Футбол «ўлиб», бизнес ғолиб бўлмоқдами? ФИФА 2030 йилги мундиалда ҳам ўйинларни реклама учун тўхтатиши мумкин
Футболчилар саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида жорий этилган уч дақиқалик сув ичиш танаффуслар қисқа вақт ичида телекомпаниялар учун мисли кўрилмаган даромад манбаига айланди. 2030 йилги Жаҳон чемпионатининг трансляция ҳуқуқлари учун кураш бошланган бир пайтда, ушбу амалиётнинг тақдири яна кун тартибига чиқди.
© Foto: bbcФутбол мухлислари учун ўйиннинг энг қизиқ палласида ҳакам ҳуштак чалиб, учрашувни тўхтатиши энди одатий ҳолга айланиши мумкин. 2026 йилги Жаҳон чемпионатида илк бор барча ўйинларда мажбурий қўлланган уч дақиқалик сув ичиш танаффуслари 2030 йилги мусобақада ҳам сақланиб қолиши эҳтимоли пайдо бўлди.
Британиянинг «The Guardian» нашри эълон қилган суриштирувга кўра, Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) 2030 йилги Жаҳон чемпионати телевизион ҳуқуқлари бўйича тендер ҳужжатларини тайёрлаган. Унда трансляция ҳуқуқини қўлга киритувчи компанияларга сув ичиш танаффуслари вақтида реклама сотиш имконияти назарда тутилган.
Бу танаффуслар кейинги чемпионатда ҳам қўлланиши мумкинлигини кўрсатади. Бироқ ФИФА уларни 2030 йилги мусобақада сақлаб қолиш бўйича ҳали якуний қарор қабул қилмаганини билдирган. Федерация вакилларининг таъкидлашича, тендер ҳужжатлари барча эҳтимолий вариантларни қамраб олиш учун тузилган.
2026 йилда футбол учрашувлари нима учун тўхтатила бошланди?
Сув ичиш танаффуслари 2026 йилги Жаҳон чемпионатида биринчи марта барча учрашувлар учун мажбурий тартибда жорий қилинди. ФИФАнинг 2025 йил 7 декабрдаги расмий эълонига кўра, ҳар бир бўлимнинг 22-дақиқасида ҳакам ўйинни тўхтатиб, футболчиларга уч дақиқа дам олиш ва сув ичиш имкониятини бериши белгиланган эди.
Бу тартиб об-ҳаво шароитига боғлиқ бўлмаган. Яъни ўйин қайси мамлакатда, қандай ҳароратда ёки ёпиқ томли стадионда ўтказилишидан қатъи назар, танаффуслар барча 104 та учрашувда қўлланган. ФИФА бу қарорни футболчилар саломатлигини ҳимоя қилиш ва барча жамоалар учун тенг шароит яратиш зарурати билан изоҳлаган.
Бундай танаффусларнинг жорий этилишига 2025 йилда АҚШда ўтказилган клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида кузатилган жазирама ҳам туртки бўлган. «The Guardian» маълумотига кўра, ўша мусобақада ўйинларнинг қарийб 60 фоизида иссиқлик туфайли тўхталишлар кузатилган. 2026 йилги Жаҳон чемпионатида эса 104 та учрашувнинг 31 таси иқлим назорат қилинадиган стадионларда ўтказилганига қарамай, сув ичиш танаффуслари барча ўйинларга татбиқ этилди.
Футболчилар саломатлиги ёки телетрансляциялардан қўшимча даромад?
Сув ичиш танаффуслари атрофидаги асосий баҳс шундаки, улар футболчилар учун зарур тиббий чора бўлиш билан бирга, телекомпанияларга қўшимча реклама вақти ҳам яратиб берди. 2026 йилги мусобақада ҳар бир ўйинда икки марта уч дақиқадан танаффус берилди. Натижада трансляция давомида жами олти дақиқа қўшимча реклама жойлаштириш имконияти пайдо бўлди.
Айниқса, АҚШдаги трансляция ҳуқуқини сотиб олган «Fox Sports» бу имкониятдан фаол фойдаланди. Компания футболчилар сув ичиб, мураббийлар кўрсатма бераётган вақтда тўлиқ экранли рекламаларни эфирга узатди.
Бундай амалиёт мухлисларнинг кескин норозилигига сабаб бўлди. Масалан, Мексика ва Жанубий Африка ўртасидаги учрашувда ҳакам голдан кейин сув ичиш танаффусини эълон қилди. «Fox Sports» рекламани узатаётган пайтда ўйин қайта бошланди ва трансляция тикланганида томошабинлар ўйиннинг тахминан 10 сониясини ўтказиб юборган эди.
ФИФА телекомпаниялардан ўйин қайта бошланишидан 30 сония олдин эфирга қайтишни сўраган. АҚШда испан тилидаги ҳуқуқларни олган «Telemundo» эса танаффуслар вақтида тўлиқ экранли рекламага ўтиш ўрнига студияга қайтган. Бу ҳолат сув ичиш танаффуслари нафақат спортчилар, балки трансляция ҳуқуқини сотиб олган компаниялар учун ҳам йирик тижорий имкониятга айланганини кўрсатди.
Реклама орқали қанча пул ишлаш мумкин?
