
«Чўпон қизнинг бир куни» — Жавҳар Чоршанбиевадан фотоэссе
Сурхондарёнинг Кўҳитанг тоғи ёнбағридаги дўппидеккина қишлоқлардан бирида яшайдиган чўпон қиз ҳақида фотоҳикоя

Замон — тез. Дунёмиз дақиқалар сайин ўзгариб, тараққий этиб боряпти. ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали деярли ҳар куни сивилизацияга хос қандайдир янгиликларнинг гувоҳига айланяпмиз. Шунга қарамай, «параллел олам»да ибтидодан у қадар узоқлашиб кетмаган, «секинлаштирилган кадрлар»да яшайдиган инсонлар ҳали-ҳануз топилади.
Мустақил фотограф Жавҳар Чоршанбиева ана шундай инсонлар истиқомат қиладиган маконда бўлиб, улардан бирининг ҳаёт тарзини суратлар орқали етказиб беришга ҳаракат қилган. Фотолавҳаларда Сурхондарёнинг Кўҳитанг тоғи ёнбағридаги дўппидеккина қишлоқлардан бирида яшайдиган чўпон қизни кўришингиз мумкин. Қаҳрамонимизнинг хоҳишига кўра унинг исмини келтирмадик ва шартли равишда Умида деб атадик.

Вилоят марказидан чамаси 70 км узоқликда жойлашган бу қишлоқ одамларининг тирикчилиги асосан деҳқончилик ва чорвачилик орқасидан.

Шу сабаб бу ернинг одамлари қишнинг совуғию ёзнинг иссиғига қарамай, «ер билан олишиб», адирларда «мол-ҳол» боқиб, умзгузаронлик қилишади.

Улар орасида поёнсиз қирларда Маҳмуд Намозов, Ҳосила Раҳимова қўшиқларию Хоразм лазгиси, миллий ашулаларни эшитиб кунини кеч қиладиган, акасининг қистови билангина телефон тутадиган, Телеграму Инстаграмлардан ҳам фойдаланмайдиган 34 ёшли Умида каби қизлар ҳам бор.

У чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланадиган, 3 ўғил ва 4 қиз фарзанди бўлган оиланинг қизи. Акалари, опа-сингиллари аллақачон оила қуриб, алоҳида рўзғор қилишгани, ота-онасининг ёши бироз кексайиб қолганлиги учун қайсидир маънода оғир юмушлар, жумладан чўпонлик ҳам унинг зиммасида қолган.
Орадан 34 йил ўтган бўлишига қарамай ҳалигача у яшайдиган қишлоққа қувур гази етиб бормаган. Аҳоли ой оралаб келадиган газ баллонга кўз тикиб, «Ишқилиб шундан ҳам ажралиб қолмайлик-да», деб юрак ҳовучлаб, фақат овқат қилиш учун тежаб-тергаб ишлатади.


Бошқа заруриятлари учун унда-мунда ўтин(охирги йиллардаги қурғоқчилик туфайли кўп дарахтлар қуриган, бир дарахтнинг ўсиши, ҳосил бериши, умри тугаб, ўтинга айланиши учун шу ерликлар шеваси билан айтганда «Аҳ-ҳааа!» йиллар керак бўлади) ва асосан мол тапписидан қилинадиган тезак ишлатади. Дарвоқе, қишнинг изғирини-чилласидан ҳам уларни мана шу тезак олиб чиқади.


Шу ерликларнинг айтишича, бундан 10-15 йиллар илгари ёзда ҳам ариқ-сойларда тўлиб сув оққан экан.

Экологиямизнинг ночор аҳволи бу ерларда ҳам ўз сўзини айтгани учун йил бўйи одамларнинг «кўзи осмонда».
Сўнгги йилларда баҳорда ёмғирга, куз-қишда қорга интиқ кишиларнинг кўзларига умидсизлик чўкиб қолган. Тоза ичимлик суви ҳам етиб бормаган бу қишлоқ одамлари тоғ оралаб оқиб тушадиган сой сувидан фойдаланишади.


Қурғоқчилик сабаб ёзда сой суви деярли қуриб битади. Кружкага зўрға илашадиган сув билан «баклажка» ва «сатил»ларни тўлдириб, пастдан (сой уйларларни қиялаб оқиб ўтади) юқорига олиб чиқиб, улар билан «бак»ларни тўлдиришнинг заҳматини айтмайсизми?
Мана шу «бак» суви инсонлар учун ҳам, чорва учун ҳам ичишига, кир-чири, ювин-чайинига ҳозирча ҳаминқадар етиб турибди.

