Logo

Эрта никоҳ учун белгиланган жарималар миқдори оширилди

Бугун 21:102 дақиқа

Энди вояга етмаган шахс билан никоҳ муносабатига киришганлар 6,6 миллион сўмгача, фарзандини эрта турмушга берган ота-оналар 11 миллион сўмгача, расмий қайд этилмаган диний никоҳни ўтказганлар эса 22 миллион сўмгача жарима тўлайди.

Эрта никоҳ учун белгиланган жарималар миқдори оширилди

Ўзбекистонда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш ва уларнинг таълим олиш ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида эрта никоҳ ҳамда қонуний қайд этилмаган шаръий никоҳлар учун жавобгарлик чоралари сезиларли даражада оғирлаштирилди. 2026 йил 14 октябрда имзоланган янги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47.3-моддасига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Қонунчиликдаги янгиланишлар натижасида молиявий жавобгарлик сезиларли даражада ошди ва жарималар миқдори қуйидагича кўриниш олди:

• Вояга етмаганлар билан никоҳ муносабатларига киришиш: Никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқий никоҳ муносабатларига киришганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 10 бараваридан 15 бараваригача, яъни 4,4 миллион сўмдан 6,6 миллион сўмгача жарима белгиланди. (Аввал бу кўрсаткичнинг энг юқори чегараси БҲМнинг 10 бараварини ташкил этарди).

• Ота-оналар ва қонуний вакиллар жавобгарлиги: Фарзандини вояга етмасдан турмушга берган ёки уйлантирган ота-оналар эндиликда БҲМнинг 20 бараваридан 25 бараваригача — 8,8 миллион сўмдан 11 миллион сўмгача жаримага тортилади. (Олдинги таҳрирда жарима миқдори БҲМнинг 15 бараваригача эди).

• Норасмий диний маросимларни ўтказиш: ФҲДЁ органларида расмий қайд этилмаган ҳолда диний маросим (шаръий никоҳ) ўтказганлик, хусусан, бу ишни 18 ёшга тўлмаган шахслар иштирокида амалга оширган диний вакиллар ёки бошқа шахслар учун энг оғир молиявий жазо — БҲМнинг 30 бараваридан 50 бараваригача, яъни 13,2 миллион сўмдан 22 миллион сўмгача жарима белгиланди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун тенг — 18 ёш этиб белгиланган. Қонунчиликка кўра, фақатгина ҳомиладорлик ёки фарзанд туғилиши каби узрли сабаблар мавжуд бўлгандагина, туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга (17 ёшгача) қисқартиришга рухсат берилади. Қолган барча ҳолатларда 18 ёшга тўлмаган шахсларни турмушга бериш қонунан ман этилади.

Теглар

Мавзуга оид