Сув ичиш танаффусларининг тижорий қиймати 2026 йилги мусобақада яққол намоён бўлди. «Sports Business Journal» 2026 йил 23 июнда «The Hollywood Reporter» маълумотларига таяниб эълон қилган таҳлилда, «Fox Sports» фақат шу танаффуслардаги рекламалардан камида 250 млн доллар даромад олиши мумкинлиги билдирилган. Бошқа ҳисоб-китобларда бу сумма 500–600 млн долларгача баҳоланган.
Таҳлилда бир учрашув давомидаги олти дақиқалик танаффуслар учун реклама нархи 2,5–9 млн доллар оралиғида кўрсатилган. 30 сониялик реклама ролигининг нархи эса ўйин иштирокчилари ва мусобақа босқичига қараб 200 минг доллардан 750 минг долларгача етган.
Шу билан бирга, «Guideline» маълумотларига кўра, «Fox»нинг 2026 йилги Жаҳон чемпионатидаги умумий реклама тушуми 835 млн долларни ташкил этган. Бу компания ФИФАга телевизион ҳуқуқлар учун тўлаган 485 млн доллардан қарийб икки баравар кўп. «Fox» ва «Telemundo»нинг биргаликдаги реклама тушуми эса 1,19 млрд долларга етган — бу 2022 йилда Қатарда ўтказилган чемпионатга нисбатан қарийб уч баравар юқори.
Муҳим жиҳати шундаки, 835 млн ва 1,19 млрд долларлик рақамлар фақат сув ичиш танаффусларидан тушган пул эмас, балки турнир давомидаги умумий реклама даромадларидир.
2030 йилги чемпионатда телевизион ҳуқуқлар учун рақобат кучаяди
Сув ичиш танаффусларининг 2030 йилда ҳам сақланиши эҳтимоли ФИФАнинг телевизион ҳуқуқларни сотиш режалари билан бевосита боғлиқ.
2030 йилги Жаҳон чемпионати Марокаш, Испания ва Португалияда ўтказилади. Мусобақанинг 100 йиллиги муносабати билан Аргентина, Парагвай ва Уругвайда ҳам учта юбилей учрашуви ташкил этилади. Жами 104 та ўйин режалаштирилган.
ФИФА 2026 йил 22 октябрда АҚШ ва Пуэрто-Рико бозорида 2030 ва 2034 йилги Жаҳон чемпионатлари учун телевизион ҳуқуқлар тендерини очди. Таклифларни қабул қилишнинг биринчи босқичи 19 ноябрда якунланади.
«The Guardian» маълумотига кўра, АҚШ бозорида 2030 йилги чемпионатнинг телевизион ҳуқуқлари 1,5–2 млрд долларга баҳоланиши мумкин. Нашр манбаларига кўра, тендерга «Netflix», «Apple TV», «Disney», «Amazon», «YouTube», «DAZN», «Fox», «ESPN» ва «NBC Universal» каби йирик компаниялар қизиқиш билдирган.
Яна бир муҳим ўзгариш — ФИФА АҚШ бозорида инглиз ва испан тилларидаги трансляция ҳуқуқларини илк бор биргаликда таклиф қилмоқда. Бу битта компанияга ҳар икки тилдаги ҳуқуқларни эксклюзив сотиб олиш имконини беради. 2026 йилги чемпионатда эса ҳуқуқлар алоҳида сотилган эди: «Fox Sports» инглиз тилидаги трансляциялар учун 485 млн доллар, «NBC Universal» таркибидаги «Telemundo» эса испан тилидаги трансляциялар учун 600 млн доллар тўлаган.
Испанияда эса 2030 йилги чемпионатнинг барча 104 та учрашувини трансляция қилиш ҳуқуқини «Netflix» қўлга киритди. Бу келишув 2026 йил 13 октябрда эълон қилинди. Компания Андорра бозорида ҳам эксклюзив ҳуқуқларга эга бўлади. Бироқ Испания қонунчилигига кўра, мамлакат терма жамоасининг барча ўйинлари, ярим финаллар, финал ва ҳар бир ўйин кунида камида битта учрашув бепул телеканалда ҳам намойиш этилиши шарт. Шу сабабли «Netflix» маҳаллий бепул телеканал билан ҳамкорлик қилиши керак бўлади. Бу келишув спорт трансляциялари бозорида стриминг платформаларининг мавқеи тобора кучайиб бораётганини кўрсатади.
ФИФА реклама даромадидан улуш оладими?
2026 йилги чемпионатда сув ичиш танаффуслари вақтидаги рекламалардан ФИФА бевосита даромад олмаган — маблағлар трансляция ҳуқуқини сотиб олган телекомпанияларга тушган.
Бироқ 2030 йилги чемпионатда вазият ўзгариши мумкин. «The Guardian» таҳлилига кўра, ФИФА янги тендерда реклама имкониятини инобатга олиб, телевизион ҳуқуқлар нархини оширишга уриниши эҳтимолдан холи эмас. Ҳатто ташкилот реклама даромадларидан ўз улушини олишни ҳам кўзлаши мумкин. Аммо бу ҳозирча журналистик тахмин бўлиб, бундай тартиб расман эълон қилинмаган.





