Logo

Энди пешлавҳалар реклама ҳисобланмайди

Бугун 12:052 дақиқа

Ўзбекистонда тадбиркорлар ташқи пешлавҳа учун ортиқча ҳужжат расмийлаштиришдан озод этилди. Юридик шахслар ўзига тегишли транспорт воситаларига товар белгиси, фаолият тури ҳамда маҳсулот ва хизматлари ҳақидаги рекламани соддалаштирилган тартибда жойлаштириши мумкин бўлади.

Энди пешлавҳалар реклама ҳисобланмайди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Тошкентда тадбиркорлар норозилигига сабаб бўлган пешлавҳаларни ташқи рекламага тенглаштириш амалиётига чек қўйилди. Вазирлар Маҳкамасининг 13-октябрдаги қарорига кўра, тадбиркор ўз фаолияти юритилаётган бинонинг кириш қисмига жойлаштирган номи ва фаолият тури ҳақидаги ахборот ташқи реклама объекти ҳисобланмайди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.

Янги тартиб фирма номи, товар ёки хизмат кўрсатиш белгиси кўрсатилган пешлавҳаларга ҳам тааллуқли. Энди улар учун реклама жойининг паспортини расмийлаштириш талаб этилмайди.

Қарор тадбиркорлар зиммасидаги маъмурий юкни камайтиришга қаратилган. Бироқ ўзгариш ташқи рекламага оид барча талаблар бекор қилинганини англатмайди: пешлавҳа билан реклама конструкцияси ўртасидаги фарқ сақланиб қолади.

Дизайн-код учун янги талаблар

Қарорда шаҳар дизайн-кодини қабул қилиш тартиби ҳам белгиланди. Бундан буён тегишли қарорлар жамоатчилик муҳокамасидан, жумладан, regulation.gov.uz портали орқали муҳокамадан ўтгандан кейингина қабул қилинади.

Қабул қилинган қарорлар эълон қилинганидан уч ой ўтгач кучга киради. Бу тадбиркорларга янги талабларга тайёрланиш учун вақт беради ва қоидаларнинг кутилмаганда ўзгариши хавфини камайтиради.

Тошкент шаҳрининг дизайн-коди 10-декабргача тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари иштирокида муҳокама қилиниши белгиланган. Шунингдек, рўйхатдан ўтган товар белгисидан фойдаланиш имконияти сақланиши шарт.

Демонтаж ва реклама тартиби

Ташқи реклама объектларини мажбурий демонтаж қилиш учун ҳам аниқ талаблар жорий этилди. Демонтаж санаси ва вақти ҳақида камида икки кун олдин веб-сайтда эълон берилиши, объект эгасига эса ёзма хабар юборилиши керак. Ишлар фақат иш кунлари соат 09:00 дан 18:00 гача ўтказилади.

Демонтаж вақтида эгаси иштирокида далолатнома тузилади. Унда сана, вақт, демонтаж сабаби, фотосуратлар ва конструкция сақлаш учун юборилган манзил кўрсатилиши лозим. Тадбиркорга тегишли қарор ва хабарномалар унинг юридик манзилига ҳам ёзма равишда юборилади.

Қисқа муддатли реклама қурилиш объектида қурилиш тугагунча, байрам ва тадбирлар муносабати билан эса 30 кунгача жойлаштирилиши мумкин. Жамоатчилик назорати «Халқ назорати» электрон портали орқали амалга оширилади.

Юридик шахслар ўзларига тегишли автомобилларга товар белгиси, фаолият тури, маҳсулот ёки хизматлар ҳақидаги маълумотларни соддалаштирилган тартибда жойлаштириши мумкин. Бунинг учун ЯИДХП орқали электрон хабарнома юборилади. Тизим реклама жойи паспортни автоматик шакллантиради ва бу хизмат учун йиғим ундирилмайди.

Хабарномада нотўғри маълумот ёки бошқа шахсга тегишли товар белгиси аниқланса, паспорт бекор қилиниши мумкин. Паспортдан ихтиёрий воз кечиш учун ҳам ЯИДХП орқали ариза бериш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ташқи реклама учун электр тўловидаги уч карра тарифни бекор қилиш таклиф этилганди.

Теглар

Мавзуга оид