Logo

«Док-1 Макс» жабрланувчиларига товон пули давлат томонидан тўлиқ тўлаб берилди

Бугун 20:413 дақиқа

Мазкур иш бўйича айбдорлардан 3 йил давомида белгиланган компенсациянинг атиги 20 фоизи ундирилгач, қолган 80 фоиз маблағ жорий йилнинг октябрь ойида давлат ҳисобидан тўлаб берилди.

«Док-1 Макс» жабрланувчиларига товон пули давлат томонидан тўлиқ тўлаб берилди

2026 йилнинг 20−24 октябрь кунлари «Док-1 Макс» ва «Амбронол» сиропларидан вафот этган ва ногиронлик орттирган болаларнинг оилаларига товон пуллари давлат томонидан тўлиқ қоплаб берилди. Бу ҳақда жабрланувчиларнинг ота-оналари ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) матбуот котиби Фаррух Тошпўлатов маълум қилди.

Суд ҳукмига кўра, компенсация пуллари мазкур ишда айбдор деб топилган Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбарияти ҳамда дори воситасини ишлаб чиқарувчининг Ўзбекистондаги дилери — «Quramax» МЧЖ вакилларидан ундирилиши белгиланган эди. Тақдим этилган банк ҳужжатларига асосан, ўтган 3 йил давомида судланганлардан зарар суммасининг атиги 20 фоизи ундирилган. Охирги ундирув 2026 йилнинг август ойида амалга оширилган бўлиб, товон пулининг қолган 80 фоизи жорий йилнинг октябрь ойида давлат ҳисобидан тўлаб берилди.

Давлат томонидан қоплаб берилган ушбу маблағларнинг кейинчалик судланганлардан қайта ундирилиши ёки йўқлиги ҳозирча очиқланмаган.

«Мазкур масала бўйича яқинда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда жамоатчиликка маълумот берамиз ва матбуот анжумани ҳам ташкил этишимиз мумкин», — деган МИБ матбуот котиби Фаррух Тошпўлатов «Gazeta» билан суҳбатда.

Нашрга кўра, компенсация пуллари тўлиқ ташлаб берилганидан сўнг, 25 октябрдан бошлаб Тошкентдан юборилган масъуллар ва тиббиёт ходимлари жойлардаги ногиронлик орттирган болаларнинг хонадонларига ташриф буюришни бошлаган. Келган вакиллар мазкур жараён бевосита президент назоратида эканини таъкидлаган.

Хусусан, шуманайлик жабрланувчи Шаҳрам Абатбаевнинг отасига кўра, уларнинг уйига ва бола даволанаётган шифохонага вакиллар келган. Улардан бири ўзини Тошкентдаги Болалар миллий тиббиёт маркази шифокори деб таништириб, пойтахтда даволаниш учун чипта ва шифохонага ётқизиш масалалари ҳал қилиб берилишини билдирган.

Хўжайлилик Умида Тажимуратованинг хонадонига эса ЛОР шифокорлар бориб, беморни кўрикдан ўтказган. Оила аъзоларининг маълум қилишича, Тошкентдан келган вакиллар маҳаллий патронаж ҳамшираларига шу вақтгача бемордан хабар олмагани учун эътироз билдирган ва қизни 4 ноябрь куни Тошкентга олиб кетишни режалаштирган.

26 октябрь куни бухоролик Мухторжон Раҳмоновнинг хонадонига ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари ташриф буюрган. Боланинг отаси берган маълумотларга кўра, дори асорати оқибатида фарзандининг эшитиш ва кўриш қобилияти йўқолган. Хориждаги муолажалар ҳам ёрдам бермаган бўлиб, энди тўлаб берилган компенсация пули ҳисобидан болага 20 минг АҚШ доллари қийматидаги имплант ўрнатилиши мақсад қилинган. Худди шу куни сирдарёлик жабрланувчи Мансурбек Кемамовнинг отаси ҳам фарзандининг соғлиғидан хабар олиш учун ҳокимлик, ССВ ҳамда телевидение вакиллари келиши кутилаётганини айтган.

«Док-1 Макс» фожиаси ва суд жараёнлари

Ҳиндистоннинг «Marion Biotech» компанияси ишлаб чиқарган ва «Quramax Medical» МЧЖ орқали Ўзбекистонга келтирилган «Док-1 Макс» ҳамда «Амбронол» йўтал сироплари 2022 йилнинг куз-қиш ойларида оммавий заҳарланишларга сабаб бўлган эди. Таркибида заҳарли этиленгликоль ва диэтиленгликоль моддалари аниқланган мазкур дорилар оқибатида 68 нафар бола вафот этгани ва 18 нафари оғир даражадаги ногиронлик орттиргани суд ҳукми билан тасдиқланган, кейинроқ 2024 йил 18 ноябрда Учтепа туман суди қарори билан яна 5 нафар бола (жумладан, Мансурбек Кемамов) расман жабрланувчилар рўйхатига қўшилган.

Кенг кўламли тергов ва суд ишлари якунида жами 23 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди. Жумладан, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ директори Сардор Кариев 18 йилга, «Quramax Medical» корхонасининг собиқ раҳбари Сингҳ Рагҳвендра Пратар эса 20 йилга озодликдан маҳрум этилиб, ушбу судланганларнинг мол-мулклари хатланди ҳамда жабрланувчиларга товон пулларини тўлаш мақсадида сотувга қўйилди.

Суд ҳукмига кўра, айбдорлардан вафот этган болаларнинг оилаларига 1 миллиард сўмдан, ногиронлик орттирганларга эса соғлиғини тиклаш учун 200 миллион сўмдан 1 миллиард сўмгача компенсация ундирилиши белгиланган эди. Бироқ, тўловлар фақат хатланган мол-мулкларни сотиш ҳисобидан амалга оширилгани сабабли, жараён 3 йилга чўзилди ва оғир аҳволдаги фарзандларининг муолажалари учун маблағ тополмаган ота-оналар турли инстанцияларга, хусусан, 2025 йилнинг октябрь ойида давлат раҳбарига ҳам мурожаат қилишга мажбур бўлди.

Теглар

Мавзуга оид

«Док-1 Макс» жабрланувчиларига товон пули давлат томонидан тўлиқ тўлаб берилди | Vaqt.uz