Click, Payme ёки Paynet: ярим йилда ким кўпроқ фойда олди?
Paynet’нинг соф фойдаси Payme’дан қарийб 3, Click’дан эса 4,1 баравар кўп бўлди. Бироқ Paynet фойдасининг ярмидан кўпи Humo’дан олинган дивиденд ҳисобига шаклланди. Асосий фаолият рентабеллиги бўйича эса Payme етакчи бўлди.
© sun'iy intelektЎзбекистондаги учта йирик тўлов компанияси 2026-йилнинг биринчи ярмида жами 2 трлн 72,5 млрд сўм соф тушум ва 971,4 млрд сўм соф фойда олди.
Vaqt.uz Paynet, Payme ва Click эълон қилган молиявий ҳисоботларни таққослади.

Paynet икки рақибининг жами тушумидан ҳам кўпроқ даромад олди
Paynet ярим йилда 1 трлн 142,2 млрд сўм соф тушум олди. Бу Payme ва Click’нинг жами тушумидан 211,9 млрд сўмга ёки 22,8 фоизга кўп.
Компаниянинг даромади бир йилда 51 фоизга, харажатлари эса 49,2 фоизга ошган. Натижада асосий фаолиятдан олинган фойда 54,7 фоизга кўпайиб, 366 млрд сўмга етган. Асосий фаолият рентабеллиги 31,3 фоиздан 32 фоизга кўтарилган.
Бироқ якуний соф фойданинг кескин ўсишида Paynet’нинг бевосита бизнеси эмас, Humo’дан олинган дивиденд асосий роль ўйнаган.
Paynet ярим йилда 615,5 млрд сўм соф фойда олган бўлса, шундан 321,1 млрд сўми Humo дивидендига тўғри келади. Бу якуний фойданинг 52,2 фоизига тенг.
Дивиденд даромадини соф фойдадан шартли равишда айириб ташлаганда, 294,5 млрд сўм қолади. Бу расмий «тузатилган фойда» кўрсаткичи эмас, аммо Paynet’нинг тўлов хизматлари ва Humo’га киритган инвестициясидан олган даромадини алоҳида кўриш имконини беради.

Шунга қарамай, Paynet дивиденд ҳисобга олинмаган тақдирда ҳам уч компания орасида биринчи ўринда қолади. Payme ва Click биргаликда 355,9 млрд сўм фойда олган бўлса, Paynet’нинг Humo’дан олган дивидендларисиз фойдаси 294,5 млрд сўмни ташкил қилди.
Payme асосий фаолият рентабеллиги бўйича етакчи
Payme’нинг соф тушуми Paynet билан деярли бир хил суръатда — 50,6 фоизга ўсиб, 492,7 млрд сўмга етган. Бироқ компаниянинг соф фойдаси тушумдан анча секин — 23,6 фоизга кўпайиб, 205,9 млрд сўмни ташкил қилган.
Бунга хизматлар таннархининг тушумдан тезроқ ўсиши таъсир қилган. Таннарх 84,2 фоизга ошиб, 159,4 млрд сўмга етган. Харажатлар ҳам 29 фоизга кўпайган.
Шунга қарамай, Payme асосий фаолият рентабеллиги бўйича учала компанияни ортда қолдирди. Компания ҳар 100 сўмлик тушумидан 44,3 сўм асосий фаолият фойдаси олган. Бу кўрсаткич Click’да 34,8 сўм, Paynet’да эса 32 сўмни ташкил қилади.
Бироқ Payme’нинг рентабеллиги ҳам пасаймоқда. Асосий фаолият маржаси бир йил ичида 46,3 фоиздан 44,3 фоизга, соф фойда маржаси эса 50,9 фоиздан 41,8 фоизга тушган.
Фойда солиғи харажатларининг 2,7 млрд сўмдан 19,7 млрд сўмгача ошиши ҳам якуний натижага таъсир қилган. Шу сабабли солиқ тўлангунга қадар фойда 33,3 фоизга ошган бўлса, соф фойда ўсиши 23,6 фоиз билан чекланган.
Click тушумдаги ўсишни фойдага айлантира олмади
Click учта компания орасида соф фойдаси камайган ягона иштирокчи бўлди.
Компаниянинг тушуми 23,8 фоизга ошиб, 437,6 млрд сўмга етган. Бироқ харажатлар даромаддан тезроқ — 40,9 фоизга кўпайиб, 254,4 млрд сўмни ташкил қилган.
Айниқса, бошқа операцион харажатлар 38,7 млрд сўмдан 134,9 млрд сўмгача — 3,5 баравар ошган. Тушум 23,8 фоизга ўсгани ҳолда, Click’нинг асосий фаолият фойдаси атиги 3,9 фоизга кўпайиб, 152,4 млрд сўмга етган.
Бундан ташқари, фойда солиғи харажатлари 586 млн сўмдан 13,7 млрд сўмгача ошган. Бу 2026-йил 1-апрелдан тўлов ташкилотлари ва тўлов тизими операторларининг IT Park резидентлигидан чиқарилиб, стандарт солиқ режимига ўтказилгани билан боғлиқ.
Натижада Click’нинг солиқ тўлангунга қадар фойдаси 5,4 фоизга ошганига қарамай, соф фойдаси 3 фоизга камайиб, 150 млрд сўмни ташкил қилган.
Компаниянинг соф фойда маржаси ҳам бир йил ичида 43,8 фоиздан 34,3 фоизгача тушган. Демак, Click ҳозир нафақат тушум ўсишининг секинлиги, балки харажатлар босими ва янги солиқ режимига мослашиш муаммосига ҳам дуч келмоқда.
Хўш, ким олдинда?
Соф тушум ва якуний фойда бўйича Paynet катта фарқ билан биринчи ўринда. Компания учала ташкилот жами даромадининг 55,1 фоизи ва соф фойдасининг 63,4 фоизини олган.
Бироқ Paynet’нинг 615,5 млрд сўмлик фойдасини тўлиқ тўлов хизматлари натижаси сифатида баҳолаш тўғри бўлмайди. Унинг ярмидан кўпи Humo дивидендига тўғри келади. Бу даромаднинг кейинги даврларда такрорланиши Humo фойдаси ва уни акциядорларга тақсимлаш бўйича қарорларга боғлиқ.
Маълумот учун, биринчи ярим йилликда Humo соф фойдасини 3,3 баравар ошириб, 411 млрд сўмга етказди.
Теглар






