Logo

Дунё Хитойга қарши бирлашадими? АҚШ ва Европага «глобал харидорлар клуби»ни тузиш таклиф қилинди

Кеча 19:046 дақиқа

Таҳлилчиларнинг фикрича, Хитой экспортдан қурол сифатида фойдаланмоқда ва алоҳида давлатларнинг чекловлари бунга бас кела олмаяпти.

Дунё Хитойга қарши бирлашадими? АҚШ ва Европага «глобал харидорлар клуби»ни тузиш таклиф қилинди © Foto: reuters

Хитойнинг жаҳон савдосидаги мавқеи тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Мамлакат автомобиллар, электроника, саноат ускуналари, аккумуляторлар ва бошқа маҳсулотлар экспортини кенгайтиряпти. Ҳатто АҚШ билан савдо зиддиятлари кучайган пайтда ҳам Пекин ташқи бозорлардаги улушини оширишда давом этмоқда.

 

Бундан хавотирга тушган давлатлар ҳозирча алоҳида савдо чекловлари жорий этиш билан чекланмоқда. АҚШ Хитой товарларига божларни ошираётган бўлса, Европа Иттифоқи айрим маҳсулотларга нисбатан антидемпинг чораларини қўлламоқда. Бироқ Хитой компаниялари ўз товарларини бошқа бозорларга йўналтириш орқали бу чекловларнинг таъсирини қисман юмшатмоқда.

 

«Council on Foreign Relations» (CFR) таҳлил маркази вице-президенти Шеннон К. О’Нил бу вазиятдан чиқишнинг бошқа йўлини таклиф қилди. Унинг 2026 йил 17 ноябрда «Bloomberg Opinion»да эълон қилинган мақоласида айтилишича, АҚШ Хитойнинг экспорт устунлигига қарши ёлғиз курашмаслиги керак. Бунинг ўрнига дунёнинг йирик истеъмол бозорларини бирлаштириш лозим.

 

Муаллиф бу ғояни «глобал харидорлар клуби» деб атайди. Унинг фикрича, АҚШ, Европа, Япония, Жанубий Корея, Канада ва Австралия каби йирик бозорлар умумий савдо сиёсати бўйича келишиб олса, Хитойнинг ташқи бозорларга таъсирини чеклаш имконияти пайдо бўлади.

 

Хитой экспорти рекорд даражага етди

 

«Глобал харидорлар клуби» ғояси пайдо бўлишининг асосий сабаби — Хитой ташқи савдосидаги кескин номутаносибликдир. Мамлакат экспорт ҳажмини шиддат билан ошираётган бир пайтда, импорт ўсиши анча секин кечмоқда.

 

Европа комиссиясининг 2026 йил 17 ноябрда эълон қилган кузги иқтисодий прогнозига кўра, Хитой 2025 йилда 3,77 трлн долларлик товар экспорт қилган. Бу бир йил аввалгига нисбатан 5,5 фоизга кўп. Импорт эса 2,58 трлн долларни ташкил этган. Натижада товарлар бўйича ташқи савдо профицити 1,19 трлн долларга етиб, 2024 йилга қараганда 19,8 фоизга ошди ва илк бор 1 трлн долларлик чегарадан ўтди.

 

2026 йилда ҳам ўсиш суръати пасаймади. Хусусан, сентябр ойида Хитой экспорти йиллик ҳисобда 36,3 фоизга кўпайиб, 447,2 млрд долларга етди. Шу ойнинг ўзида ташқи савдо профицити 133,5 млрд долларни ташкил қилди — бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 50,5 фоизга юқори. 2026 йилнинг январ–сентябр ойларидаги умумий профицит эса 938,1 млрд долларга етди. Европа комиссияси бу суръат сақланиб қолса, Хитой 2025 йилдаги рекордни ҳам янгилаши мумкинлигини қайд этган.

 

Хитой экспортининг бундай ўсишига бир нечта омил сабаб бўлмоқда. Европа комиссияси улар орасида мамлакатнинг ишлаб чиқариш рақобатбардошлиги, саноат сиёсати ва харажатлар бўйича устунлигини алоҳида кўрсатган. Шу билан бирга, ички талабнинг сустлиги ва импортнинг секин ўсиши профицитни янада кенгайтирмоқда.

 

АҚШ Федерал захира тизими иқтисодчилари ҳам 2026 йил март ойидаги таҳлилида Хитой экспорти энди фақат арзон истеъмол товарлари билан чекланмаётганини таъкидлаган. Мамлакат кийим-кечак ва тўқимачилик маҳсулотлари билан бир қаторда автомобил, машинасозлик, кимё ва юқори технологияли маҳсулотлар экспортида ҳам улушини оширмоқда. Муаллифларга кўра, бунда Хитойнинг саноат сиёсати муҳим рол ўйнаган, аммо ишлаб чиқариш самарадорлиги, инновациялар ва валюта курси ўзгариши ҳам катта таъсир кўрсатган.

 

«Глобал харидорлар клуби» қандай ишлаши керак?

 

Шеннон О’Нил таклифининг асосий моҳияти — Хитой билан рақобатда фақат ишлаб чиқариш имкониятларига эмас, балки истеъмол бозорининг ҳажмига ҳам таянишдир.

 

Муаллиф ҳисоб-китобига кўра, АҚШнинг ўзи жаҳон истеъмол харажатларининг тахминан учдан бир қисмини ташкил этади. Агар унга Европа, Япония, Жанубий Корея, Канада ва Австралия қўшилса, бирлашган бозор улуши жаҳон истеъмолининг ярмидан ошади. Бу гуруҳга Бразилия, Мексика, Ҳиндистон, Буюк Британия ва Аргентина ҳам киритилса, улуш учдан икки қисмдан кўпроққа етиши мумкин.

