
Экология инспектори «Орамиздаги қаҳрамон» деб эътироф этилди
Бувайда туманида экологик назорат бўйича хизмат вазифасини бажарган инспектор Аҳроржон Ниёзов «Юксалиш» ҳаракати томонидан 2025 йилнинг «Орамиздаги қаҳрамони» деб эътироф этилди.

Фарғона вилояти Бувайда туманида экологик назорат жараёнида ўз хизмат бурчини адо этган Экология қўмитаси инспектори Аҳроржон Ниёзов жамоатчилик ва мутахассислар томонидан юқори баҳоланди. У қонуний текширув ўтказиш мақсадида ҳолат жойига етиб боргани учун «Орамиздаги қаҳрамони» сифатида эътироф этилди.

Маълумот учун, Экология қўмитаси инспектори Ахроржон Ниёзов аҳоли мурожаати асосида ҳолат жойига бориб, ноқонуний дарахт кесилишини аниқлаган ва ҳолатни расмийлаштирмоқчи бўлган.
Аммо унинг қонуний фаолиятига туман ҳокими ўринбосари Сайиджон Хидиров томонидан зўравонлик йўли билан қаршилик қилинган. Гувоҳларнинг айтишича, вазифасини бажараётган инспектор аввал асоссиз калтакланган, кейин эса миллий гвардия ва ИИБ ходимлари ёрдамида куч билан ҳудуддан олиб чиқилиб, туман ички ишлар бўлимига олиб кетилган.
Рейд давомида туманнинг Найман МФЙ ҳудудидаги зовур атрофида ноқонуний дарахт кесиш ҳолати тасдиқланган. 26 тўп кам қимматли дарахтнинг қонунга хилоф равишда кесилгани аниқланган. Унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми бўйича баённома тузилиб, 10,3 миллион сўм жарима ҳамда 45,8 миллион сўмлик атроф-муҳитга етказилган зарар ҳисоблаб чиқилган.
Аҳроржон Ниёзовнинг хизмат бурчига сидқидилдан ёндашгани ва қонуний назоратни амалга оширишда принципиаллик кўрсатгани учун у «Юксалиш» ҳаракати томонидан «Орамиздаги қаҳрамон» сифатида тақдирланди.





