосий иш ҳақи билан бир қаторда, қўшимча молиявий ва методик кўмак кўрсатилади.
Дастур якунида уни муваффақиятли тамомлаган иштирокчилар дунёнинг 60 дан ортиқ мамлакатини бирлаштирган «Teach For All» халқаро тармоғи битирувчилари мақомини қўлга киритади.
Таъкидланишича, мазкур ҳамкорлик чекка ҳудудларда таҳсил олаётган ўқувчиларнинг билимини ошириш ва хорижий тилларни ўзлаштириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, лойиҳа доирасида чекка жойлардаги мактабларда тил клублари ҳамда турли ижтимоий лойиҳаларни ривожлантириш кўзда тутилган.