Умиданинг университетда ўқиш хоҳиши оиласи, хусусан, отаси томонидан хушланмагани, қўллаб-қувватланмагани учун чўпонлик унинг тақдирига айланиб қолган.


У 150 га яқин қўй, 15 тача қорамолга йил давомида чўпонлик қилади.

Чўпонлик мактабнинг охирги босқичларидан бошлаб қисман, сўнгги 10 йилликда эса асосий ишига айланган.

Албатта, бу унинг учун осон бўлмаган. Ўтган йиллар давомида маълум хасталиклар туфайли бир нечта терапевтик муолажалар олган.


Унинг куни ҳали хўроз қичқирмай туриб бошланади. Уйғониши билан юз-қўлини ювиб, сигирларни соғиб, уларга емиш беради. Кейин соғилган сутни пишириб, нонушта тайёрлайди.

Апил-тапил нонушта қилиб олиб, яна молхона томонга ўтиб, кун ёришмасидан бузоқча ва қўзиларни онасидан ажратиб қолдириб, қолганларини далага ҳайдаб чиқишнинг тараддудига тушади.


Уй ҳовлисидаги экинлар, боғдаги дарахтлар оралаб, уларга зарар етказмасдан чорвани қирга олиб чиқиш ҳам у қадар осон иш эмас.


Уйдан ўзи билан чой ва «ҳамроҳхалта» олиб чиқади.




Чорвани қирнинг серўтроқ майдонига ҳайдаб боргандан кейин бироз тин олади.




Кун давомида молларни ёввойи ҳайвонлардан ҳимоя қилиш учун уларга уйдаги итлар ҳам ҳамроҳлик қилади.


Тиниб-тинчимаган Умида кун давомида далада фақат чорвага чўпонлик қилиш билан чекланиб қолмайди. «Ҳамроҳхалта»сида ўзи билан ўроқ, ип олиб чиқади. Ҳовли ҳовли-уйларни тозалаш учун супурги, тутантириқ учун шувоқ теради. Терганларини бир жойга тўплаб, ип билан боғлаб қўяди.


Кун ботишига томон бир уюм супурги, шувоқни эшакка ортиб, олиб қайтади.

Даладаги қўй ва сигирларни итларга омонат қилиб, тушлик пайти тамадди учун уйга келиб-кетади.

Бу орада онаси ва янгасига уй ишларига қарашишга ҳам улгуради.

Баъзи кунларини далага уни кўриш учун жиянлари келиб туради.

Улар билан ўйнаб, қўшиқ эшитиб кўнгил ёзади.


Кун ярмидан оғганда чорвани сувлаш учун сойга олиб тушади, сойдаги кичикина булоқчадан ўзи ҳам сувидишини тўлдириб олади.




Унинг куни шу тахлит ўтади, куни бўйи елиб-югуради, оғир меҳнат қилади. Лекин ҳаётдан нолиганини эшитмайсиз.
Чўпон қиз билан сўзлашиб, диллашган одам тийнатининг у қадар тозалигини англайди, ҳис қилади.
«Табиий одамнинг руҳини ҳеч нарса билан безовта қилмайди... Унинг эҳтиёжлари осонгина қондирилади ва онги ҳали бизни азоблайдиган беҳуда билимларга интилмайди. Фақат ўзига бевосита керакли нарсаларни ҳис қилади ва қизиқиш уни ўзгартиришга мажбур қилади», - дейди файласуф Жан Жак Руссо «Одамлар ўртасидаги тенгсизликнинг келиб чиқиши ва асослари ҳақида мулоҳазалар" (Discourse on Inequality) асарида. Балки, мана шу сабаб — инсонлардан кўра табиатга уйғунлиги туфайли кўнгли шунчалик тозадир, деб ўйлаб қоласан киши.

Умида шу суратлар олинганидан 1 йил ўтиб турмушга чиққан. Ўша вақтга қадар шаҳарда ёки «дом»да яшайдиган одамлардан турмуш қуриш таклифи тушган, аммо у рад этиб келган.
У – тоғнинг қизи, кенглик фарзанди.
«Дом» мен учун эмас, одам танламасам ҳам, жой танлайдиганларданман», — дейди чўпон қиз.
Жавҳар Чоршанбиева





