Logo

Энди БҲМнинг 400 бараваридан ошадиган товарларни нақд пулга олиб бўлмайди

Янги тартиб аллақачон кучга кирган. Лекин сентябрда базавий ҳисоблаш миқдори ошади. Олдин 25 млн сўмдан ошадиган товар ва хизматлар учун тўловларни нақд шаклда амалга ошириш тақиқланган эди.

Энди БҲМнинг 400 бараваридан ошадиган товарларни нақд пулга олиб бўлмайди © vaqt.uz

Ўзбекистонда базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваридан ошадиган товар ва хизматлар учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга ошириладиган бўлди. Бу ҳақда президентнинг 28-августда кучга кирган фармонида белгиланган.

2026-йил 1-сентябрдан базавий ҳисоблаш миқдори 412 минг сўмдан 440 минг сўм ошади, шундай экан, БҲМнинг 400 баравари сентябрдан эътиборан 176 млн сўмга тенг бўлади.

Олдин бу миқдор 25 миллион сўмни ташкил этганди. Гап шундаки, жорий йил 1-апрелдан қиймати 25 млн сўмдан ошадиган товар ва хизматлар учун тўловларни нақд шаклда амалга ошириш тақиқланган эди.

Энди тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга ошириладиган товар ва хизматлар рўйхати қуйидагича:

давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар;

электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар (бундан банк кассалари орқали амалга ошириладиган тўловлар мустасно);

алкогол ва тамаки маҳсулотлари;

транспорт воситаларига ёнилғи қуйиш шохобчалари орқали аҳолига нефт-газ маҳсулотларини сотиш ва электрда ҳаракатланадиган транспорт воситаларини зарядлаш бўйича хизматлар;

қиймати БҲМнинг 400 бараваридан ошадиган товар ва хизматлар (бундан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мустасно);

кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифага кирувчи транспорт воситалари ҳамда махсус автотранспорт воситаларининг олди-сотдиси.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1-июндан меҳмонхона ва умумий овқатланиш корхоналарида алкогол ва тамаки маҳсулотларини нақд пулга сотишга рухсат берилганди.


Теглар

Мавзуга оид