 

О’Нил таклиф қилаётган механизм қуйидаги йўналишларни ўз ичига олади:

  • Аъзо давлатлар муайян товарлар импорти бўйича умумий савдо сиёсатини келишиб олиши;

  • Демпинг ва давлат субсидиялари ҳисобига арзонлаштирилган маҳсулотларга қарши мувофиқлаштирилган божлар ва чекловлар қўллаши;

  • Айрим товарларга квота ёки импорт тақиқларини жорий этиш имкониятини кўриб чиқиши;

  • Аъзо мамлакатлар ўртасида саноат инвестицияларини кўпайтириш ва субсидия сиёсатини мувофиқлаштириш.

 

Муаллиф фикрича, бундай ҳамкорлик давлатларнинг Хитой билан музокаралардаги мавқеини кучайтиради. Чунки бир вақтнинг ўзида бир нечта йирик истеъмол бозоридан айрилиш хавфи Хитой компаниялари учун жиддий босимга айланади. Бундан ташқари, арзон Хитой товарларидан воз кечиш инфляцияни ошириши мумкин, аммо йирик бозорлар ишлаб чиқариш занжирларини ўзаро мувофиқлаштирса, кўлам ва ихтисослашув ҳисобига бу салбий таъсирни юмшатиш мумкин.

 

Хитой экспортни ташқи сиёсат воситаси сифатида ишлатяптими?

 

«Bloomberg» муаллифи Хитойнинг ишлаб чиқаришдаги устунлиги шунчаки иқтисодий рақобат эмас, балки ташқи сиёсат воситасига айланаётганини таъкидлайди.

 

О’Нил мисол сифатида 2010 йилда Япония билан юзага келган дипломатик можарони эслайди. Ўшанда Япония соҳил қўриқлаш хизмати Хитой кемаси капитанини ҳибсга олгач, Хитойдан Японияга камёб ер металлари экспорти кескин чекланган эди. OECDнинг 2024 йилги тадқиқотида ҳам 2010 йил октябр–ноябр ойларида етказиб бериш кескин камайгани, можаро юмшагач, декабрда савдо қайта тиклангани қайд этилган.

 

Камёб ер элементлари электроника, электромобиллар, шамол турбиналари, самолёт двигателлари ва мудофаа саноати учун муҳим хомашё ҳисобланади. Уларни қайта ишлашда Хитойнинг улуши жуда катта.

 

Бу восита 2025 йилда АҚШ билан савдо зиддиятлари пайтида ҳам ишга солинди. Апрел ойида Хитой самарий, гадолиний, тербий, диспрозий, лютеций, скандий ва иттрий билан боғлиқ етти тоифадаги камёб ер маҳсулотларига экспорт назоратини ўрнатди. Чекловлар фақат АҚШга эмас, барча давлатларга экспорт лицензиялари орқали татбиқ этилди. «Reuters» маълумотига кўра, Хитой ушбу элементларни қайта ишлаш бозорининг тахминан 90 фоизини назорат қилади. Шу сабабли лицензияларнинг чекланиши автомобилсозлик, электроника ва мудофаа саноатида таъминот узилиши хавфини юзага келтирди.

 

Шу билан бирга, АҚШнинг ўзи ҳам Хитойга нисбатан экспорт чекловларини қўллаб келмоқда. 2019 йилдан буён айрим Хитой компанияларига Америка дастурий таъминоти ва микрочипларини сотиш чекланган. 2022 йилда эса энг илғор яримўтказгичлар ва уларни ишлаб чиқариш ускуналарини Хитойга экспорт қилишга янада кенгроқ тақиқлар киритилди. Савдо ва технологик чекловлар икки давлат муносабатларининг ажралмас қисмига айланган.

 

Пўлат бозорида биринчи қадамлар ташланган

 

О’Нил таклиф этаётган кенг қамровли клуб ҳали йўқ. Бироқ унинг фикрича, айрим давлатлар ўртасидаги амалдаги ҳамкорлик бу ғоя учун дастлабки пойдевор бўла олади.

 

2026 йил 30 сентябрда АҚШнинг Милуоки шаҳрида G20 савдо вазирлари учрашуви доирасида пўлат ишлаб чиқаришдаги ортиқча қувват муаммоси муҳокама қилинди. Унда АҚШ, Европа Иттифоқи, Япония, Жанубий Корея ва бошқа давлатлар иштирокида «Milwaukee Framework» деб номланган ҳамкорлик механизми қабул қилинди.

 

OECD маълумотига кўра, жаҳон пўлат ишлаб чиқаришидаги ортиқча қувват 2024 йилда 601 млн тоннани ташкил этган. 2028 йилга бориб бу кўрсаткич 745 млн тоннага етиши прогноз қилинмоқда. Бунда Хитойнинг улуши катта: 2025 йилнинг учинчи чорагида жаҳондаги пўлат қуввати ва талаб ўртасидаги тафовутнинг 54 фоизи айнан Хитой ҳиссасига тўғри келган. Мамлакатнинг пўлат экспорти 2025 йилда рекорд даражага — 131 млн тоннага етди, бу 2020 йилга нисбатан 153 фоизга кўп.

 

«Milwaukee Framework» доирасида давлатлар ортиқча қувватларга қарши биргаликда курашиш, бозорни бузувчи субсидияларни чеклаш, импортни назорат қилиш ва савдо қоидалари бузилишининг олдини олишга келишиб олди.

Теглар

Мавзуга оид

Дунё Хитойга қарши бирлашадими? АҚШ ва Европага «глобал харидорлар клуби»ни тузиш таклиф қилинди | Vaqt.uz