Logo

Давлат харидларидаги «ўйинлар»,робототехника бўйича ўрнатилган жаҳон рекорди ва жаримага тортилган 8 та банк — 13 октябрь дайжести

Кеча 22:453 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Давлат харидларидаги «ўйинлар»,робототехника бўйича ўрнатилган жаҳон рекорди ва жаримага тортилган 8 та банк — 13 октябрь дайжести

Марказий банк сентябр ойида 8 та банкни жаримага тортди

Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси 2026 йилнинг сентябрь ойида ўтказилган йиғилишлар давомида жами 37 та масалани кўриб чиқди. Уларнинг асосий қисми, яъни 21 таси рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишидаги масалалар бўлиб, кредит ва микромолия ташкилотлари фаолиятига оид ўзгаришлар, лицензия бериш ҳамда банк бошқаруви номзодларини тасдиқлаш кабиларни ўз ичига олган.

Шунингдек, йиғилишларда кредит ва тўлов ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 16 та масала муҳокама қилинди. Хусусан, пруденциал нормативлар ва қонунчилик талабларига риоя этмаганлиги ҳамда инспекция текширувлари давомида аниқланган қатор қоидабузарликлар сабабли 8 та тижорат банкига нисбатан жарима санкциялари қўлланилди.

10 млрд сўмга яқин давлат харидларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди

Рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган мониторинг ва ўрганишлар натижасида республиканинг бир қатор ҳудудларидаги давлат харидларида жами 10 миллиард сўмга яқин қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Хусусан, Андижон, Фарғона, Жиззах, Наманган, Навоий ва Самарқанд вилоятларидаги турли давлат муассасалари ва ташкилотлари томонидан ўтказилган тендер савдоларида «Рақобат тўғрисида»ги қонун талаблари бузилиб, рақобатни чеклашга олиб келувчи ҳаракатларга йўл қўйилгани маълум бўлди.

Ушбу ҳолатлар юзасидан қўмитанинг ҳудудий бошқармалари томонидан қоидабузарликка йўл қўйган буюртмачи ташкилотларга нисбатан иш қўзғатилиб, тегишли таъсир чоралари қўлланилди. Шунингдек, қонунбузилишларни бартараф этиш бўйича мажбурий кўрсатмалар берилиб, айрим ҳолатлар бўйича молиявий жарима тортиш ва ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тўпланган материаллар тегишли органларга юборилди.

Ўзбекистон ёшлари робототехника бўйича жаҳон чемпиони бўлди

Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида 200 га яқин давлат вакиллари иштирокида ўтказилган «FIRST Global Challenge» халқаро робототехника мусобақасида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мутлақ жаҳон чемпиони бўлди. Ўрмон ёнғинларининг олдини олиш ва табиатни қайта тиклаш мавзусига бағишланган мазкур нуфузли беллашувда ёш муҳандисларимиз 16 та ўйиннинг барчасида ғалаба қозониб, 637 балл билан мусобақа рекордини ўрнатди ҳамда 3 та олтин медални қўлга киритди.

Ушбу ғалаба муносабати билан 13 октябрь куни Президент фармони қабул қилиниб, ғолиблар ва уларнинг устозлари давлат мукофотлари билан тақдирланди. Хусусан, терма жамоа бош мураббийси Зиёдулла Бўтахонов «Содиқ хизматлари учун» медали билан, жамоа сардори, техник мураббий, менежерлар ва барча аъзолар эса «Келажак бунёдкори» медали билан мукофотланди.

9 ойда ўзбекистонликлар кибержиноятлардан 1 трлн сўмдан ортиқ зарар кўрди

2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистонда қарийб 70 мингта кибержиноят содир этилиб, фуқароларга 1 триллион сўмдан ортиқ моддий зарар етказилган. Ички ишлар вазирлиги масъулларининг маълум қилишича, тергов ҳаракатлари давомида ушбу маблағнинг 210 миллиард сўмдан ортиғи ўз эгаларига қайтарилган. Асосан электрон тўлов тизимлари орқали пул ўзлаштиришга қаратилган мазкур жиноятларнинг 90 фоизи мамлакат ташқарисидан туриб, трансчегаравий тарзда амалга оширилмоқда.

Фирибгарлар аҳоли маблағларини асосан тўрт усулда, хусусан, тўй таклифномаси, фотосурат ёки таъзия хабари кўринишидаги зарарли АПК файллар, сохта ҳаволалар ва ёлғон инвестиция платформалари орқали ўзлаштирмоқда. Бундай жиноятларнинг қарийб 50 фоизи айнан АПК файллар орқали содир этилаётганини таъкидлаган ИИВ вакиллари фуқароларни номаълум файлларни очмасликка, телефон орқали шахсий маълумот ва кодларни ҳеч кимга бермасликка ҳамда фирибгарликни сезган заҳоти 102 рақамига мурожаат қилишга чақирди.`

Теглар

Мавзуга оид